A+ R A-

Спорт

Боксчиларимиз мусобақани ғалаба билан бошлашди

Шу кунларда Таиланд пойтахти Бангкок шаҳри бокс бўйича ёшлар ўртасидаги навбатдаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилмоқда.

Унда қитъамизнинг йигирмага яқин мамлакатидан 100 нафардан зиёд спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб бораяпти. Нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ таркиб билан қатнашмоқда. Хусусан, мураббийлар Осиё чемпионатига мамлакат биринчилиги ва кубоги баҳсларида сараланиб, кейинчалик халқаро майдонларда ҳам ўзини кўрсатган Беҳзодбек Турсунбоев, Абдулҳай Шораҳматов, Иқболжон Холдоров, Фазлиддин Мелибоев, Маҳмуд ўоипов, Бектемир Мелиқўзиев, Козимбек Мардонов, Азизбек Шукуров, Асилбек Солиев ва Шоҳруҳ Эркинов каби истеъдодли ёшларни жалб этишган.
Таъкидлаш жоизки, шу пайтгача турли ёш тоифаларида ўтказилган қитъа чемпионатларида ўзбекистонлик боксчилар мунтазам юқори ўринларга сазовор бўлиб келишган. Масалан, ёшлар ўртасида ташкил этилган мусобақаларда ҳамюртларимиз 10 та олтин, 7 та кумуш ва 10 та бронза, жами 27 медаль жамғаришган. Шу боис мутахассислар бу сафар ҳам терма жамоамиз аъзоларининг имкониятини юқори баҳолашмоқда.
Қувонарли жиҳати, бу фикрлар қайсидир маънода мусобақа аввалидаёқ ўзини оқлади. Хусусан, 52 кг. вазн тоифасида Абдулҳай Шораҳматов дастлабки беллашувда Хитой Тайпейи вакили По Вей Чиюдан очколар ҳисобида устун келди. Яна бир вакилимиз Фазлиддин Мелибоев (60 кг.) эса непаллик Саураб Ламани нокаутга учратди.
Ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионлигига эришган Козимбек Мардонов ёшлар ўртасидаги мусобақани ҳам юқори суръатда бошлади. 75 килограмм вазн тоифасида баҳсларга киришган боксчимиз биринчи беллашувида Хитой Тайпейи терма жамоаси аъзоси Чинг Фенг Линни енгди.
Чемпионатдаги иштирокини чорак финал босқичидан бошлаган Бектемир Мелиқўзиев (69 кг.) ва Азизбек Шукуров (81 кг.) ҳам кейинги босқичга йўл олди. Бектемир фаластинлик Мотасем Бебухни, Азизбек эса Жанубий кореялик Ким Донг Жуни катта устунлик билан мағлубиятга учратди.
Мусобақанинг барча ғолиб ва совриндорлари номи 30 январь куни маълум бўлади.

Фазлиддин АБИЛОВ.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года