A+ R A-

Юзма-юз

ЙЎЛЛАНМАДАН КИМЛАР ФОЙДАЛАНИШИ МУМКИН?

— Санаторийда дам олишим учун ишхонамдан менинг номимга берилган йўлланмадан оила аъзоларим, масалан, онам фойдаланишлари мумкинми?

А. ҲАМИДОВ.
Тўрақўрғон тумани

— Санаторийларга йўлланма ходим томонидан ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан олинган бўлса, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2013 йил 26 январдаги 9-24-сонли қарорининг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан санаторийларга йўлланмаларни режалаштириш, чиқариш, тақсимлаш, сотиш, бериш, ҳисобга олиш ва ҳисоботини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 32-бандига асосан, йўлланма фақат касаба уюшма ташкилотидан олган шахс учунгина ҳақиқий ҳисобланади. Агар санаторийларга йўлланма касаба бюджети маблағлари ҳисобидан олинган бўлса, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2013 йил 26 январдаги 9-24-сонли қарорининг 2-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимида касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан санаторий ва дам олиш уйларига имтиёзли йўлланмалар олишни режалаштириш, чиқариш, тақсимлаш, сотиш, ҳисобга олиш, бериш ва ҳисоботларни тартибга солиш тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3.16-бандига асосан, ушбу йўлланмадан ишчи-хизматчиларнинг оила аъзолари (ота-она, турмуш ўртоғи ва фарзандлари) фойдаланиши мумкин.
Шунингдек, ҳар бир йўлланмада “ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан тўланган” ёки “касаба уюшмаси аъзолик бадаллари маблағлари ҳисобидан тўланган”лиги тўғрисида алоҳида штамп қўйилган бўлади.

Н. ИШАНХАНОВА,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг
Ижтимоий суғурта бўлими мудири.

ЖАМОАТ ТРАНСПОРТИ УЧУН МАХСУС ЖЕТОН
— Тошкент метрополитени бекатларида жетонлар сотиб олиш учун тўловни пластик карточка орқали амалга ошириш йўлга қўйилгани бизга жуда маъқул келаяпти. Бу қулайликдан мамнунмиз. Айтинг-чи, бошқа жамоат транспортларида қачон шундай тизим жорий этилади?

Н. ЁҚУБОВ.
Ҳамза тумани

— 2013 йилнинг 1 мартидан эътиборан ойлик йўл чипталарини сотиш шохобчаларида шаҳар йўловчи ташиш транспорти хизматидан фойдаланиш учун мўлжалланган махсус жетонлар сотуви ташкил қилинди. Бу тизимнинг аҳоли учун қулай жиҳати шундаки, ана шу жетонларни банк пластик карточкалари орқали харид қилиш мумкин. У йўл ҳақини тўлаш жараёнида нақд пул тўлови билан бир қаторда амал қилади.

З. АБРОРОВ,
«Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси раиси ўринбосари.

ҲАММАСИ ШАРТНОМА ШАРТЛАРИГА БОҒЛИҚ
— Йўналишсиз такси фаолиятини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган уюшма аъзолигидан чиқиш учун нима қилиш керак? Шартнома бекор қилингани учун уюшмага товон тўлаш керак эмасми?

Н. ҲАЙИТОВ.
Яккабоғ тумани

— Корхона ва ҳайдовчи ўртасида тузилган шартномада корхона раҳбари ҳамда ҳайдовчининг мажбуриятлари, шунингдек, шартномани бекор қилиш шартлари аниқ кўрсатилган бўлиши керак. Агар шартнома ҳайдовчи томонидан бекор қилинган тақдирда товон тўланиши зарурлиги белгилаб қўйилган бўлса, демак, тўлайди.

Ш. ШОВАҲОБОВ,
Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти
агентлиги бошлиғи ўринбосари.

ЙЎЛ ҚОИДАСИ БУЗИЛСА...
— Яқинда йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтсам, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими тўхтатиб, жарима солди. Чунки пиёдалар учун белгиланган жойдан ўтмабман. Ваҳолонки, биз турган ўша ҳудудда пиёдалар ўтишига мўлжалланган чизиқ йўқ эди. Буни ҳарчанд тушунтиришга уринмай, инспектор фикрида қатъий турди. Қачондан бошлаб йўл қоидасини бузган пиёдаларга жарима солинаяпти?

М. ТЎРАҚУЛОВ.
Ангрен шаҳри

— Инспекторнинг ҳаракати қонуний. Пиёда йўлни фақатгина махсус белгиланган жойлардан кесиб ўтиши керак. Жарима масаласига келса, “Йўл ҳаракати қоидалари” тасдиқланган вақтдан бери бошқа қоидабузарликлар қатори пиёдаларга ҳам жарима қўллаш белгиланган.

Х. САЙДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги
Бош бошқармаси бошлиғи.

АҲОЛИГА ҚУЛАЙЛИК ЯРАТИЛГАН
— Кўпинча шаҳар ва туман поликлиникаларида ташхис қўйиш ва даволаш ускуналаридан фойдаланилганлиги учун беморлардан ҳақ талаб қилинади. Шу тўғрими? Агар тўғри бўлса, тўлов миқдори ким томонидан ва қай тартибда белгиланади?

Б. ЖУМАНИЁЗОВ.
Урганч шаҳри

— Президентимизнинг 1998 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турлари белгилаб қўйилган бўлиб, унга бирламчи тиббий-санитария ёрдами ҳам киради. Туман ва шаҳарлардаги кўп тармоқли поликлиникалар аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари ҳисоблангани туфайли ушбу масканларда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами бепул амалга оширилади.

