A+ R A-

Водийларни яёв кезганда

БУХОРО ШИРИНЛИКЛАРИ

Бугун қай бир ҳунарманд билан суҳбатлашманг, “Эртанги кундан кўнглим тўқ”, дейди. Айниқса, қандолатчиларнинг бозори чаққон. Зеро, маърака-мавридларимиз парвардаю ҳолвасиз ўтмайди. Ширинликлар эса тандирдан узилган нон каби дастурхонимиз кўрки, тинч ва фаровон ҳаётимизнинг кичик бир белгисидир.


— Бухорода меҳмонга бир пиёла чой узатишганда, “Қани, марҳамат, оғзингизни ширин қилинг”, дея мулозамат кўрсатилади, — дейди қандолатчи Ойбек Комилов. — Бу ибора замирида кунингиз мароқли кечсин, сиз билан дийдорлашишдан хурсанд¬миз, доимо самимий, ширинсўз бўлинг, яхши ниятлар қилинг, деган  эзгу тилаклар мужассам.
Ойбекнинг сўзларини тингларканмиз, ҳаракатларини ҳам кўздан қочирмаймиз. Мана, у қозонга бир кило шакар солди. Икки юз грамм сувда   уни обдан қайнатди. Қиём меъёрига келтирилгач, бир муддат совитилди. Кейин эса қиёмга 250 грамм ун, бир парча қўй ёғи қўшилди. Шундан сўнг махсус халтача орқали аралашмага шакл берилди. Қарабсизки,  “Собуни” ҳолва тайёр. Татиб кўрсангиз, оғизда эриб кетади, ¬мазали, таъми эса бўлакча.
Ойбек болалигини яхши эслайди. Акаси Отабек билан отасига кўмаклашарди. Мана, бугун унинг ўзи Бухоронинг энг моҳир ҳолвапазларидан. Салкам йигирма йилдирки, шу иш билан машғул. Бодоми қандолат, гардиш ҳолва, новвот, парварда, лавз ҳолвани қойиллатади. Қандолатпазлик унинг учун оилавий бизнесга айланган. Турмуш ўртоғи, уч фарзанди  — яқин кўмакчиси. Ҳаётидан мамнун. Рўзғори бут.
— Шу касбдан барака топдим, — дейди у. — Бизнинг эмин-эркин ишлашимиз, имкониятларимизни рўёбга чиқаришимиз учун барча қулайликлар яратилган. Бухоро шаҳридаги “Марказий деҳқон бозори” очиқ акциядорлик жамиятида савдо растамиз бор. Биз ҳозир қўқони ҳолвани ҳам ўзимизда тайёрлаяпмиз. Мижозларимиз кўп. Улар орасида баъзан чет элликларни ҳам учратасиз.
Шу ўринда  таъкидлаш жоизки, миллий ширинликларимизнинг барчаси шифобахш хусусиятга эга. Улар экологик тоза маҳсулотлардан ¬тайёрланади. Новвотнинг танга куч-қувват ато этиши азалдан маълум. Кунжут ҳолва, пашмак ҳолвани айтмайсизми? ўиждувонлик Бадриддин  Раҳмонов ҳам ана шундай ҳолвапаз уста.
— Ҳар бир ширинликни тайёрлашнинг ўз усули бор, — дейди у. — Биз кунжут ҳолва тайёрлаймиз. Ундан бир татиб кўрган киши доимий мижозимизга айланади. Даставвал кунжутни ювиб қуритамиз. Сўнг қозонда қовуриб, элакдан ўтказамиз. Қиёмни қайнатиб, унга ёнғоқ мағзини қўшамиз. Аралашмани столга ёйиб, пичоқ билан маълум бир шаклда кесиб чиқамиз. Совигач, бемалол истеъмол қилиш мумкин.
ўиждувон бозорида миллий ширинликларнинг исталган турини учратасиз. Қандолатчилар “Ҳўкиз тили” дея атайдиган оқ рангли ҳолвани ҳам шу бозордан топиш мумкин. Чунки  бундай ҳолва бошқа жойларда тайёрланмайди. Бунинг учун  тоғлардан  келтирилган  махсус бех, яъни илдиз сувда қайнатилиб, совитилади. Кейин чилчўп ёрдамида кўпиртирилади. Қиём тайёрланиб, унга ўша кўпик қўшилади. Ҳосил бўлган аралашма столда пичоқ билан ҳўкиз тили шаклида кесиб чиқилади. Ҳолвапазлар бундай неъмат сиртига бир дона ўрик мағзини қўшишни ҳам унутишмайди.
— Буларнинг барини онам раҳматли Шарабону ўаффоровадан ўрганганман, — дейди Бадриддин Раҳмонов. — Энди эса билганларимни ўғлим Алишер билан Баҳодирга ўргатаяпман. Шукр, ҳолвапазлик қилиб кам бўлганим йўқ.
Бадриддин аканинг сўзларини тинг¬лаб, давр шиддати, тезкор замон ҳақида ўйлаб кетасан, киши. Қаранг, ҳаёт нечоғлиқ ўзгармоқда. Техника жадал кириб келмаган соҳа қолмади ҳисоб. Ширинликларнинг ўнлаб, юзлаб турлари замонавий, илғор технологиялар воситасида, конвейер усулида ишлаб чиқарилмоқда. Аммо қўл кучи орқали тайёрланаётган парвардаю пашмак, гардишию лафз ҳолваларга  талаб ва эҳтиёж кучайса кучаймоқдаки, сусайган эмас. Бу миллий қадриятларимизнинг ажралмас бир бўлаги саналган қандолатчиликнинг мустақиллик шарофати билан қайта кўз очгани, асраб-авайланаётгани шарофати эмасми?!

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года