A+ R A-

Тиббиёт

Замонавий тиббий хизмат

она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади

Янги йилнинг биринчи тунида жарроҳлик амалиётини қўллашимизга тўғри келди.
Шукр, она ҳам, туғилган чақалоқ ҳам соғ-саломат. Тонгда улардан хабар олгани кирсам, аёлнинг юз-кўзларида қувонч, табассум.
Бизни узундан-узоқ дуо қилди, жамоамизга раҳмат айтди. “Синглим, хурсандлигингиз биз учун катта байрам. Сиз, оналар ва болалар учун шундай шароитларни яратиб берган давлатимизга раҳмат”, дедим-да, бошқа бўлимларга йўл олдим.
Марказ йўлакларидан қадам ташлар эканман, биргина шу тиббий муассаса мисолида юртимизда оналар ва болалар соғлиғини сақлашга нечоғли юксак эътибор қаратилаётганини яна бир бор дилдан ҳис қилдим. Келинг, гапимнинг исботи учун, ўзим ишлаётган Сирдарё вилояти перинатал марказига тегишли бир неча рақамни келтирай. Масалан, чақалоқлар реанимация бўлимида 3 нафар шифокор меҳнат қилади. Ҳар бир гўдакка бир нафар ҳамшира кўз-қулоқ. Яна уларнинг ёнига кечаю кундуз навбатчи шифокор қўшилади. Бу ердаги чақалоқлар ўрни эса 10 та. Энди мазкур рақамлар ҳисоблаб кўрилса, ҳар бир гўдакнинг қандай кучли тиббий назорат остида эканлиги маълум бўлади. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас.
Демоқчиманки, “Саломатлик-1”, “Саломатлик-2” лойиҳалари доирасида перинатал марказимиз энг илғор тиббиёт ускуналари билан жиҳозланди. Ташхис аппаратларимиз янгиланди. Маълумки, ҳозир биз доя-шифокорлар “демедикализация” деган сўзни кўп ишлатамиз. Бу ҳомиладор аёлларни дори-дармонларсиз муолажа қилиш орқали табиий туғуруққа эришиш демакдир.
Айни чоғда перинатал марказимиз бутун вилоятдаги оналар ҳамда болалар соғлиғига масъул шифокорларнинг малака ошириш маркази ҳам ҳисобланади. Муассаса врачлари ва ҳамширалари эса тез-тез пойтахтимизда малака оширишади. Бу узлуксиз тизим соҳамиздаги янгиликлардан ҳар биримизнинг ўз вақтида воқиф бўлишимиз ҳамда уни амалиётга жорий қилишимизда катта самара бераётир. Жорий йилда ҳам бу интилишларимиз, изланишларимизни изчил давом эттирамиз. Зеро, Президентимизнинг халқимизга йўллаган Янги йил табриги биз, шифокорларга Соғлом бола йилининг моҳияти ва аҳамияти нечоғли юксак эканлигини яна бир бор чуқур англатди. Ва албатта, бевосита оналар ҳамда болалар соғлиғига масъул касб эгалари сифатида ушбу эзгу ниятлар рўёбига муносиб ҳисса қўшиш бахтидан қалбимиз қувончга тўлди.

Ҳанифа САДИҚОВА,
Сирдарё вилояти перинатал маркази директори.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года