A+ R A-

Спорт

Баркамол авлод камоли — устувор мақсад

Юртимизда болалар спортини ривожлантириш орқали баркамол авлодни тарбиялаш ва оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Буни истиқлол йилларида нафақат шаҳарларда, балки олис қишлоқларда замонавий спорт мактаблари ва мажмуалари барпо этилгани ҳамда уларда илк тарбияни олган ёшларимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақият қозонаётганлари мисолида яққол кўриш мумкин.
Ўтган йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар изчиллик билан давом эттирилди. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, биргина 2013 йили 112 та болалар спорти объекти ва 4 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилиб, улар зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланди. Муҳими, бу саъй-ҳаракатлар боис спорт билан мунтазам шуғулланаётган болаларимиз сони ошиб бормоқда.
Айтиш жоизки, болалар спортини ривожлантириш ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, истеъдодли ёшларни аниқлаш, қисқача айтганда, катта спорт учун муносиб ўринбосарлар тарбиялашда “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳам ўзига хос ҳиссаси бор. Фонд томонидан “Обод турмуш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилган ишлар бунинг яққол тасдиғидир, десак, янглишмаймиз. Хусусан, ўтган йили маҳаллаларда 372 та болалар майдончаси барпо этилди, 902 таси таъмирланди, 1 минг 203 тасида ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бунинг учун фонд томонидан 152 миллион сўм, ҳомийлар ҳисобидан эса 4 миллиард 104 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланди.
Шуларга мос ҳолда, анъанавий турнирлар ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилди. Жумладан, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Халқ таълими, Ички ишлар, Маданият ва спорт ишлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Футбол федерацияси, Касаба уюшмалари Федерацияси Марказий Кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигидаги анъанавий “Футболимиз келажаги” республика турнири юқори савияда ўтказилди. Унда қатнашган маҳаллалар ва болалар сони янада ошгани, айниқса, эътиборлидир. Биргина мисол: 2008 йилда турнир қуйи босқичлари 8159 та маҳаллада ўтказилган бўлса, ўтган йили 8539 та фуқаролар йиғинида уюштирилди ҳамда уларда бир миллион 23 минг нафардан ортиқ болалар қамраб олинди. Муҳими, мусобақалар давомида кўплаб истеъдодли ёшлар кашф қилинмоқда.
— Мамлакатимизда спорт, хусусан, миллионлар ўйини бўлган футбол мусобақаларининг кенг ривожланиши ҳамда оммалашиб боришида давлатимиз раҳбари томонидан шу соҳага қаратилаётган катта эътибор ва ғамхўрлик муҳим омил бўлмоқда, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви бош мутахассиси А. Азизов. — Хусусан, Президентимизнинг 2011 йил 19 январдаги “2011 — 2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида жойларда замонавий футбол мактаблари ва майдонлари қурилиб, уларнинг барчасида зарур шарт-шароит яратилмоқда.
“Футболимиз келажаги” республика кубоги ҳақида гапирадиган бўлсак, ўтган йилда мусобақанинг 9-10, 11-12, 13-14 ёшдагилар ўртасидаги минтақавий республика босқичлари Нукус, Навоий, Тошкент шаҳарлари ҳамда Фарғона вилоятларида уюшқоқлик билан ўтказилди. Иштирокчиларнинг 327 минг нафари 9-10, 344 минги 11-12, 352 минг нафари эса 13-14 ёшли болалардир. Яна бир эътиборли жиҳати — замонавий стадионларда бўлиб ўтган туман ва шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, вилоятлараро минтақавий босқичлардан ўрин олган учрашувларни олий лига ҳакамлари бошқарди. Шунинг ўзиёқ бу мусобақа ёшлар ҳаётида нечоғли муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Турнирнинг финал босқичи ўйинлари Тошкент шаҳридаги “Истиқлол” ва “ЖАР” стадионларида минглаб футбол ишқибозлари гувоҳлигида бўлиб ўтди. 9-10 ёшдагилар ўртасида биринчи ўринни Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги “Чиннигарон” маҳалласи болалари қўлга киритди. Навоий шаҳридаги “Истиқлол”, Бекобод шаҳридаги “Янги ҳаёт”, Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманидаги “Туркистон” маҳаллалари ёш футболчилари кейинги ўринларни эгаллади. 11-12 ёшлилар ўртасида эса Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги “Қушбеги” маҳалла фуқаролар йиғини болаларига тенг келадигани топилмади. Кейинги ўринлар Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги “Бувайда”, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги “Қорабўйин”, Хоразм вилоятининг Хива туманидаги “Бинокор” маҳаллалари футбол жамоаларига насиб этди. 13-14 ёшдагилар ўртасидаги финал босқичи ҳам қизиқарли кечди. Якунда Фарғона вилоятининг Боғдод туманидаги “Ирғоли”, Бухоро шаҳридаги “Чорбахосса”, Навоий шаҳридаги “Баҳор”, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги “Мирзачўл” маҳалла фуқаролар йиғинлари жамоалари ғолиблар сафидан жой олди.
