A+ R A-

Юзма-юз

Қамрови кенгаймоқда

— Ҳозир “Uzdigital” рақамли телеканалларини пойтахтдан ташқари вилоятларга узатиш амалиёти ҳам синовдан ўтказилаётган экан. Биз, жиззахликлар бу каналларни қачондан кўра бошлаймиз?

Б. УЗОҚОВ.
Фориш тумани

— 2013 йил якунигача Жиззахнинг Қўйтош радиотелевидение станциясида рақамли телевидение узаткичи ўрнатилиши режалаштирилган. Демак, шундан сўнг мазкур вилоят аҳолиси ҳам рақамли телевидение имкониятларидан баҳраманд бўлиши мумкин.

М. МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.

«Таклифимиз бор»
— Шу кунларда мамлакатимизда “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинмоқда. Биз ҳам оила аъзоларимиз билан биргаликда “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган ана шу қонун лойиҳасини диққат билан ўқиб чиқдик. Ўз навбатида, айрим таклифлар ҳам туғилди. Айтинг-чи, уларни билдириш учун кимга ва қаерга мурожаат этишимиз лозим?

Ф. ОЛИМОВ.
Бўка шаҳри

— Аввало, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида таклиф этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилганини айтиб ўтиш жоиз.
Дарҳақиқат, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини аҳоли орасида кенг муҳокама қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирги кунгача мазкур ҳужжат лойиҳаси юзасидан ишчи гуруҳга уч мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Улар ҳисобга олиниб, умумлаштирилади, экспертлар, мутахассислар, олимлар ва жамоат ташкилотлари вакилларини жалб этган ҳолда ўрганиб чиқилади ҳамда таҳлил қилинади.
Агарда таклиф ва мулоҳазаларга эга фуқароларимиз бўлса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчилар (8 371) 230-41-56, бошқа ҳудудларда яшовчилар (8 371) 230-41-55 телефон рақамлари орқали мурожаат этишлари мумкин.
Ёзма таклифларни (8 371) 230-42-19 факс рақамига ёки Этот e-mail адрес защищен от спам-ботов, для его просмотра у Вас должен быть включен Javascript электрон почта манзилига юбориш сўралади. Шунингдек, мурожаатлар Ўзбекистон  экологик ҳаракатининг вилоят бўлинмаларида ҳам қабул қилинади.

С. САНГИНОВ,
Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари.

«Эски шаҳар»даги мазмунли машғулотлар
— Фарзандимнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида уни бирор бир тўгаракка олиб борсам, дегандим. Эшитишимча, Шайхонтоҳур туманида “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасига қарашли болалар ижодиёти маркази фаолият юритар экан. Шу муассаса ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз. Болалар неча ёшдан қабул қилинади, нималарни ўрганишади?

А. ВАҲОБОВ.
Ҳамза тумани

— “Эски шаҳар” болалар ижодиёти маркази 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда 14 ёшгача бўлган ўғил-қизларга радиоэлектроника, каштачилик, либос дизайни, зардўзлик, Шарқ миниатюраси, компьютер, чет тиллари, чизмачилик, шахмат сингари турли йўналишлар бўйича сабоқ берилади. Бунинг учун машғулот ўтиладиган хоналаримиз энг сўнгги ўқув қуроллари ҳамда жиҳозлари билан таъминланган.
Марказимиз эшиклари ота-оналар ва уларнинг фарзандлари учун доимо очиқ. Келишсин, фаолиятимиз билан яқиндан танишишсин. Маъқул бўлса,  кўмаклашишга тайёрмиз.

Т. ОЛИМОВА,
«Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси қошидаги «Эски шаҳар» болалар ижодиёти маркази директори.

Фойдаланилмаган таътил
— Аввал ишлаган йил учун фойдаланилмаган таътилдан келгуси йилда фойдаланиш мумкинми?

А. ПИРНИЯЗОВ.
Нукус шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 143-моддасига асосан, таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.
Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра, жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг ўн икки иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин. Шу йили ундан, албатта, фойдаланилмоғи лозим.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 137-моддасида кўрсатилган йиллик қўшимча таътилларни бермаслик тақиқланади.

У. ГАЗИЕВ,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг юридик бўлими мудири.

Пластик карточкангиз йўқолса...
— Пластик карточкамни йўқотиб қўйгандим. Банкка шу ҳақда мурожаат қилсам, янгисини олиш учун жарима тўлашим кераклигини айтишди. Шу тўғрими? Жариманинг аниқ миқдори белгиланганми?

М. БЕКПЎЛАТОВ.
Шовот тумани

— Президентимизнинг 2010 йил 19 апрелдаги “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 6-бандига мувофиқ, Марказий банк ва Ўзбекистон Банклари ассоциацияси томонидан “Тижорат банкларининг сўмли банк пластик карточкалари орқали мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича ягона тарифлар режаси” тасдиқланган. Шунга асосан, хизмат кўрсатувчи банк йўқотилган пластик карточка ўрнига янгисини бериш учун 5 еврогача сўм эквивалентида ҳамда йўқолган пластик карточкадаги маблағлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида у орқали амалга ошириладиган тўловларни вақтинча тўхтатиб қўйиш учун 1 минг сўм миқдорида ҳақ ундирилиши белгиланган.

У. МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари.

«Корхона ташкил этмоқчи эдим»
— Юк ташиш хизмати кўрсатадиган корхона ташкил этмоқчи эдим. Эшитишимча, юк автомобилларининг русумига қараб солиқ ставкалари белгиланаркан. Шундайми?

