A+ R A-

Спорт

Фарзандлар камоли — олий саодат

Жисмонан соғлом, маънавий етук авлодни тарбиялашда спортнинг ўрни беқиёс. Шу боис истиқлолнинг илк  йиллариданоқ Президентимиз раҳнамолигида мазкур соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бундай ғамхўрлик эса амалда ўзининг ёрқин самараларини бераяпти.

Хусусан, бугун йигит-қизларимиз нафақат мамлакат миқёсидаги спорт мусобақаларида, балки кўплаб халқаро турнирлар, қитъа ҳамда жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ўйинларида муносиб иштирок этиб, ҳеч кимдан кам эмасликларини исботламоқдалар. Уларнинг шарафига давлатимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграганда, кўнглимиз чексиз ғурурга, фахру ифтихорга тўлаётир.
Дарҳақиқат, баркамол фарзандлар юрт тараққиёти, жамият равнақида муҳим ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, улар онгида спортга муҳаббат туйғуларини шакллантириш борасида ўтган йиллар давомида кўлами ҳамда аҳамияти жиҳатидан ибратли ишлар бажарилди. Бугун қайси шаҳар, туман ёки олис қишлоқ ҳудудига борманг, кўркам ижтимоий-маиший бинолар қаторида бири-биридан чиройли, муҳташам спорт мажмуалари, стадионлар ва иншоотларга кўзингиз тушади. Уларда минглаб болаларнинг ўзлари севган спорт турлари билан шуғулланаётгани эса ҳавасингизни келтиради.
Хоразм вилоятида ҳам бу борада эзгу саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқдаки, бунинг натижасида минг-минглаб ўғил-қизлар қалбида соғлом ҳаётга бўлган интилиш ва иштиёқ кучайди.
— Вилоятимизда 2003 — 2013 йилларда жами 94 та болалар спорти объекти бунёд этилиб, ёшлар ихтиёрига берилди, — дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Хоразм вилояти филиали директори Комилжон Ибраимов. — Биргина ўтган йилнинг ўзида воҳада еттита спорт иншооти фойдаланишга топширилди. Урганч туманидаги болалар спорт мажмуаси, Қўшкўпир туманидаги спорт мактаби, Хива, Урганч, Янгиариқ, Хонқа, Гурлан туманларидаги янги спорт заллари шулар жумласидандир. Эътиборли жиҳати, мазкур иншоотларнинг 80 фоиздан ортиғи қишлоқларда жойлашган. Уларнинг замонавий спорт жиҳозлари ва инвентарлари билан тўла таъминлангани машғулотларни бекаму кўст ўтказишда муҳим аҳамият касб этаётир. Бугунги кунда вилоятдаги мавжуд спорт иншоотларида доимий ва соғломлаштириш гуруҳларида шуғулланувчилар сони 152453 нафарга етди. Шундан 59433 нафари қизлардир.
Шуларга ҳамоҳанг тарзда турли спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўқувчи-ёшлар ўртасида спортнинг миллий ва оммавий турлар бўйича 190 га яқин тадбирлар ўтказилди. Уларда 21 минг нафардан зиёд ўғил-қиз ўз истеъдод ва маҳоратини намойиш қилди.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, воҳада спортнинг нафис тури ҳисобланган бадиий гимнастика ҳам кенг оммалашиб бормоқда.
— Бадиий гимнастика бетакрор мусиқий оҳангларга уйғун тарзда киши руҳиятига ижобий таъсир этади, — дейди мураббий Динара Бозорова. — Инсоннинг кайфияти, руҳий олами ва феъл-атворида гўзалликка, эзгуликка мойиллик уйғотади. Бу эса, табиийки, соғлом турмуш тарзининг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда вилоятимизда мазкур спорт тури билан шуғулланувчи қизлар сони тобора ортиб бораяпти. Бунга воҳада фаолият олиб бораётган бадиий гимнастика секцияларида 2200 нафардан зиёд қиз шуғулланаётгани яққол далил бўла олади. Ваҳолонки, 2003 йилда улар сони 50 нафарга ҳам етмасди.
Ўзим ҳозир 21 нафар қизга сабоқ бераяпман. Шогирдларим орасидан келажакда мамлакатимиз шаънини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган кўплаб истеъдодли бадиий гимнастикачилар етишиб чиқишига ишонаман.
Хоразмлик ўғил-қизларнинг яратилган имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрликларга жавобан улкан марраларни забт этишаётгани қувонарлидир. Масалан, ўтган йили Тошкент шаҳрида спортнинг сузиш тури бўйича ўтказилган республика биринчилигида вилоят терма жамоаси аъзолари Ортиқ Каримбоев, Азиз Отажанов ва Отамурод Отажанов совринли ўринларни эгаллашди.  Бухоро вилоятида ташкил этилган қўл тўпи ва минифутбол бўйича республика мусобақаларида вилоят терма жамоаси муносиб қатнашди. Ёш полвон Fулом Абдуллаев эса, мана, бир неча йилдирки, эркин кураш бўйича республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олиб келмоқда.  Сабоҳат Саидова спортнинг дзюдо тури бўйича эришган натижалари билан тенгдошлари орасида алоҳида намуна кўрсатаяпти.
Умуман, биргина ўтган йили хоразмлик спортчи ёшлар халқаро мусобақаларда фаол қатнашиб, 32 та олтин, 35 та кумуш ва 47 та бронза медаль соҳиби бўлишди.
Воҳада болалар спортини ривожлантириш борасидаги ишлар Соғлом бола йилида изчил давом эттирилади. Жорий йилда Урганч шаҳрида битта ёпиқ сузиш ҳавзаси, иккита спорт зали, Шовот, Янгиариқ туманларида болалар спорт мактаби, Шовот, Ҳазорасп, Хива, Гурлан, Янгиариқ туманларида эса янги спорт заллари бунёд этиш кўзда тутилган.
Албатта, беқиёс ғамхўрликлардан баҳраманд бўлиб, замонавий шарт-шароитларда таълим-тарбия олаётган, спорт билан шуғулланаётган ёшларимиз Ватан шуҳратини юксакларга кўтаришни ўз бурчлари, деб биладилар.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года