A+ R A-

Футбол

АССАЛОМ, ФУТБОЛ БАҲОРИ!

02032013Баҳор... Ушбу фаслни доимо ўзгача интиқлик билан кутамиз.
Шу жумладан, футбол мухлислари ҳам. Қуёшнинг заррин нурлари борлиққа илиқлик бағишлайди, дов-дарахтлар қайта уйғониб, атроф яшилликка бурканади. Майин шаббода, гулларнинг димоқни қитиқлагувчи ёқимли  ифорини айтмайсизми?! Баҳор фаслининг кириб келиши билан юртимизда футбол мавсуми ҳам бошланади. Ям-яшил майдонларимиз яна мухлислар билан тўлади.

Бугун ана шу ҳаяжонли дамларнинг биринчи куни...
Ҳар гал спортимиз ҳақида гап кетганда, унинг бугунги шиддати истиқлол билан боғлиқ эканини бот-бот таъкидлаймиз. Дарҳақиқат, мустақиллик туфайли ўзбек футболи ҳам том маънодаги ривожланиш босқичига кўтарилди. Ўтган йиллар мобайнида футбол клубларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, стадионларни ФИФА талабларига мувофиқлаштириш, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир маҳоратли футболчиларни тайёрлаш, шунингдек, юртимиз футболининг оммавийлик даражасини ошириш мақсадида бир қанча ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 1 майдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, юртимизда Футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилди. Айни вақтда мазкур жамғарма болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.
Президентимизнинг 2011 йил 19 январдаги “2011 — 2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, футбол бўйича мактаб-интернатлар, болалар ва ўсмирлар мактаблари, профессионал футбол клублари ва терма жамоаларда ўқув-машқ савиясини яхшилаш, футболчилар, тренерлар ҳамда ҳакамларнинг маҳорат ва малакасини ошириш, стадионлар қуриш, мавжудларини талаб даражасида таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  Биргина ўтган йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида жаҳон андозаларига жавоб берадиган “Бунёдкор” ва “Локомотив”, Бекобод шаҳрида “Металлург” футбол стадионларининг барпо этилгани ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
Муҳими, бу каби юксак эътибор ўзбек футболининг халқаро майдондаги нуфузи юксалишига хизмат қилаётир. Биргина ўтган йилда турли ёшдаги терма жамоаларимизнинг халқаро майдонларда қўлга киритган муваффақиятлари бунга ёрқин мисолдир. Хусусан, ўсмирлар ўртасида Эронда ўтказилган Осиё чемпионатида вакилларимиз бош совринни қўлга киритди. Ногирон-ампутантлар ўртасида кечган жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз кетма-кет учинчи маротаба чемпион унвонига сазовор бўлди. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилигида терма жамоамиз кучли тўртликдан жой олиб, навбатдаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йили Бразилияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати саралаш босқичида муҳим очколарни қўлга киритиб, ўз гуруҳида пешқадамга айланди. 16 ёшгача бўлган қизларимиз илк маротаба Осиё чемпионатининг финал қисмига йўлланма олишди.
Янги мавсумда бундай муваффақиятлар янада бойишига ишончимиз комил. Масалан, миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионати йўлланмаси учун жуда яқин турибди. Ўзаро давраларда, футбол мухлислари ўртасидаги суҳбатларда ҳам шу мавзу: Миржалол Қосимов бош мураббийлигида футболчиларимиз Бразилияга боришсин, чиройли ўйин кўрсатиб, Ўзбекистон номини улуғлашсин, дея ниятлар билдиришаяпти. Бундай самимий тилакларнинг ижобат бўлишини ҳар биримиз чин дилдан истаймиз.  
