A+ R A-

Спорт

Cоғлом, кучли, мард ва қатъиятли

Фарзандларимизнинг ана шундай хислатларга эга бўлиб вояга етишлари учун мамлакатимизда барча шарт-шароит яратилган.

Ҳар гал иқтидорли йигит-қизларимизнинг энг нуфузли халқаро спорт мусобақаларида бири-биридан ажойиб ютуқлари, ғалабалари шарафига мадҳиямиз янграб, байроғимиз баланд кўтарилганда, барчамиз тўлқинланиб, ҳаяжонли онларни бошимиздан кечирамиз. Бундай қувончли лаҳзаларнинг аҳамиятини, очиғи, ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Ватанимиз шон-шуҳратини дунёга ёйишга хизмат қилаётган ушбу муваффақиятлар Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий самараларидир.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида фарзандларимизнинг ўз қобилияти ва истеъдодини тўла намоён этиши учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Жумладан, таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш жараёнида унинг узвий қисми сифатида болалар спортининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, умумтаълим мактабларида замонавий болалар спорт комплекслари тармоғини барпо этиш, уларни бугунги кун талабларига мос ускуна ҳамда инвентарлар билан жиҳозлаш, шунингдек, ана шу иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида кенг кўламли ишлар бажарилаяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Жамғарма болалар ва ўсмирлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом ҳаёт тарзини кенг қарор топтириш, баркамол авлодни шакллантиришнинг ноёб тизимига айланди.
Президентимиз Ислом Каримов раислигида Оқсаройда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида билдирилган фикр-мулоҳазалар, келтирилган рақамлар мамлакатимизда соғлом авлодни тарбиялаш масаласига нақадар устувор аҳамият қаратилаётганини яна бир карра тасдиқлади. Эътибор беринг: биргина 2013 йилнинг ўзида 113 спорт иншооти ва сузиш ҳавзаси, 55 болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилган. Ушбу объектларнинг 132 таси қишлоқ жойларда ишга туширилган. Буларнинг барчаси Президентимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган эзгу даъватининг ҳаётий ифодаларидир.
Барча спорт мажмуалари замонавий спорт инвентарлари ва малакали мураббийлар билан таъминланаётгани туфайли уларнинг қамрови тобора кенгайиб бормоқда. Бугун мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган спорт мажмуаларида ҳар йили янгидан-янги истеъдодлар кашф қилинаётир. Уларнинг халқаро майдонларда ўз қобилиятини намоён этиши учун ҳам кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Мисол учун, ўтган йили Жамғарма маблағлари ҳисобидан 554 нафар бола (163 нафари қизлар) халқаро, қитъа ва минтақа миқёсидаги мусобақаларда ўттизга яқин спорт тури бўйича иштирок этиб, 124 та олтин, 96 та кумуш ва 133 та бронза медалини қўлга киритди. Демак, спортимизнинг келажаги ёруғ, эртаси порлоқ.

Маъруфжон ТУРДИМАТОВ,
Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Фарғона вилояти филиали директори:

