A+ R A-

Юзма-юз

Сизда «On-line» карточками..?

— “On-line” тизимидаги пластик карталарни барча савдо дўконларида ҳам қабул қилишмаяпти.

Саволимизга эса сотувчилар: “Ишламаяпти” ёки “Бизда “онлайн”ни қабул қилиш имконияти йўқ”, дея жавоб беришади. Бундай ноқулайликлар қачон бартараф этилади?

Т. ҲОЖИЕВ.
Ҳамза тумани

— “Оn-linе” режимида ишлайдиган пластик карточкалар билан тўловлар Ягона умумреспублика процессинг маркази, банклар ва мижозлар ўртасидаги алоқа каналлари орқали бажарилади. Бунинг учун эса чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари дастлаб “DUET” (“Off-line”) тўлов тизимидаги ҳисоб-китоб терминаллари ҳамда алоқа ускуналарини янги дастурий таъминотга боғлашлари зарур.
Бироқ янги дастур таъминотига эга бўлса-да, айрим савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари раҳбарлари бу ускуналарни ўз вақтида ўрнатишни пайсалга солишаяпти.
Шунингдек, Президентимизнинг 2010 йил 19 апрелдаги “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланиши керак бўлган чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш талабларига қатъий риоя этиши шарт.
Агар савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан турли баҳоналар билан пластик карточкаларни тўловга қабул қилмаслик ҳолатлари учраса, пластик карточка эгалари ўзларининг қонуний ҳуқуқларини талаб қилиб, республикамизнинг ҳар бир туман ва шаҳар солиқ идораларида ташкил этилган “Ишонч телефонлари”га мурожаат қилишлари мумкин.

М. МЎМИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Пул муомаласи департаменти директори.

Ёшга доир чегара йўқ
— Мамлакатимизда олий маълумот олиш бўйича  ёш чегараланганми?

С. ЙЎЛДОШЕВА.
Нукус шаҳри

— 1997 йил 29 августда 464-I-сон билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида белгиланганидек, жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, тураржойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъи назар, ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланади.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомда ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаросига олий маълумот олиш учун ёш бўйича чегара ўрнатилмаган.

М. ИНОЯТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари.

Ўзимизнинг муқобил технологиялар
— Сўнгги вақтларда қуёш, шамол ёрдамида электр энергияси ҳосил қиладиган, экологияга безарар муқобил технологиялар ҳақида кўп гапирилаяпти. Бизнинг ҳудудда ҳам шамол кўп эсади. Шу боис ана шундай жиҳозга эҳтиёжимиз бор. Мамлакатимизда уларни ишлаб чиқариш ва сотиш йўлга қўйилганми? Қаерга мурожаат қилсак бўлади?

Н. ЮСУПОВ.
Қўқон шаҳри

— Юртимизда қуёш ёки шамол ёрдамида электр энергияси ҳосил қиладиган, атроф-муҳитга безарар муқобил технологияларни ишлаб чиқариш ва сотиш йўлга қўйилган. Бундай технологияларни амалда жорий этиш учун Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қошидаги “Эко-энергия” илмий-татбиқий маркази (8-371-239-11-37) ёки “Инеллект-Диалог” масъулияти чекланган жамияти (+99898-127-60-80)га мурожаат қилишингиз мумкин.

К. СОДИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари.

Икки йилда бир маротаба
— Касаба уюшмаси томонидан берилган йўлланма билан санаторийга борган киши ўша йилнинг ўзида, орадан олти-етти ой вақт ўтгач, фарзандининг номига ажратилган санаторий йўлланмасидан яна фойдаланиши мумкинми?

Д. СОЛИЕВА.
Қўшработ тумани

— Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2013 йил 26 январдаги 9-24-сонли қарори билан тасдиқланган Йўриқномага кўра, ходим ижтимоий суғурта ёки касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан йўлланма олишидан қатъи назар, унга икки йилда бир маротаба йўлланма берилиши кўрсатиб ўтилган. Шунга мувофиқ, ходим бир йил давомида ўзи ишлайдиган корхона касаба уюшмаси ҳамда фарзанди ишлайдиган корхона касаба уюшмаси томонидан йўлланма олиши мумкин эмас.

