A+ R A-

Юзма-юз

МЕҲНАТ ТАЪТИЛИНИ ҚАЧОН УЗАЙТИРИШ МУМКИН?

Давлат корхонасида ишлайман. Меҳнат таътилига чиққан вақтимда тобим қочиб, икки-уч ҳафта касалхонада даволандим.

Айтинг-чи, ана шу ҳолат эътиборга олиниб, таътил кунларим чўзиб бериладими?

М. ФАЁЗОВА.
Яккабоғ тумани

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 145-моддасига асосан, ходимлар қуйидаги ҳолларда таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар: вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида; ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда; йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда; давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.
Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан, таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда эса таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига кўра таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади. Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт.
Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, ходимнинг аризасига мувофиқ, таътил бошқа вақтга кўчирилиши белгиланган.

У. ГАЗИЕВ,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг юридик бўлими мудири.

БИТТА КАРТОЧКАДАН ИККИНЧИСИГА
— Бировнинг номидаги пластик карточкада мавжуд бўлган маблағни бошқа кишининг пластик карточкасига ўтказиш мумкинми?

Б. СОБИРОВ.
Ургут тумани

— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 773-моддасида мижоз банкдаги ҳисобварақда турган ўз пул маблағларини мустақил тасарруф этиши белгилаб қўйилган.
Пластик карточка эгасининг ёзма аризасига асосан, унга хизмат кўрсатувчи банк мижознинг аризасида сўралган ҳисоб рақамга пластик карточкадаги маблағни кўчириб беради.
Шунингдек, 2005 йил 10 октябрда Адлия вазирлигида 1518-сон билан давлат рўйхатига олинган “Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисида”ги йўриқноманинг 34-бандига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган маблағлари уларнинг банк ҳисобварақларидаги омонатига кирим қилиниши мумкин.

У. МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари.

ЭГАСИ ЙЎҚ МЕРОС
— Фарзанд васият қилинган ердан фойдаланишни рад этса, васият қилувчининг бошқа меросхўри бўлмаса, мулк қандай тасарруф қилинади?

У. ҲАСАНОВ.
Дўстлик тумани

— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1157-моддасига кўра, агар қонун бўйича ҳам, васиятнома бўйича ҳам меросхўрлар бўлмаса ёхуд меросхўрлардан ҳеч қайсиси ворислик ҳуқуқига эга бўлмаса ёхуд уларнинг ҳаммаси меросдан воз кечган бўлса, мерос мол-мулк эгасиз деб ҳисобланади.
Мерос мол-мулк мерос очилган жойдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризаси бўйича мерос очилган кундан эътиборан уч йил ўтганидан кейин суднинг қарори асосида эгасиз, деб топилади. Мерос мол-мулк, агар уни қўриқлаш ва бошқариш билан боғлиқ харажатлар унинг қийматидан ошиб кетса, кўрсатилган муддат ўтишидан олдин эгасиз, деб топилиши мумкин.
Эгасиз мол-мулк у турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтади, бу орган мол-мулкдан воз кечган тақдирда, давлат мулкига ўтади.

Қ. ТОFАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари.

ТЕЛЕКАНАЛЛАР УЧУН МАХСУС ҚУРИЛМА
— Яқинда фаолият бошлаган “Bolajon”, “ Ma`daniyat va ma`rifat” ҳамда “Dunyo boylab” каналларини негадир биз кўролмаяпмиз. Суриштирсак, ҳозирча оддий антенналарда ушбу каналларни қабул қилиб бўлмас экан. Хўш, биз қачондан бошлаб янги каналлар кўрсатувларини томоша қила олишимиз мумкин?

И. ВОҲИДОВ.
Боғдод тумани

— Ҳозирги кунда “Bolajon”, “Ma`daniyat va ma`rifat” ҳамда “Dunyo boylab” телеканаллари рақамли телевидение дастурлари пакети таркибида узатилмоқда. Уларни томоша қила олиш учун “Telecom Innovations” қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган FTA, HD ёки SD турдаги рақамли қабул қилиш қурилмалари(Set-top-box)ни харид қилиш лозим. Бундай қурилмаларни “Ўзбектелеком” АКнинг “Ягона ойна” савдо марказларидан сотиб олиш мумкин.

М. МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.

ИЖАРАДАГИ ТАКСИ
— Бировнинг номидаги автомобиль билан ишончнома асосида йўналишсиз такси хизмати кўрсатиш мумкинми?

Б. БОЙДАДАЕВ.
Сардоба тумани

— Маълумки, жисмоний шахслар йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланиш учун ўз автотранспорт воситаларини ижара шартномаси асосида юридик корхонага топширадилар. Ана шу автоуловда ишлаш ҳуқуқи унинг эгасига ёки корхона раҳбари томонидан ҳар қандай ҳайдовчига берилиши мумкин. Лекин ижара шартномаси автотранспорт воситаси эгаси билан тузилади.

Ш. ШОВАҲОБОВ,
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари.

АВТОМОБИЛЬ ВА МОБИЛЬ АЛОҚА
— Транспорт воситасини бошқаришда мобиль алоқа воситасидан фойдаланиш тақиқланганидан яхши хабардорман. Аммо менинг автоуловимда телефоннинг “Bluetooth” имкониятидан фойдаланиб, алоқани амалга оширса бўлади. Яъни суҳбатлашиш учун қўлни руль бошқарувидан олиш шарт эмас. Бу ҳолат ҳам тақиқланганми?

Ж. КАМОЛОВ.
Косонсой тумани

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 ноябрдаги 241-сонли қарорига асосан, ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини бошқариш чоғида телефондан (шу жумладан, “Bluetooth” мосламаларидан фойдаланган ҳолда) фойдаланиши тақиқланган.

Х. САЙДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи.

ҲАРАКАТЛАНИШ ЖАДВАЛИГА АМАЛ ҚИЛИНАДИ
— Баъзан кечки соат 21 — 22 лар атрофида шоҳбекатларга борсак, бекат ходимлари “Охирги автобус жўнаб кетди, энди кутиб ўтирманг” дейишади. Айтинг-чи, пойтахтимиздаги автобус ва трамвайлар қайси соатгача хизмат
 кўрсатади?

Ф. ЖЎРАЕВ.
Учтепа тумани

— Пойтахтимизнинг автобус ва трамвай йўналишлари қуйидагича хизмат кўрсатади:
— автобус йўналиши бўйича: шаҳар ўртасидан шаҳарнинг чекка мавзелари томон охирги автобуснинг режа бўйича ҳаракатланиш вақти соат 21:30 дан 22:38 гача (масалан, “Тошкент МУМ”, “Истиқлол кўчаси”, “Бешёғоч майдони”, “Гулобод (М. Уйғур) кўчаси” ва “Тошкент вокзали” шоҳбекатларидан);
— трамвай йўналиши бўйича: “Оқтепа майдони” шоҳбекатидан 8-йўналиш бўйича охирги трамвай вагони режа бўйича соат 22:01 да Бешқайрағоч мавзесига жўнаб кетади; “Тошкент вокзали” трамвай шоҳбекатидан режа бўйича соат 21:19 дан 22:30 гача охирги трамвай вагони пойтахтимизнинг чекка мавзелари томон йўл олади.

З. АБРОРОВ,
«Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси раиси ўринбосари.

АВИАЧИПТАНИНГ МУДДАТИ ЎТИБ КЕТСА...
— “Тошкент — Нукус” йўналиши бўйича чипта олгандим. Лекин айрим сабабларга кўра, сафаримни кечиктиришга мажбур бўлдим. Табиийки, чиптамнинг вақти ҳам ўтиб кетди. Уни янгисига алмаштириб беришадими ёки?..