О. КАМОЛОВ.
Кармана тумани

— Йўқ, ундай эмас. Агар корхона микрофирма ва кичик корхоналар тоифасига кирмаса, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 23-моддасига мувофиқ, умумбелгиланган солиқларни тўлайди. Аксинча бўлса, Солиқ кодексида белгиланган тартибда ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Президентимизнинг 2012 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори 4-банди билан, 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб ягона солиқ тўловини тўловчи барча шахслар учун (чакана савдо корхоналари бундан мустасно) ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблашда ягона база — улар эгаллаб турган ер участкаси майдонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланадиган ер солиғининг уч карра миқдоридаги суммаси белгиланади.
Бунда, ягона солиқ тўловини эгаллаб турган ер участкаси майдонидан келиб чиққан ҳолда, ҳисобланадиган ер солиғининг уч карра миқдоридаги суммасидан кам бўлмаган миқдорда ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби Адлия вазирлигида 2011 йил 3 мартда 2203-сон билан рўйхатга олинган Низом асосида амалга оширилади.

О. РУСТАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари.

Шартнома тузишдаги муҳим жиҳат
— Икки-уч ой олдин Тошкент шаҳридан уй сотиб олгандим. Ҳамма расмийлаштириш ишлари, тўловлар рисоладагидек бажарилган. Ҳужжатларни нотариус тасдиғидан ҳам ўтказганмиз. Ўшанда хонадоннинг собиқ эгаси пропискасини ҳали ушбу манзилдан чиқартирмаган эди. Буни айтсам, хавотир олмаслигимни, тез орада янги уйига кўчириб ўтказишини билдирди. Аммо яқинда хорижга кетиб қолибди. Танишларидан суриштирсам, қачон қайтишини билмаймиз, дейишди. Энди мен қандай йўл тутишим керак? Бегона одамни унинг иштирокисиз пропискадан чиқартириб юбора оламанми?

Ш. СОАТОВ.
Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 488-моддасида қайд этилганидек, сотувчи сотиб олганидан кейин қонунга мувофиқ уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар яшаб турган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномасининг муҳим шарти, бу — шахсларнинг рўйхатини сотилаётган уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқлари кўрсатилган ҳолда тузишдан иборатдир.
Шунингдек, амалиётда уй-жой олди-сотди шартномалари матнида уй-жойда рўйхатда турган шахсларнинг пропискадан чиқиш муддатлари ҳам кўрсатилмоқда.
Шартноманинг мазкур банди ижро этилмаган тақдирда, белгиланган тартибда тураржойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича тегишли судга даъво аризаси билан мурожаат қилиниши мумкин.

Д. ЁҚУБОВА,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси бошлиғи.

Қайта рентген хавфли эмасми?
— Қизим оёғини синдириб олди. Ўша заҳотиёқ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалига олиб бордик. Шифокорлар рентген аппаратида кўздан кечиргач, уни гипс қилиб қўйишди. Орадан ўн-ўн беш кун ўтди. Йўлимиз тушиб, Тошкентга борганимизда кўнглимиз хотиржам бўлиши учун Травматология ва ортопедия илмий текшириш институти шифокорларига ҳам учрашдик. Бу ерда мутахассислар қизимнинг оёғини яна аппаратга туширишди. Ҳаммаси жойида эканлигини айтиб, тегишли тавсиялар беришди. 40 кундан сўнг олиб келишимизни, ўшанда гипсни ечиб, суяк қандай битганини яна рентген ёрдамида аниқлаб, якуний хулоса чиқаришларини билдиришди. Шифокорларимиздан жудаям миннатдормиз. Фақат бизни бир савол ўйлантираяпти. Айтинг-чи, қисқа муддат оралиғида рентгенга такрор ва такрор тушиш инсонга, айниқса, қиз бола саломатлигига зиён етказмайдими?

Н. АЗИЗОВА.
Косонсой тумани

— Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитар қоидалари ва меъёрлари (Сан ПиН) №0194-06 ҳужжатининг 6-бўлим, 107-бандида кўрсатилишича, қайта рентген текшируви фақат касалликнинг ўзгариши ёки бошқа белгилари пайдо бўлганда ҳамда касаллик ҳақида кенг маълумот олиш мақсадида амалга оширилади. Шунингдек, 108-бандида диагностик мақсадда бажариладиган муолажанинг нурланиш миқдори соғлом одам учун бир йил мобайнида 1 мЗв деб белгиланган. Оёқ суяклари бир маротаба рентген графияси қилинганда эса инсон 0,01 мЗв нурланиш олади. Демак, хавотирланмасангиз бўлади.

Д. МИРАЗИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактик ёрдамни ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи.

Эҳтиётсизлик оқибати
— Яқинда водий вилоятларидан бирига бориб келдим. Йўлда эҳтиётсизлигим туфайли автомобилимнинг давлат рақам белгисини тушириб қўйибман. Бу қаерда содир бўлганидан бехабарман. Шу боис ортга қайтиб, босиб ўтган йўлимни обдан текшириб чиқдим, суриштирдим, афсуски, тополмадим. Энди нима қилишим керак? Бошқасини олишим мумкинми?

Х. БЕРДИЁРОВ.
Гулистон тумани

— Йўқолган давлат рақам белгиларини олиш учун тураржойингиз бўйича ЙҲХБнинг рўйхатлаш — имтиҳон олиш бўлимларига мурожаат қилишингиз керак. У ерда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима тўлаганингиздан сўнг янги давлат рақам белгилари берилади.

Х. САЙДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года