— Президентимиз ҳар бир чиқишларида фарзанд тарбиясининг аҳамияти, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга барча шарт-шароитни яратиб бериш хусусида гапирадилар. Оқсаройда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳам, жумладан, “Болалар учун барпо этиладиган ҳар бир иншоотни қалб қўримизни бағишлаб қуришимиз керак. У ерда шуғулланган болалар шундай имкониятлардан мамнун бўлиб, эзгу мақсад ва интилишлар билан яшасин. Зеро, фарзандларимизни хурсанд қилиш, уларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун шароит яратиш бизнинг бурчимиз”, деган сўзлари эртамиз эгаларига бўлган меҳр ва эътибор нақадар чексиз эканлигини кўрсатади.
Қаранг, 2013 йилда республикамиз бўйича болалар спорти объектлари, мусиқа ва санъат мактаблари барпо этиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун 210 миллиард 400 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Бу шунчаки рақам эмас. Бу баркамол авлод тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини тасдиқловчи муҳим далилдир.
Биргина бизнинг Фарғона вилояти мисолида айтадиган бўлсак, ўтган йили Жамғарма маблағлари ҳисобидан Қўқон шаҳри, Фарғона, Ўзбекистон туманларида янги спорт иншоотлари барпо этилди. Марғилон шаҳри, Риштон, Учкўприк ва Боғдод туманларидаги мактабларда спорт заллари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Фарғона шаҳри, Қува ҳамда Ёзёвон туманларида болалар мусиқа ва санъат мактаблари барпо этилди. Бу ишларга 17,4 миллиард сўм сарфланди. Фаолият кўрсатаётган 112 та спорт объекти ва 413 та мактабдаги спорт иншоотларини зарур инвентар ҳамда ускуналар билан жиҳозлашга бир миллиард 614 миллион сўм йўналтирилди.
Ҳозир ушбу мажмуаларда
6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 205 минг нафар ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу рақам, 2003  йилдагига нисбатан олганда, 1,4 баробар кўпдир. Сўнгги ўн йилда қишлоқ жойларда болаларнинг спорт билан шуғулланиши 15 фоиздан 43 фоизга ўсди. Қишлоқ қизларини спортга жалб этиш даражаси 2,8 баробар ошди.
2014 йил мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилинди. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда ҳам вилоятда болалар спортини ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш тадбирлари изчил давом эттирилади. Бунда Президентимизнинг Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида билдирган фикр-мулоҳазалари, кўрсатган йўл-йўриқлари биз учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Мирзоҳид ФАРМОНОВ,
дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи:

— Биз, Ўзбекистон ёшларига бугун дунёнинг жуда кўп давлатларидаги тенгқурларимиз ҳавас билан қарашади. Бунга мен дзюдо бўйича қатор халқаро мусобақалардаги иштироким давомида хорижликлар билан яқиндан суҳбатлашиб, кўп бор гувоҳ бўлганман. Чунки юртимизда баркамол авлод таълим-тарбияси учун барча шарт-шароит яратиб берилаётир. Айниқса, шаҳару қишлоқларимиз қиёфасига ўзгача кўрк бағишлаб турган бири-биридан ажойиб спорт кошоналари, сузиш ҳавзалари, стадионлар ҳар қандай кишининг эътиборини тортади, завқини оширади. Уларда минглаб ёшлар ўзлари севган спорт турлари билан шуғулланишмоқда. Кўрсатилаётган бундай беқиёс ғамхўрликка муносиб бўлиш бизнинг чин фарзандлик бурчимиздир.
Спортда қандай натижаларга эришаётган бўлсак, буларнинг барчаси, шубҳасиз, болалар спортини ривожлантиришга бўлган эътибор мевасидир. Ўзимдан келиб чиқиб айтсам, 2010 йилда Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида кумуш, 2011 йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида ташкил этилган Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритдим. 2012 йилда Лондон Олимпиадасида қатнашиш бахтига муяссар бўлдим, катта тажриба орттирдим. Ўтган йили “Улкан тож” ва Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнирларда бронза ҳамда олтин медаллар билан тақдирландим. Ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа айнан Обод турмуш йилида рўй берди. Гап шундаки, Президентимизнинг 2013 йил 3 декабрдаги “Юқори натижаларга эришган бир гуруҳ иқтидорли ёшларни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирландим. Давлатимиз раҳбарининг спортга, спортчиларга бўлган меҳри, эътибори нақадар юксак эканлигини яна бир карра дилдан ҳис қилдим. Бундай юксак ишончни яна янгидан-янги зафарларимиз орқали оқлашга ваъда берамиз.

