A+ R A-

Тиббиёт

Она-бола саломатлиги — доимий эътиборда

Соғлом авлод деганда, аввало, соғлом наслни тушунамиз. Шу боис мамлакатимизда Президентимиз  раҳнамолигида оналик ва болаликни  муҳофаза қилишнинг самарали  механизми ишлаб чиқилиб, муваффақиятли амалга оширилмоқда.

“Соғлом она — соғлом бола” деб номланган ушбу дастур асосида юртимизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, миллат генофондини мустаҳкамлашга йўналтирилган тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Пировардида аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, жойларда сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш борасида салмоқли натижаларга эришилаётир. Кеча пойтахтимизда Республика аҳоли репродуктив саломатлиги марказининг янги биноси очилиши ҳам мамлакатимизда Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури доирасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Мазкур марказ биносининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар янги тиббиёт муассасаси Соғлом бола йилида фойдаланишга топширилаётганлиги рамзий маънога эгалигини таъкидлашди.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни такомиллаштириш, ташхис қўйиш ва даволашнинг илғор услубларига асосланган юқори малакали тиббий ёрдам тизимини яратиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ҳимояга йўналтирилган сиёсатнинг устувор вазифаларидан  бири эканлигига алоҳида тўхталишди.
Марказнинг янги биноси Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелда қабул қилинган “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, замонавий кўринишда бунёд этилди. Бу масканда эндиликда нафақат ташхис қўйиш, шу билан бирга, соғлом оилани шакллантиришга кўмаклашиш, аҳоли, айниқса, фертиль ёшдаги аёлларни даволаш каби масалаларга алоҳида урғу қаратилади.
— Республика аҳоли репродуктив саломатлик марказида юртдошларимизга кенг кўламли малакали тиббий диагностика ва даволаш ёрдами кўрсатилмоқда, — дейди марказ директори Маҳмуда Каттахўжаева. — Марказ  катталар  репродуктив саломатлиги, болалар ва ўсмирлар  репродуктив саломатлиги ҳамда ўқув-услубий бўлимларини ўз ичига олади. Ушбу бўлимларда акушер-гинекологлар, педиатр, эндокринолог, уролог, дерматолог, онкогинеколог, психоневролог ва бошқа мутахассислар фаолият юритишмоқда. Ўтган 2011 — 2013 йилларда марказ мутахассислари томонидан 20 минг нафардан ортиқ аҳолига малакали профилактик ва амбулатор-поликлиника хизмати кўрсатилди.
Қайд этиш жоизки, биргина ўтган йилда марказга 7,5 минг нафардан ортиқ аҳоли мурожаат қилиб, улардан 4500 дан ортиғини туғиш ёшидаги аёллар, 1000 нафарга яқинини ўсмирлар ташкил этди. Марказ ходимлари она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни изчил давом эттириш мақсадида вилоятларда фаолият кўрсатаётган тиббий муассасаларга амалий ёрдам бериш,  жумладан, “Туғиш ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғломлаштириш ҳафталиклари”да фаол иштирок этдилар.
... Марказнинг гинекология бўлимида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирамиз. Тубдан таъмирланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар, ультратовуш таҳлил аппарати ва рентген кабинетларида хасталикларга юқори аниқликда ташхис қўйиш имконияти мавжуд.
— Бўлимимизда аҳолининг тиббий маданиятини янада оширишга йўналтирилган ишларга алоҳида эътибор қаратмоқчимиз, — дейди Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази гинекология бўлими мудири Муяссар Назирова. — Жумладан, “Бехатар оналик”, “Контрацептив воситаларнинг ўрни”, “Соғлом фарзанд туғилишида турли витамин-минераллар мажмуаларининг аҳамияти” ва “Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари” мавзуида янги буклетлар тайёрлаб, ёшларга тарқатаяпмиз.
Айтиш керакки, республикамизда бу каби даволаш муассасаларининг бунёд этилиши, мавжудларининг қайта реконструкция қилиниб, замонавий асбоб-ускуналар, техника ва технологиялар билан жиҳозланиши тиббий хизмат кўламининг кенгайиб бораётганлиги билан бирга, Соғлом бола йилида бу каби саъй-ҳаракатларнинг янада изчил давом этишидан далолат беради.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года