A+ R A-

Водийларни яёв кезганда

ТАРИХИЙ ҚАДАМЖОЛАР ОҲАНРАБОСИ

Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида саксон-саксон беш ёшни қоралаган онахон эътиборимизни тортди. У фарзандлари қуршовида оҳиста қадам ташларкан, “Шу кунларга етказганига шукр”, деб қўяр, жигарбандларига Ҳазрат Баҳоуддиннинг одамларни ҳалол меҳнатга, ўзаро меҳр-оқибатли, ҳушёр бўлишга даъват этувчи сўзларини эслатарди. Онахонни суҳбатга тортдик.


— Хоразмликмиз, ўғлим, — дея сўз бошлади Ёқутхон момо Қаландарова. — Ҳар йили шу қадамжони бир зиёрат қилиб кетмасам, кўнглим жойига тушмайди. Бу ердаги ободончилик ишларини кўриб хурсанд бўламан. Руҳим енгил тортади. Билсангиз, бу табаррук масканнинг оҳанрабоси бор. Мен бундан ўттиз-ўттиз беш йил муқаддам ҳам бу гўшани зиёрат этгани келардим. Қадамжонинг ўша пайтдаги аҳволидан сўз очсам, ишонмайсиз. Қабрларни қамишу юлғун босган, масжиду хонақоҳлар нураб қолган эди. Йўлларни айтмайсизми?! Хоразмдан Бухорога минг бир машаққат билан келганларим ёдимда. Энди-чи? Мана, ўғлимнинг “Нексия”сида худди қўшни қишлоққа боргандек бир зумда етиб келдик. Ҳозир юртдошларимиз учун Бухоро тугул, Самарқанду Тошкент бир қадам бўлиб қолди. Зиёратгоҳнинг йил сайин обод гўшага айланиб бораётганини кўриб, “Илоҳим, мустақиллигимизга кўз тегмасин, Юртбошимиз омон бўлсин”, дейман.
Ёқутхон момонинг сўзларида муболаға йўқ. Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасининг бугунги қиёфаси нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик сайёҳларда ҳам катта таассурот қолдираяпти. Улар бу ерда ташкил этилган ¬марказ ходимлари кўмагида Нақшбандия таълимоти ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитиб оларканлар, шуни ¬алоҳида эътироф этишмоқда.
— Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарлари, жумладан, Бухорони оилавий томоша қилдик, — дейди испаниялик сайёҳ Жуан Кадефан. — Бизга, айниқса, ¬халқингизнинг тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб ¬келаётгани жуда маъқул бўлди. Турмуши фаровон, қадриятларни эъзозлайдиган халқ эканингиз шундоқ кўриниб турибди. Дарвоқе, бизга Ибн Сино, ¬Баҳоуддин Нақшбанд, Абдул¬холиқ  ўиждувоний каби алломалар ҳақида сўзлаб беришди. Нақшбандия таълимоти ¬замиридаги “Қўлинг ишда, кўнглинг ёрда, яъни худода бўлсин” деган ҳикмат мени ¬бениҳоя таъсирлантирди. ¬Фарзандларимга энди шу ҳикматни бот-бот ¬эслатиб ¬тураман.
— Мажмуада ободончилик ишлари йил бўйи давом этади, — дейди Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси ходими Орифжон Амонов. — Мана, кўриб турганингиздек, ҳазратнинг волидаи муҳтарамалари мангу қўним топган маскан сари элтувчи йўлаклар таъмирдан чиқарилаяпти. Бу ерда ўзига хос дизайнга эга ¬қирқдан зиёд тунги чироқлар ўрнатилди. Марказимиз биноси эса тубдан таъмирланмоқда. ¬Шунингдек, меҳмонхона қурилаяпти.
Бугина эмас, қадамжо ҳудудида 200 ўринга мўлжалланган анжуманлар зали қурилиши авжида. Уч миллиард 200 мил¬лион сўм миқдоридаги маблағ эвазига барпо этилаётган бу бинода ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатади. Иншоот фойдаланишга топширилгач, анъанавий Нақшбандхонлик республика анжумани худди шу ерда ўтади.
Ана шуларни ўйларканмиз, испаниялик сайёҳнинг сўзлари ёдимизга тушди. Хорижик меҳмоннинг “Қадриятларни эъзозлайдиган халқ экансиз”, деган эътирофида катта маъно бор. Юртпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат-эътибор, ота-боболар руҳини шод этмоқлик тилаги бизни орзулар ижобати сари бошлаётган бўлса, не ажаб.

Истам ИБРОҲИМОВ.

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года