Қ. БЕКБАУЛИЕВ.
Нукус шаҳри

— Йўловчи учишнинг авиачиптада кўрсатилган дастлабки санасини мазкур чипта маҳаллий йўналишдаги парвозлар учун расмийлаштирилган ва амалда бўлган ҳолатдагина ҳеч қандай қўшимча тўловларсиз кейинроққа суриш ҳуқуқига эга. Агар авиачиптадан тўлиқ фойдаланилмаган бўлса, унинг амал қилиш муддати расмийлаштирилган санадан бошлаб бир йилни ташкил қилади. “Бориш ва қайтиш” йўналиши бўйича расмийлаштирилиб, қисман фойдаланилган тақдирда эса, чиптанинг амал қилиш муддати биринчи учиш санасидан эътиборан бир йилни ташкил этади. Авиачиптани қайтариб топшириш ҳам шу муддат ичида амалга оширилиши мумкин.

Ф. КУРБАНОВА,
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси Ахборот хизмати бошлиғи.

ЦИТРУС МЕВАЛАР ЕТИШТИРМОҚЧИМАН
— Республикамизнинг айрим ҳудудларида тажриба тариқасида банан етиштирилганини эшитгандик. Бизнинг ҳудудимизда ҳам ана шундай цитрус меваларини ўстирса бўладими? Бундай дарахтлар парвариши учун қандай шароит керак? Унинг кўчатини қаердан олса бўлади?

Н. ҚУДРАТОВ.
Янгиқўрғон тумани

— Банан иқлими тропик ва субтропик минтақали мамлакатларда ўсадиган цитрус мевали ўсимлик тури ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти иссиқхонасида шундай ўсимлик ўстирилган (эстетик мақсадлар учун) бўлиб, у ҳосил берганлиги ҳақида маълумотлар бор. Лекин меваси майдароқ. Бундан ташқари, айрим хонадонларда ҳам иссиқхона шароитида банан парваришланаяпти.
Бизнинг тавсиямиз, ушбу ўсимлик кўчатини Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институтидан олиш ва фақат мутахассислар маслаҳатига кўра ўстириш мақсадга мувофиқдир.        

К. СОДИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари.

ТИББИЙ КЎРИК ВА ХУЛОСА
— Бахтсиз ҳодиса туфайли ногирон бўлиб қолганман. Менга ТМЭК текширувидан кейин, мана, иккинчи марта бир йил муддатга иккинчи гуруҳ ногирони сифатида нафақа тайинланди. Соғлиғим ҳали у даражада тиклангани йўқ. Шифокорлар хулосаларида ҳам бу акс этган. Ҳар йили комиссия кўригига бориш менга бир оз қийинчилик туғдиряпти. Бир йўла икки йил ёки ундан ортиқ муддатга ногиронлик нафақаси тайинласа бўлмайдими?

М. ЗИКРИЛЛАЕВ.
Кармана тумани

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлдаги 195-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқароларни тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом”нинг 34-бандига мувофиқ, органлар функциялари ҳамда организм тизимларининг қайта тикланадиган, такрорий морфологик ўзгаришлари ва бузилишлари содир бўлганда, даволашнинг ва ўтказилган реабилитация тадбирлари самарадорлигини, соғлиқнинг ҳолатини ҳамда ижтимоий мослашиш даражасини кузатиш мақсадида ногиронларни такрорий қайта тиббий кўрикдан ўтказишлар ногиронлик белгиланган вақтдан бошлаб олти ойда, бир ёки икки йилда бир марта амалга оширилади.
Органлар функциялари ҳамда организм тизимларининг барқарор, қайта тикланадиган морфологик ўзгаришлари ва бузилишлари содир бўлганда, амалга оширилган реабилитация тадбирларининг самарасизлиги оқибатида касалликнинг ўтишини ва саломатликни тиклашни, ижтимоий мослашувни яхшилаш мумкин бўлмаган тақдирда ногиронлик белгиланган тартибда тасдиқланган касалликлар ва анатомик нуқсонлар рўйхатига мувофиқ муддатсиз белгиланади.

М. ЗИЯДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг биринчи ўринбосари.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года