A+ R A-

Водийларни яёв кезганда

ЭЗГУ МАҚСАДИМИЗ РЎЁБГА ЧИҚДИ

Кечагидек эсимда, оиламиз даврасида тадбиркорлик ҳақида сўз кетганда, анчадан буён ўйлаб юрган фикримни ўртага ташладим. Туманимиз марказида чоғроқ сутни қайта ишлаш корхонаси анчадан буён ишламай тургани, шу цех сотувга чиқарилганини айтиб, оилавий бизнесни йўлга қўйишдан сўз очдим. Уйдагиларга бу фикр маъқул тушди. Қарангки, дастурхон атрофида қилган ниятимиз рўёбга чиқиб, мулк эгаси бўлдик.


Ўшанда 2006 йил эди. Банк томонидан бизнес лойиҳамиз қўллаб-қувватланди. Бизга 50 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Ишни янги ускуналар харид қилиш, мавжудларини созлашдан бошладик. Фермерлар,  деҳқон хўжаликлари билан шартномалар туздик. Ишимиз аста-секин ўнгидан кела бошлади. Илгари  сутни топширгани йигирма-ўттиз чақирим йўл босиб, Бухоро шаҳрига борган фермерларнинг ташвиши енгиллашди. Савдо шохобчаларида  эса корхонамиз ёрлиғи туширилган маҳсулотлар харидоргир бўла борди. Дастлаб икки киши билан иш бошлаб, кунига 500-600 литр сутни қайта ишлаган бўлсак, ҳозир ишчиларимиз сони ўн беш нафарга етди. Кунига уч тонна атрофида сут қабул қилиб олиб, қаймоқ, қатиқ, сариёғ, сметана каби жами тўққиз турдаги маҳсулотни буюртмачиларга етказиб бераяпмиз.
Тадбиркорлик соҳасида бугунги кун билан яшаб бўлмайди. Эртани ўйлаган, уни кўра билган ишбилармон асло ютқазмайди. Шуни ҳисобга олиб, даромаднинг бир қисмини замонавий ускуналар харидига сарфлаяпмиз. Чунончи, сутдан  қаймоқ ажратиб олиш ускунасини харид қилдик. Ҳар бирининг сиғими 15 тонна бўлган иккита музлаткичга эга бўлдик. Жорий йилда эса фаолиятимизни янада кенгайтириш тараддудидамиз. Корхонамиз қошида ёрдамчи хўжалик тузиб, наслдор чорва моллари парваришини йўлга қўямиз. Бундан ташқари, пишлоқ ишлаб чиқаришга мўлжалланган бизнес лойиҳамиз ҳам тайёр. Ҳар иккала лойиҳани  банк томонидан молиялаштириш кўзда тутилган. Ниятимиз амалга ошгач, 15-20 та янги иш ўрни пайдо бўлади. Ишга эса ёшлар, асосан, коллеж битирувчиларини таклиф қилмоқчимиз.
Баъзан корхонамизнинг барқарор ишлаётгани, биз бошлаган иш туфайли ўндан зиёд  оиланинг рўзғори бут бўлаётганини ўйлаб, янада руҳланиб кетаман.  Қолаверса, тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўзимиз ҳам кам бўлаётганимиз йўқ. Турмушимиз обод, ҳаётимиз фаровон. Уч фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказдик. Улар эл-юрт хизматида. Ўн иккита неварам бор. “Йил аёли” анъанавий кўрик-танловининг 2011 йилги вилоят босқичи ғолибиман. Эл-юрт ўртасида ҳурматим бор. Ҳаётда нимага эришган бўлсам, бу истиқлол шарофати, юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор самараси, деб биламан. Бахтиёр она, тадбиркор аёл эканимдан ғурурланаман.

Мамлакат ТОШЕВА,
Жондор туманидаги «Жондор чашмаси»

масъулияти чекланган жамияти раҳбари.

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года