A+ R A-

Спортнинг сирли олами

Уч ярим соатлик баҳс

...Юнусовлар хонадонида яшовчи беш кишининг тўрт нафари катта теннисга меҳр қўйган. Оила соҳиби ўайбулла Юнусовнинг ёшлиги теннис кортларида кечган.

Ҳали ҳам теннис деса юраги “жиз” этади. Отасига эргашиб, Мақсуджон ҳам шу спорт турини танлади. Болалигидан жиддий шуғулланди. Машғулотларни канда қилмади. Ўз маҳоратини турли турнирларда ошира борди. Ўтган йили мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Бу ютуқ унга олий ўқув юртида имтиёзли асосда ўқиш имконини берди.
— Ушбу спорт тури ҳаётимнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб қолган, — дейди айни дамда Бухоро давлат университетида таҳсил олаётган Мақсуджон Юнусов. —  Тенниснинг жозибаси бор. Буни сариқ коптокнинг орқасидан югуриб кўрган киши жуда яхши билади. Ушбу спорт тури одамнинг иродасини мустаҳкамлайди, тезкор қарор қабул қилишга ўргатади, жисмонан чиниқтиради. Биласизми, бир гал кортда рақибим билан роппа-роса уч ярим соат кураш олиб борганман. Енгилмаганман. Мағлубиятга учраганимда ҳам хафа бўлмасдим. Чунки шу баҳонада ўз кучимни, имкониятларимни синаб кўрдим. Тажриба тўпладим. Яна бир жиҳати, теннисда жароҳат олиш эҳтимоли бошқа спорт турларига қараганда камроқ.
Оиланинг яна бир вакили Мафтуна ҳам теннис билан мунтазам шуғулланмоқда. Яқинда у Тошкентда таҳсил олиб қайтди. Мафтуна мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда дуруст натижаларга эришаяпти. Масалан, Фарғонада бўлиб ўтган нуфузли халқаро турнирда кучли тўртликдан ўрин олди. Умуман, ака-сингил теннисчилар жаҳон теннис таснифида ўз ўрнига эга спортчилар саналишади.
Ёки Азизбек Луқмоновни олиб кўрайлик. Бухоро давлат университетида таҳсил олаётган бу маҳоратли теннисчи вилоятда биринчи бўлиб спорт устаси нормативини бажарди.
— Ана шундай маҳоратли ёшларга ҳавас қилиб, теннисга меҳр қўйган ўғил-қизлар сони йил сайин кўпаймоқда, — дейди вилоят теннис федерацияси ижрочи директори Бўрон Шарипов. — Айни дамда вилоятимизда 700 нафарга яқин бола катта теннис билан шуғулланаяпти. Уларга зарур қулайликлар яратиб бериш, турли турнирлар ташкил этиш орқали маҳоратини ошириш саъй-ҳаракатидамиз.
Чиндан ҳам, кейинги бир йил ичида Бухорода теннисни ривожлантириш борасида катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Федерация томонидан шу спорт турини ривожлантиришга қаратилган дастур ишлаб чиқилди. Бухоро шаҳридаги теннисга ихтисослаштирилган 22-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биноси капитал реконструкция қилинди. Натижада бу ерда шароитлар яхшиланди. Когон туманидаги теннис корти ҳам капитал таъмирдан чиқарилиб, зарур анжомлар билан таъминланди. Эътиборлиси, вилоятнинг энг чекка қишлоқларида яшовчи ёшларнинг ҳам теннис билан шуғулланишлари учун имкониятлар юзага келмоқда. Хусусан, Қоракўл туманидаги “Мирзоқалъа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги теннис корти учун федерация зарур жиҳозлар ажратди. Бу иншоотни таъмирлаш тадбирлари ҳам белгиланган.
Яна бир диққатга молик жиҳати шундаки, ҳозир “Ҳумо”, “Дилкушо” теннис мажмуалари қаторида 22-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Когондаги кортда ҳам мамлакат ва халқаро миқёсдаги турнирларни ўтказиш имконияти мавжуд. Дарвоқе, жорий йилда хотин-қизлар ўртасидаги “Челленжер” халқаро турнири, шунингдек, республика миқёсидаги тўртта мусобақа Бухорода юқори савияда ташкил этилди.
Вилоят ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари жами 20 та нуфузли турнирда иштирок этиб, совриндорлар қаторидан ўрин олдилар. Халил Атоев, Абдураҳмон Юсупов, Шерзод Ҳамидов, Зайнаб Тошпўлатова, Дилнура Раҳмонова сингари умидли теннисчилар Собир Очилов, Собир Мўминов, Мўмина Қулиева, Анвар Бақоев каби тажрибали  мураббийлар қўли остида ўз маҳоратларини оширишмоқда. Улар орасидан жаҳон спорти юлдузлари етишиб чиқса, ажаб эмас.

Истам ИБРОҲИМОВ.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года