A+ R A-

Парламентдаги мухбиримиз хабар қилади

Экологик барқарорликни таъминлаш — устувор вазифа

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи ва Экоҳаракат ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди. Қуйи палата депутатлари, тегишли ташкилот ҳамда идоралар вакиллари қатнашган мазкур тадбирда 2013 йил сарҳисоби ва Соғлом бола йилидаги долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб атроф-муҳит муҳофазаси, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга устувор вазифа сифатида эътибор қаратиб келинаяпти. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий, институционал асослар яратилиб, улар замон талаблари асосида такомиллаштириб борилмоқда. Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилгани, ундан сайланган депутатларга Олий Мажлис қуйи палатасидаги 15 та депутатлик ўрни берилгани бу борадаги ҳуқуқий базани замон талаблари асосида такомиллаштириш, уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, тегишли қонунчилик ҳужжатлари ижроси юзасидан парламент назоратини янада кучайтиришга замин яратди.
Анжуманда 2013 йил мобайнида амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Борий Алихонов маъруза қилди.
Ҳисобот даврида Экоҳаракат томонидан 89 минг нафарга яқин фаоллар ва экспертлар қатнашган 840 дан зиёд турли амалий-таҳлилий тадбирлар ўтказилди. Атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштиришда жамоатчилик фаоллигини ҳар томонлама кучайтиришга йўналтирилган дастурий вазифани бажариш мақсадида ҳудудий бўлинмалар фаолиятини кучайтиришга асосий эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, парламент қуйи палатасига Экоҳаракатдан сайланган депутатлар фаолияти янада жонлангани кузатилди. Ҳисобот даврида улар томонидан
51 тадбир, жумладан, 4 та конференция, 12 та семинар, 35 давра суҳбати ўтказилгани бунга бир мисолдир. Қолаверса, 4 та янги қонун лойиҳаси, 7 та қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, битта қарор устида иш олиб борилди.
Олий Мажлис қуйи палатаси депутати С. Жакбаровнинг айтишича, қонунчилик ташаббускорлиги асосида “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги (янги таҳрирдаги), “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш устида фаол иш олиб борилди. Бу борада ривожланган мамлакатлар тажрибаси ўрганилди.
Айни чоғда ўтган йилда 12 та назорат-таҳлил тадбири ташкиллаштирилиб, олтмишга яқин фуқаролар мурожаатлари маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоатчилик ташкилотлари мутахассисларини жалб қилган ҳолда ўрганилди. Шунингдек, депутатлар гуруҳи томонидан сайловчилар билан учрашувлар ўтказилди.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи ҳамда қуйи палатанинг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари томонидан ишлаб чиқилганига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Мазкур Қонун фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш борасидаги роли ва ўрнини аниқ белгилаб беради. Шу билан бирга, юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнларида мазкур йўналишда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорлар, дастурларни амалга оширишда жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтларининг ҳам иштироки, ҳам назоратидан фойдаланишга кенг йўл очади.
Бинобарин, уни ҳар томонлама такомиллаштириш, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамадан ўтказиш диққат-эътиборда бўлди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат ўтган йили 4 июль куни биринчи ўқишда қабул қилиниб, кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш учун “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида чоп этилди. Умуман, қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, фуқаролик жамияти институтлари, Ўзбекистон экологик ҳаракати фаоллари ва экспертларидан 3 мингдан ортиқ таклиф ҳамда мулоҳазалар келиб тушиб, уларнинг аксарияти қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнларида инобатга олинди. Эътироф этиш керакки, ушбу Қонун мамлакатимиз парламентининг юқори палатасида маъқулланиб, Президентимиз томонидан имзоланди ва ўтган йилнинг 28 декабрь куни матбуотда эълон қилиниб, кучга кирди.
Ҳозир аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давр талаби ҳисобланади. Ўтган йили бу йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 175 дан ортиқ турли тадбирлар ташкил этилди, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янада жонлантирилди. Атроф-муҳит муҳофазаси ва экология соҳасида фаолият олиб бораётган журналистларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида 12-Республика экожурналистика танлови, бир қатор медиатурлар, давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилди.
Ўз навбатида, халқаро экологик ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли юмушлар бажарилди. Чунончи, 45 та тадбир ва учрашув бўлиб ўтди.
Атроф-муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришиш мақсадида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, экологик масалалар ҳақида аҳолини хабардор этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини ҳимоялашга жамоатчилик барча қатламларини жалб этиш борасида ҳам самарали фаолият олиб борилди. Бу борада Экоҳаракат ўз атрофида 125 та экологик ва 130 та тиббиёт соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотни бирлаштиргани, улар сафини янада кенгайтириш борасидаги ишлар давом эттирилаётгани муҳим омил бўлди.
Шу билан бир қаторда, ҳисобот даврида Ўзбекистон экологик ҳаракати қошидаги “Ишонч телефони”га фуқаролардан 750 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Уларни ўрганиб, ечим топиш мақсадида уюштирилган тадбирлар натижасида мурожаатларнинг 70 фоизга яқини ижобий ҳал қилинди.
Йиғилишда 2014 йил — Соғлом бола йилида Экоҳаракат фаолиятида ўта масъулиятли вазифалар турганига урғу берилди.
Мазкур вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш учун эса давлатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидаги ғоялар асосида дастурий вазифаларни такомиллаштириш, уларни сўзсиз бажариш, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари масъулиятини янада кучайтириш мақсадга мувофиқлигига тўхталиб ўтилди.

Саиджон МАХСУМОВ.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года