Д. МИРАЗИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактик ёрдамни ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи.

БИОГАЗ АФЗАЛЛИКЛАРИ
— Сўнгги пайтларда электр энергияси олишда биогаздан фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида кўп гапирилмоқда. Аммо айрим хорижий интернет манбаларида бу турдаги газдан фойдаланиш инсон соғлиғи, табиат учун зарарли дейишмоқда. Шу тўғрими?

С. БЕРДИБОЕВ.
Нарпай тумани

— Биогаз технологияларидан фойдаланиш, аксинча, атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга, жумладан, тупроқ, ер ости сувлари ифлосланишининг олдини олишга хизмат қилади. Агар чорвачилик чиқиндилари табиий шароитда биологик парчаланса, атмосфера ҳавосига 1 тонна гўнг ҳисобига 300 м3 метан ажралиб чиқади. Бу 6300 м3 ис гази (СО2) деганидир. Биогаз ёнганда, атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси анча камаяди. Инсон саломатлигига салбий таъсири ҳам йўқ. Олинган газлардан кундалик ҳаётда ёқилғи, қишлоқ хўжалигида эса қайта ишланган чорвачилик чиқиндиларидан экологик тоза, юқори самарали биоорганик ўғит сифатида фойдаланиш мумкин.

К. СОДИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Табиатни
муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари.

МЕРОС ҲУҚУҚИ
— Васият қилинган меросга қанча муддатда гувоҳнома берилади?

Р. ДАВЛАТОВ.
Олтиариқ тумани

— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1120-моддасига асосан, фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.
Васиятнома нотариал тасдиқланган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.
Ушбу Кодекснинг 1116-моддасида мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган, деб эълон қилиниши оқибатида очилиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, Кодекснинг 1146-моддасига мувофиқ, мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра, унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома
бериши шарт.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.
Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.

Қ. ТОFАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари.

ТЕКШИРУВЧИНИНГ ЎЗИДА РУХСАТНОМА БОРМИ?
— Фирма, ташкилот ёки бошқа турдаги ишлаб чиқариш муассасасини солиқ текширувидан ўтказишдан аввал Давлат солиқ хизмати органи ходими қандай ҳужжатларни тақдим этиши шарт?

М. ЖАББОРОВ.
Қизилтепа тумани

— Солиқ кодексининг 92-моддасида қайд этилганидек, Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахси солиқ текширувини ўтказишни бошлашдан олдин, нақд пул тушумларига тааллуқли масалалар юзасидан қисқа муддатли текширув ўтказилаётганда эса солиқ текшируви тугаллангунига қадар:
— солиқ тўловчини солиқ текширувининг мақсади билан таништириши; ўз хизмат гувоҳномасини, шунингдек, текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномасини кўрсатиши; қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишларни қайд этиш дафтарини тўлдириши; солиқ тўловчига хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишларни амалга оширишнинг мувофиқлаштириш режасидан кўчирма нусхасини ёки назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг режадан ташқари солиқ текшируви ёки муқобил текширув (Солиқ кодекси 88-моддасининг учинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган асосларга кўра режадан ташқари ўтказиладиган текширув бундан мустасно) ўтказиш тўғрисидаги қарори кўчирма нусхасини, шунингдек, давлат солиқ хизмати органининг тегишли солиқ текшируви тайинланганлиги тўғрисидаги буйруғининг ҳамда солиқ текширувини ўтказиш дастурининг кўчирма нусхаларини топшириб, тилхат олиши шарт.

О. РУСТАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
раисининг ўринбосари.

ЎЗГАРИШЛАР КУТИЛМОҚДА
— “Uzonline” интернет хизматидан фойдаланаман. Сўнгги пайтларда интернет сифати ёмонлашгани сезилаяпти. Айниқса, кечки соат 19:00 — 22:00 атрофида сайтларга кириб бўлмайди. Компаниянинг мижозлар учун хизмат кўрсатадиган 200-09-09 телефон рақами оператори билан боғланиш эса жуда қийин. Ана шу муаммолар қачон тўлиқ бартараф этилади?

М. ЛУТФУЛЛАЕВ.
Шайхонтоҳур тумани

— Республикамиз аҳолисининг замонавий телекоммуникация хизматларига бўлган эҳтиёжи ортиб бораётганлиги ҳамда сўнгги пайтларда “Uzonline” интернет хизматидан фойдаланувчи абонентлар сони сезиларли даражада кўпайгани туфайли мавжуд тизимга тушаётган юкланиш кескин ошиб бормоқда. Натижада интернет хизматидан фойдаланишда тезликнинг (асосан, соат 19:00 — 22:00 оралиғида) тушиши кузатилаяпти.
Бу вақт давомида абонентларнинг 200-09-09 рақамига қилаётган мурожаатлари сони ҳам ортаётгани “Call-center” хизматида катта навбатни юзага келтирмоқда ва шу боис мижозлар бир неча дақиқа кутиб қолишаётир.
Ҳозир компания томонидан кўрсатилаётган интернет хизматининг сифатини ошириш ва аҳолига янада қулайликлар яратиш мақсадида барча техник такомиллаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилаяпти. Шу муносабат билан шаҳар, вилоят ва туманларда вақти-вақти билан интернет хизматининг тезлиги пасайиши мумкинлиги юзасидан компания расмий веб-сайтларида ўз вақтида эълонлар жойлаштирилмоқда. Қолаверса, 2013 йилнинг 1 мартидан бир ой муддатга кўрсатилаётган интернет хизматига 20 фоиз чегирма берилди.

М. МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года