Қитъа миқёсидаги мусобақаларда мухлису мутахассислар эътиборига тушган, меҳрини қозонган ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиздан ҳам умид катта. Улар бўлажак жаҳон чемпионатларида ўз иқтидорларини яна бир карра кўрсатишлари керак. Шу маънода, янги футбол мавсуми ўтган йилги муваффақиятларни янада бойитадиган муҳим палла, десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Гарчи мамлакатимизда футбол бўйича ХХII миллий чемпионат баҳсларига бугун старт берилса-да, “Пахтакор” ва “Бунёдкор” каби етакчи жамоаларимиз қитъа клублари ўртасидаги нуфузли мусобақа — Осиё чемпионлар лигасида аллақачон дастлабки ўйинларини ўтказишди. Қувонарли жиҳати, вакилларимиз гуруҳ босқичидаги биринчи турни ғалаба билан якунладилар. Жумладан, “Пахтакор” ўз майдонида Саудия Арабистонининг “Ал-Иттифоқ”, “Бунёдкор” эса сафарда Япониянинг “Санфречче Хиросима” клубидан устун келди. Ана шу ютуқлар мамлакатимиз миллионлар ўйини мухлисларига олам-олам қувонч, баҳорий кайфият бағишлади.
— Албатта, турнирни ғалаба билан бошлаш жудаям ёқимли. Айниқса, илк ўйинни меҳмонда ўтказган клуб учун, — дейди Хиросимадаги учрашувдан сўнг “Бунёдкор” клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов. —  Бутун ўйин давомида бевосита стадионда  бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга ва Ватанимиздан туриб руҳий далда бўлган юртдошларимизга алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Ҳали олдинда жуда кўп синовлар бор. Қолаверса, миллий чемпионатимизда ҳам бу йил рақобат анча кучли бўлади, деган фикрдаман. Чунки бир қатор клублар мавсумга жиддий ҳозирлик кўришди, таркибларини маҳоратли футболчилар билан бойитишди. Ҳар бир баҳс ҳам қизиқарли, ҳам муросасиз кечиши турган гап. Шу боис биз ички чемпионатга худди халқаро ўйинларга тайёргарлик кўргандек ёндашамиз.
Табиийки, футболимизнинг халқаро майдонлардаги муваффақияти миллий чемпионатимизнинг савияси ва ундаги рақобат даражасига бевосита боғлиқдир. Кейинги йилларда бу борада ҳам ўсиш кузатилаяпти. Масалан, олдинги йилларда совринли ўринлар учун баҳс, асосан, “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Насаф” ва “Нефтчи” каби жамоалар ўртасида кечган бўлса, ўтган мавсумда бу курашга пойтахтнинг “Локомотив” клуби ҳам қўшилди. Буни “темирйўлчилар” ХХI миллий чемпионат беллашувлари якунида бронза медалини қўлга киритиб, амалда исботладилар.
ХХII миллий чемпионатда Наманганнинг “Навбаҳор”, Самарқанднинг “Динамо”, Бухоронинг “Бухоро” клублари ҳам ана шундай юксак мақсадни кўзлаб, бўлажак баҳсларга астойдил тайёргарлик кўришди.
Мамлакатимизда футбол инфратузилмасини янада такомиллаштириш борасидаги ишлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, бу йил Наманган, Фарғона, Олмалиқ, Жиззах шаҳарларида янги стадионлар фойдаланишга топширилади. Мисол учун, “Навбаҳор” клуби учун мўлжаллаб барпо этилаётган стадион 20 минг ўринга эга бўлади. Унга 1250 люкс қувватга эга ёритиш тизими ўрнатилади. Бу телетрансляцияларни юқори сифатда амалга ошириш имконини беради. Шунингдек, футболчилар, ҳакамлар ва ОАВ ходимлари учун барча қулайлик яратилади. Бошқа стадионлар ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин.
Хуллас, янги мавсум ана шундай янгиликларга, муҳим воқеаларга бой йил сифатида спортимиз тарихидан жой олишига ишончимиз комил.
Бугун бошланадиган миллий чемпионатимизнинг биринчи турида қуйидаги жамоалар ўзаро куч синашади:  “Нефтчи” (Фарғона) — “Динамо” (Самарқанд), “Металлург” (Бекобод) — “Шўртан” (Fузор), “Насаф” (Қарши) — “Олмалиқ” (Олмалиқ), “Қизилқум” (Зарафшон) — “Гулистон” (Гулистон).
Ушбу турдан ўрин олган “Пахтакор” (Тошкент) — “Навбаҳор” (Наманган) жамоалари ўртасидаги ўйин 3 март, якшанба кунига белгиланган.
4 март, душанба куни “Локомотив” (Тошкент) — “Бухоро” (Бухоро), “Сўғдиёна” (Жиззах) — “Бунёдкор” (Тошкент) клублари ўртасидаги беллашув билан дастлабки турга якун ясалади.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года