A+ R A-

Спортнинг сирли олами

Мазмунли ўйин, катта даромад

Европадаги етакчи футбол клубларининг ёзги ва қишки трансфер пайтида янги ўйинчилар харид қилиш учун жуда катта маблағ сарфлашини кўпчилик яхши билади.

Масалан, “Реал”, “Барселона”, “Челси”, “Ливерпуль”, “Манчестер Сити”, “Бавария”, “ПСЖ”, “Монако” каби қатор гранд жамоалар ана шу даврда доимо фаол бўлишга интилишади, вақти келганда шов-шув кўтаришга ҳам имкон топишади. Ҳатто баъзида уларнинг бир ўйинчи учун йўналтирган маблағи айрим ўртаҳол клубларнинг умумий бюджетидан ҳам ортиб кетадики, бунга ҳам ҳайратланасан, ҳам ҳайрон қоласан, киши. Яқиндагина “Қироллик клуби”нинг уэльслик Гарет Бейлни қўлга киритиш учун 100 миллион евродан воз кечганини ёдга олинг-а. Хўш, улар қандай қилиб бунга эришишаяпти? Молиявий шароитларини ниманинг ҳисобидан мустаҳкамлашаяпти? Келинг, шу ҳақда сўз юритсак.
Таъкидлаш жоиз, футболни том маънода бизнесга айлантиришда айнан “кўҳна қитъа” вакиллари жуда катта тажриба тўплашган. Хусусан, аксарият жамоалар чипталар, мавсумий абонементлар, футболкалар, шарфлар ҳамда турли сувенирлар савдосига муҳим даромад манбаи сифатида эътибор қаратишади. Ана шундай маҳсулотларга талаб ҳам етарли. Бунга учрашувларни телеэкран орқали кузатганимизда ўзимиз доим гувоҳ бўламиз. Яъни стадионга йиғилган мухлисларнинг кўпчилиги ёқтирган клубининг футболкасини кийиб олгани ёки шарфини ўраб олгани кўзга ташланади. Миллионлар ўйини ватани ҳисобланган Англия жамоалари ҳақида айтадиган бўлсак, улар йиллик тушумларнинг тахминан 30-40 фоизини айнан шу йўналишдаги савдодан олишар экан. 20 дан 50 фоизгача бўлган маблағлар эса телетрансляциялар эвазига келади. Ҳатто “Манчестер Юнайтед”, “Челси” ва “Реал ” жамоалари ўз телеканалларига эга бўлиб, бу ҳам қўшимча имконият деганидир. Даромаднинг қолган қисми рекламалар, трансферлар ва мусобақалардаги совринлар эвазига орттирилади. Албатта, клубларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда қатор ҳомийлар, акциядорларнинг ҳам алоҳида улуши борлигини қайд этиб ўтиш жоиз.
Маълумки, “Deloitte” аудиторлик компанияси ҳар йили энг кўп даромад олган футбол клублари рейтингини эълон қилиб боради. Эътиборли томони шундаки, рўйхатнинг дастлабки ўнталигига доимо Англия жамоаларидан камида бештаси киришга муваффақ бўлади. Мисол учун, 2012 йил якунлари бўйича “Реал” (Испания, 521,6 млн. доллар), “Барселона” (Испания, 483 млн.), “Манчестер Юнайтед”, (Англия, 395,9 млн.), “Бавария” (Германия, 368,4 млн.), “Челси” (Англия, 322,6 млн.), “Арсенал” (Англия, 290,3 млн.), “Манчестер Сити” (Англия, 285,6 млн.) ҳамда “Милан” (Италия, 256,9 млн. доллар) клублари энг юқори кўрсаткичга эга, деб топилган.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳар қандай ҳолатда ҳам клубнинг молиявий имкониятлари мустаҳкамланишида, энг аввало, футболчиларнинг чиройли ўйин кўрсатишию ички чемпионат ёки халқаро учрашувларда эришадиган натижалари жуда катта аҳамият касб этади. Акс ҳолда, фақат маркетингга зўр беришдан фойда йўқ. Мазмунли ўйин кўрсатилса, жамоанинг мухлислари сафи кенгайиб бораверади, ўз-ўзидан, чипта бизнеси ҳам юришади. Бунга мисолни яна ўша футбол ватанидан келтирамиз. Айтайлик, ўтган йили “Манчестер Юнайтед” ҳамда “Челси” жамоалари йиллик даромаднинг учдан бир қисмини чипталар савдосидан топишган. “Арсенал” эса юқоридаги рейтингнинг йигирматалигида жойлашган клублар орасида стадионига энг кўп томошабин қабул қилган клуб бўлди. Унинг 41 фоиз даромади айнан чипталар савдосидан орттирилган. “Ливерпуль”, аҳамият беринг, гарчи ўз майдонида бошқаларга нисбатан учта кам ўйин ўтказган бўлса-да, ҳар бир учрашувда ўртача маблағ тушуми бўйича 2011 йилдаги кўрсаткичини 3 фоизга яхшилашни уддалаган. Аниқроғи, мерсисайдликлар ҳар бир ўйиндан ўрта ҳисобда 1,9 миллион фунт стерлингдан ишлаганлар.
Юқорида ҳомийлар ҳақида гап кетди. Айтиш лозимки, йирик фирма ёки компаниялар, ишлаб чиқарувчилар ўз савдо белгиларини кенг тарғиб этишда футбол клублари, лигалари билан яқин ҳамкорлик қилиш ҳар томонлама манфаатли эканини яхши билишади. Шерикни танлаганда эса, албатта, унинг мавқеи, мухлисларининг сони алоҳида эътиборга олинади. Демак, юқори даражада ўйин кўрсатилса, жамоа учун таклифни ҳомийларнинг ўзи бера бошлайди. Яна бир мисол. Айрим маълумотларга кўра, “Манчестер Юнайтед” клубининг дунё бўйича ишқибозлари сони 660 миллион нафардан ошар экан. Хўш, шунча мухлиси бор жамоа билан ким ҳам ҳамкорлик юзасидан шартнома тузмайди, дейсиз?! Шунинг учун ҳам футболкасида реклама жойлаштириш ҳисобидан даромад топишда манчестерликлар етакчилик қилишмоқда.
Албатта, Европадаги ҳолат билан биздаги имкониятларни таққослаш ножоиз. Аммо кўпинча миллий чемпионатимизнинг олий лига баҳсларида стадионлардаги аксарият ўриндиқларнинг ҳувиллаб қолиши кишини ўйлантиради. Ҳатто яқинда Ўзбекистон кубогининг “Бунёдкор” ва “Насаф” иштирокидаги финал ўйини ҳам, нари борса, беш-олти минг мухлис қаршисида ўтди. Айтинг-чи, бундай ҳолатда маркетинг тизимини ривожлантириш мумкинми? Шароит бор, давлат эътибори етарли, хўш, сабаб нимада? Бунга ҳар ким ўзидан келиб чиқиб жавоб бергани маъқул, назаримизда...

Шавкат ОРТИҚОВ.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года