Улуғбек АЛИМОВ,
оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи:

— Анъанага кўра, халқаро мусобақаларда, спортчиларни таништириш чоғида улар қайси давлат вакили эканлиги эълон қилинади. Мана шундай пайтларда “Ўзбекистондан!” дейишганида жуда ҳаяжонланиб кетаман. Бир зумга хаёлимда гўзал ва бетакрор юртимиз, оилам, яқинларим гавдаланади. Бундай онларни сўз билан таърифлаш қийин.
Олис юртда Ватан шарафини ҳимоя қилиш ҳар бир спортчининг орзуси. Мусобақаларда иштирок этиш учун қаерга бормайлик, фурсат топиб, хорижлик тенгқурларимизга Ўзбекистонимиз ҳақида, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида биз, спортчиларга яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида гапириб берамиз. Чиндан ҳам, фахрланиб айтсак арзийдики, юртимизда ҳар қандай спорт тури билан юқори даражада шуғулланиш учун замонавий инфратузилма яратилган. Кўркам спорт мажмуалари нафақат шаҳарларда, балки энг чекка ҳудудларда ҳам мавжуд. Бу спорт оммавийлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Халқаро миқёсдаги мусобақаларда 2012 йилдан иштирок эта бошлаганман. Дастлаб Ўзбекистон терма жамоаси сафида Жанубий Кореянинг Пхентек шаҳрида ўтказилган катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида қатнашиб, иккита олтин ва битта кумуш медални қўлга киритдим. Ўтган йили талаба спортчилар ўртасида ўтказилган Универсиада ўйинларида совриндор бўлдим. Ва ниҳоят, якунланган мавсумнинг энг нуфузли мусобақаси — Польшанинг Вроцлав шаҳрида ташкил этилган жаҳон чемпионатида бронза медали билан тақдирландим. Ушбу муваффақиятим инобатга олиниб, Президентимиз Фармонига асосан, менга “Ўзбекистонда Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони берилди. Бу юксак шараф, айни пайтда катта масъулият деганидир. Бундай эътиборга 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган навбатдаги ёзги Олимпиада ўйинларида Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, жавоб қайтармоқчиман.

Замиражон САНАҚУЛОВА,
бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи:

— Президентимизнинг: “Биз дунёда ҳеч кимдан кам эмасмиз”, деган сўзлари биз, ёшларга ҳамиша кўтаринки руҳ, қўшимча куч ва ўзимизга қатъий ишонч бағишлайди. Шу туфайли ҳам юксак марраларни мақсад қилиб, бирма-бир ютуқларга эришаяпмиз.
Мамлакатимизда спортни ривожлантиришнинг ўзига хос ноёб тизими яратилган. Буни хорижлик мутахассислар ҳам кўп бор тилга олиб ўтишади. Масалан, Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган уч босқичли тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари спортни оммалаштириш, юртимиз терма жамоалари учун муносиб номзодларни тарбиялаб беришда катта маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда. Мазкур мусобақаларнинг ноёблиги шундаки, у мактаб ўқувчиларидан тортиб, олий таълим муассасаси битирувчиларигача бўлган ёш авлод вакилларини қамраб олади. Қолаверса, бундай ўйинларга тайёргарлик жараёнида ҳудудларда кўплаб спорт иншоотлари қад ростлайди. Бу яна минглаб ёшларни спортга жалб этиш имконини бермоқда.
Мен ҳам “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” спорт ўйинларида қатнашиб, катта тажриба орттирганман. Бир неча бор республика чемпиони бўлдим. Кейинчалик Италия, Германия, Хитой каби қатор ривожланган давлатларда ўтказилган халқаро мусобақаларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олдим. Айниқса, XVI ёзги Осиё ўйинларининг жамоа беллашувларида кумуш медалга сазовор бўлганимиз фаолиятимдаги муҳим ютуқлардан бири саналади. Ўшанда шоҳсупага кўтарилганимиздаги ҳолатни бир билсангиз эди. Шу қадар қаттиқ ҳаяжонланган эдимки, хурсандлигимдан кўзимга қувонч ёшлари келганди. Президентимиз ана шу ғалабамизни эътироф этиб, аҳамиятини юқори баҳолаганликлари қалбимизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлаганди.
Тарихимиз буюк, дунёга номи маълуму машҳур алломалар ўтган бу заминдан. Биз улар билан ҳамиша фахрланамиз. Аммо фақат шу билан кифояланишдан йироқмиз. Иқтидоримиз, истеъдодимиз бор экан, уни юзага чиқариб, мустақил Ўзбекистон фарзандлари ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлашда бундан кейин ҳам давом этамиз!

Ш. ОРТИҚОВ, Ф. АБИЛОВ
ёзиб олди.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года