A+ R A-

Спортнинг сирли олами

Орзулар албатта ушалади

Ўн беш ёшли Ферузахон Обидхонованинг мусобақаларда тақдирланган медаль, диплом ва фахрий ёрлиқлари учун иккита жавон торлик қилади.

Лекин суратга муҳрланган ғалаба онлари икки альбомга шундай дид билан, чиройли қилиб жойлаштирилганки, шубҳасиз, бу тўпламлар Ферузахоннинг умр дафтаридаги энг азиз саҳифалардан биридир.
Ферузахон каратэ машғулотларига етти ёшидан қатнаша бошлаган. Ундаги бу спорт турига ҳавасни акаси Аброрхон уйғотган. Боиси ўша кезларда Аброрхон Гулистон шаҳридаги 11-умумтаълим мактабида ўқиш билан бирга, шу ерда ташкил этилган каратэ тўгарагига ҳам қатнар эди.
— Қизим ёшлигидан акасининг уйда бажарадиган машқларини зийраклик билан кузатар, унга болаларча тақлид қилар эди, — дейди спортчи қизнинг онаси Саодат Омилова. — Аввалига дадаси “Қиз болага бу спорт тури оғирлик қилмасмикан?” деб рухсат бермади. Лекин ўртага боболари тушиб, “Боланинг қизиқишини синдириш керак эмас”, дейишди. Шундан сўнг масала ўз-ўзидан ҳал бўлди. Эндиликда Ферузахоннинг ютуқларидан хурсанд бўлган дадаси бот-бот “Қари билганни пари билмас экан. Ўшанда жимитдек қизингни вақти келиб, нуфузли мусобақаларда ғолиб бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим”, дейди.
Ферузахон вояга етаётган оила аъзоларининг касб-кори, асосан, тиббиёт соҳасида. Шунданми, суҳбат асносида унинг дадаси Саҳибхон Омилов “Инсон саломатлиги учун энг самарали восита жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш экан. Буни фарзандларим мисолида кўриб билдим”, дейди.
Каратэчи қизнинг ўзи эса ушбу спорт турида чуқур мазмун-моҳият, ҳаётий маъно бор, деб ҳисоблайди.
— Ҳозир шотакан каратэ-до билан шуғулланаяпман, — дейди у. — Ушбу спорт турида рақибни ҳурмат қилиш ва бошқа инсоний эзгуликлар улуғланади. Унга қизиқиб қолганимнинг сабаби ҳам шунда. Чунки бу турда қиз бола руҳиятига ҳамоҳанг жиҳатлар кўп. Сирдарёда мазкур спорт тури билан шуғулланаётган қизлар кўпчиликни ташкил этади. Қолаверса, шаҳримиз ва вилоятимиз ўғил-қизлари каратэ бўйича мамлакатимизнинг турли ёшдаги терма жамоаларининг асосий негизини ташкил этади.
Дарҳақиқат, вилоятда ёшларнинг мазкур спорт тури билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Биргина Гулистон шаҳридаги кўплаб спорт мажмуалари ва таълим масканларида каратэнинг бир неча йўналишлари бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
— Ферузахон Обидхонова мамлакатимизнинг умидли ёшларидан бири, — дейди устози Одил Расулов. — У болалар, ўсмирлар ва катта ёшдагилар ўртасида ўтказиб келинаётган республика биринчилиги ҳамда кубоги беллашувларида совриндорлар қаторидан жой эгаллаб келмоқда. Жумладан, ўтган йилги Ўзбекистон кубоги баҳсларида 40 килограммгача бўлган тенгдошлари орасида кумитэ бўйича иккинчи ўринни қўлга киритди. Мамлакат биринчилигида эса 12-13 ёшли спортчилар ўртасида ката йўналишида ғолиб чиқди. Ферузахон келгусида Осиё ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ҳам иштирок этиб, юқори натижаларга эришишига ишончимиз комил.
Сирдарёлик каратэчи қизнинг асосий мақсади ҳам шу. Ундаги қатъиятни кўриб, бизнинг ҳам бунга ишонгимиз келди. Чунки спортда қатъиятлилик, мустаҳкам ирода ғалаба сари етакловчи муҳим омиллар саналади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года