Н. ИШАНХАНОВА,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Ижтимоий суғурта бўлими мудири.

Пенсионерларга ғамхўрлик
— Яқингача пенсионерлар бирор жойдан қўшимча даромад олишса, пенсия тўлови эллик фоизга қисқартириларди. Энди мазкур тартиб ўзгартирилиб, даромад қилган фахрийларга ҳам имкониятлар яратиб берилди, деб эшитдим. Шу гап ростми?  

А. ҲОМИДОВ.
Гулистон тумани

— Президентимизнинг 1995 йил 20 ноябрдаги ПФ-1289-сонли “Ишлаётган пенсионерларга пенсия тўлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 1996 йил 1 январдан эътиборан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари (уларга тенглаштирилган шахслар), I ва II гуруҳ ногиронлари, Чернобиль ҳалокати натижасида зиён кўрган шахслардан ташқари барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар 50 фоиз миқдорида тўланиши белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 23 апрелдаги ПФ-1990 ва 2004 йил 7 декабрдаги ПФ-3521-сонли фармонларига асосан, фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раислари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи пенсионер аёллар (ёшга доир пенсияни олганда) 100 фоиз миқдорида пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганлар.
Энди бевосита сиз айтган янгилик хусусида. Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2013 йил 26 декабрдаги Фармонига асосан, тўлиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган ишловчи пенсионерлар рўйхатига ўзгартириш киритилди. Унга мувофиқ, 2014 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишловчи ва қонунчиликда белгиланган ёшга доир энг кам пенсиядан кам даромад (гонорар, мукофот ва бошқалар) олувчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади. Масала моҳиятини аниқроқ тушунишингиз учун бир мисол келтирамиз. Дейлик, жорий йил 2 январда ёшга доир пенсия олувчи ишламайдиган пенсионер (унинг ҳар ойлик пенсия миқдори 380 800 сўмни ташкил қилади) бир марталик фуқаролик-ҳуқуқий шартномани 150 минг сўм миқдорида тузди ва у бўйича мажбуриятларини шу ой давомида бажарди. Январь ойи учун ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори 187 970 сўм миқдорида белгиланган бўлиб, шундан келиб чиқилганда, фуқаронинг даромади ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан ошмагани боис унга 380 800 сўм, яъни тўлиқ миқдорда пенсия тўланади.
Бунда ташкилот раҳбарлари пенсионер билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузилганлигини пенсионернинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ҳамда пенсия тайинлаган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликларига, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитасига 5 кунлик муддатда хабар беришлари ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий шартноманинг нусхасини тақдим этишлари шарт. Ўз навбатида, пенсионер (оиланинг бошқа аъзолари учун боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчидан ташқари) ҳам фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузилганда тегишли пенсия тайинлаган идорага (ўзининг яшаш жойидаги) бу ҳақда хабар бериши лозим.

М. ЗИЯДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг биринчи ўринбосари.

Ҳовлидаги иссиқхона
— Ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб, ҳовлимизда иссиқхона ташкил этмоқчи эдик. Айтинг-чи, мазкур фаолият учун ҳам солиқ солинадими?

И. БЕКМУРАТОВ.
Андижон тумани

— Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179-моддаси 12-бандига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг уй хўжалигида, шу жумладан, деҳқон хўжалигида етиштирилган ҳайвонларни (қорамол, парранда, мўйнали ва бошқа ҳайвонлар, балиқ ва бошқаларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда, саноатда қайта ишлашдан ташқари, табиий ва қайта ишланган чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини сотишдан олинадиган даромадларига (бундан манзарали боғдорчилик (гулчилик) маҳсулотлари мустасно) солиқ солинмайди.
Мазкур даромадлар солиқ тўловчи тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, боғдорчилик, узумчилик ёки полизчилик ширкатларининг бошқарувлари томонидан берилган, реализация қилинган маҳсулот солиқ тўловчи томонидан унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи белгиланган шаклдаги ҳужжатни тақдим этган тақдирда, солиқ солишдан озод қилинади.

О. РУСТАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари.

Декларация тўлдириш тартиби
— Хорижга саёҳатга кетаётган вақтимда тилла қўл соатим ва узугимни декларацияда кўрсатмагандим. Очиғи, уларни доим тақиб юрганим учун бу ҳатто хаёлимга ҳам келмаганди. Сафарим якунланиб, ортга қайтганимда эса ана шу қимматбаҳо буюмларимни мусодара қилишди. Ўзимники эканлигини исботлаб бера олмадим. Божхона ходимларининг ушбу хатти-ҳаракати қонунийми?

Т. АБДУЛЛАЕВА.
Шофиркон тумани

— Амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахслар ўзлари билан оғирлиги 30 гр.дан ошмаган 5 донагача қимматбаҳо металлар ва тошлардан тайёрланган заргарлик буюмларини божхона декларациясида қайд этган ҳолда бемалол олиб киришлари мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган нақд хорижий валюта, йўл чеклари, валюта, товар-моддий бойликларни ва бошқа предметларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш, оғзаки сўров вақтида божхона ходимига маълумотларни бермаслик ёхуд нотўғри маълумотлар бериш божхона қоидаларининг бузилиши ҳисобланади. Бунга йўл қўйган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
Фуқаро Абдуллаева Ўзбекистондан чиқиб кетиш вақтида бўлгани каби юртимизга қайтиб келиш чоғида ҳам қимматбаҳо тақинчоқларни декларацияда кўрсатмаган бўлиши мумкин. Оқибатда тилла соат ва узук ўрнатилган тартибда мусодара қилинган.

Б. БЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси бўлим бошлиғи.

Маблағ ва харажат
— Уй-жой мулкдорлари ширкатига тўланган аъзолик бадали эвазига улар қандай хизматларни кўрсатишга мажбур?

С. АЗИЗОВ.
Наманган шаҳри

— Уй-жой мулкдорлари ширкатларида фойдаланиш харажатлари бўйича тўловлар миқдори ҳар бир мулкдор учун уй-жой мулкдорлари ширкатининг умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланган, уйнинг умумий майдонида унга тегишли бўлган квартиранинг майдонига мувофиқ қабул қилинган йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси асосида белгиланади.
Фойдаланиш харажатларининг маблағлари уй хўжалигини сақлаш, хизмат кўрсатувчи ходимларни сақлаш, мукаммал таъмирлаш ишлари, муҳандислик коммуникациялари ва умумий фойдаланиш жойларини жорий таъмирлаш, машиналар, асбоб-ускуналар, инвентарлар ҳамда бошқа мол-мулкни тўлиқ тиклаш учун амортизация ажратмалари, шунингдек, бошқарув ходимларини сақлаш бўйича харажатларни қоплашга йўналтирилади.

О. АҲМЕДОВ,
«Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош директорининг ўринбосари.

Электрон чипта муаммони ҳал этади
— Миллий терма жамоамизнинг уй ўйинлари учун чиқариладиган чипталар “олибсотарлар” қўлига ўтиб кетадиган ҳолатлар учраб туради. Натижада нархлар сунъий равишда ошириб юборилади. Ўзбекистон Футбол федерацияси мана шундай ноқонуний фаолиятга қарши қандай чора-тадбирлар кўрмоқда?

Ф. ЙЎЛДОШЕВ.
Fузор тумани

— Миллий терма жамоамизнинг навбатдаги ўйинларига электрон чипталар тайёрланиши кўзда тутилмоқда. Шунда ўз-ўзидан “олибсотарлар”га иш қолмайди.

С. РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Футбол федерацияси биринчи вице-президенти.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года