— Икки йилдан буён маҳалла болалари билан “Футболимиз келажаги” республика кубоги мусобақаларида иштирок этиб келамиз, —  дейди Риштон  туманидаги “Чиннигарон” маҳалла фуқаролар йиғини футбол жамоаси аъзоси Р. Ҳайдаров. — Бунинг учун бизда барча шарт-шароит мавжуд. Аниқ айтадиган бўлсак, замонавий болалар майдончаси ихтиёримизда. Шу билан бирга, йиғин фаоллари саъй-ҳаракати билан машғулотларни тажрибали мураббий ёрдамида ана шундай спорт мажмуалари ва стадионларда ўтказдик. Натижада турнирда ғолиб бўлдик. Бу мусобақа орзуларимиз рўёбга ёрқин чиқаётганининг далолатидир.
Таъкидлаш керакки, боланинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб улғайишида миллий спорт ўйинларимиз алоҳида ўрин тутади. Бугун янги спорт иншоотлари қад ростлаши баробарида, миллий спорт ўйинлари, хусусан, курашимизни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани барчага маълум. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, тегишли вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган кураш бўйича “Маҳалламиз паҳлавонлари” республика турнири мусобақаларига ёшу кекса — барча бирдек қизиқиш билдираётгани ҳамда уни юқори савияда ўтказиш йўлида жонбозлик кўрсатаётганликлари ана шу эътиборнинг амалий ифодасидир.
Ўтган йили бу мусобақанинг қуйи босқичлари 8299 та маҳаллада ташкил этилди. Олтита ёш тоифасида бўлиб ўтган мазкур беллашувларда 145 мингдан зиёд ёшлар, жумладан, 44 мингга яқин қизлар қамраб олинганлиги ҳам унинг ёшлар ҳаётида нечоғли аҳамиятга эга эканини кўрсатиб турибди.
Мусобақанинг якуний босқичи 11-13 декабрь кунлари Навоий шаҳрида 84 нафар ҳудудий босқичлар ғолиблари иштирокида ўтказилди. Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Жиззах вилояти жамоаси эгаллади. Кейинги ўринларга Андижон, Навоий ва Фарғона вилоятлари жамоалари лойиқ, деб топилди.
— Аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий кураш истиқлол туфайли қаддини тиклади ва дунёга чиқди, — дейди жиззахлик ёш полвон Ж. Баҳромов. — Бу борада жойларда миллий кураш учун яратилаётган шарт-шароитлар асосий омил бўлаётир. Жумладан, мен истиқомат қилаётган Пахтакор туманидаги “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинида спортнинг ушбу тури билан шуғулланиш учун барча имкониятлар мавжуд. Биз бундан унумли фойдаланиб, турли мусобақаларда ғолиб бўлиб қайтаяпмиз. Полвон бўлиб камолга етишимизда “Маҳалламиз паҳлавонлари” республика турнири катта таъсир кўрсатаяпти, десам, айни ҳақиқат. Бугунги кунда бу мусобақа полвонларни етиштириб берадиган ўзига хос мактаб бўлиб шаклланди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ташаббуси билан анъанавий ўтказилаётган “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи” мусобақаси ҳам оилалар бирдамлигини таъминлаш, уларда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш ва ёшларни спортга йўналтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Ўтган йили замонавий спорт объектлари, стадион ва мажмуаларда юқори савияда ташкил этилаётган мазкур мусобақанинг маҳаллалараро босқичида 7409 та фуқаролар йиғини ҳудудидаги оилалар қатнашгани унинг нуфузини, оммавийлигини тасдиқлаб турибди.
— Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бор. Яъни ота ёки она спорт билан шуғулланса, албатта, болада ҳам шунга рағбат уйғонади, — дейди пойтахтимизнинг “Қушбеги” маҳалласида истиқомат қилувчи Ш. Иноятова. —  Биз “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи” мусобақасида қатнашишдан олдин ҳам спорт билан шуғулланардик, аммо бу мунтазам эмас эди. Мазкур беллашув туфайли спорт ҳаётимиздан чуқур жой олди, турмушимиз тарзига айланди. Айниқса, болаларимизнинг қизиқиши ҳар қачонгидан-да ошди. Маҳалламизда спорт билан шуғулланаётган қизлар сони кундан-кунга кўпаяётгани ҳам қувончли ҳолдир. Ҳозир қизларимиз вақт бўлди, дегунча спорт тўгарагига қараб чопишаяпти. Буни кўриб, суюнамиз, “Болаларимиз чемпион бўлсин”, деб кўнглимизда ният қиламиз. Буларнинг барчаси учун ушбу мусобақа ташкилотчиларидан миннатдормиз.
— Соғлом авлод тарбияси — барчамизнинг муқаддас бурчимиз. Зеро, ҳар қандай давлатнинг, миллатнинг, ҳар бир инсоннинг энг улуғ орзуси — соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдир, — дейди “Маҳалла” фондининг Навоий вилояти бошқаруви раиси Н. Исоқов. — Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида соғлом бола тарбиясида маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг катта ўрни ва таъсири борлиги алоҳида эътироф этилди. Албатта, ушбу юксак ишонч ҳамда белгилаб берилган устувор вазифалар тизим фаолларига катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда ҳам “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида кенг қамровли чора-тадбирларни амалга ошириш ниятидамиз.
Умуман, маҳалланинг ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, хусусан, болалар спортини ривожлантиришдаги аҳамияти ниҳоятда катта. Шубҳасиз, бу борадаги ишлар Соғлом бола йилида янада юксак босқичга кўтарилади. Зеро, ҳар жиҳатдан баркамол, соғлом авлодгина улуғ ишларни амалга оширишга қодир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года