A+ R A-

Парламент ҳаёти

Фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омили

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасида кенг кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий ва ижтимоий шарт-шароитлар яратилди.

Мазкур саъй-ҳаракатлар самараси ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари роли кучайиб, улар кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда ҳал қилувчи омилга айланиб бораётганида яққол намоён бўлаётир. Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари томонидан айтиб ўтилганидек, нодавлат нотижорат ташкилотлари соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бандликни таъминлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича дастурларни амалга оширишга, шунингдек, ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқиш жараёнига кенг жалб қилинмоқда. Концепция доирасида тайёрланаётган қонун лойиҳалари, айни пайтда катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бошқа қонун ҳужжатлари бўйича жамоатчилик ўртасида муҳокамалар ўтказилмоқда.
Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилишида шулар алоҳида таъкидланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди орқали молиялаштирилаётган давлат грантлари лойиҳалари ҳамда ижтимоий буюртмалари орқали фуқаролик институтлари 30 дан ортиқ умуммиллий, давлат ва ҳудудий дастурларни амалга оширишда бевосита иштирок этаётганига алоҳида тўхталиб ўтилди.
— Уларнинг фаоллигини янада ошириш мақсадида Парламент комиссияси қарорларига асосан, жорий йилда фақатгина давлат грантлари кўмагида маҳаллий ННТнинг 250 дан ортиқ ташаббуслари ижтимоий лойиҳалар кўринишида қўллаб-қувватланди, — дейди Жамоат фонди директори А. Тўраев. — Ушбу лойиҳалар давлат органлари билан шерикликда баркамол авлодни тарбиялаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини янада мустаҳкамлаш ва аҳолининг экологик, тиббий маданиятини юксалтириш, кўчалар, маҳаллалар, шаҳарлар ободончилигини яхшилаш, миллатлараро тинчлик ва тотувликни, бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва фаровонлигини ошириш каби қатор йўналишларда амалга оширилмоқда.
Энг асосийси, мазкур жараёнлар туфайли жойларда ижтимоий шериклик мустаҳкамланмоқда. Бу давлат органлари билан шартномалар ва меморандумлар тузиш, ҳамкорликда иш режаларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш, турли тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар ривожланишнинг муҳим ҳудудий вазифаларини конструктив муҳокама қилиб, ҳамкорликда ҳал этиш орқали руёбга чиқарилаётир.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат грантлари лойиҳаларини амалга ошириш асносида мамлакатдаги кенг кўламли демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини равнақ топтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси борасида аҳоли хабардорлигини ошириш, ижтимоий-ҳуқуқий билимлари ҳамда маданиятини юксалтиришда фаол иштирок этаяпти.
Тадбирда тўхталиб ўтилганидек, давлат гранти лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш жараёнида фақатгина жорий йилда давлат органлари билан ҳамкорликда 2 мингдан ортиқ турли тадбирлар ташкил этилди, 500 минг нусхадан ортиқ тарқатма материаллар тайёрланди. Ўз навбатида, бу борада қилинаётган ишлар босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Шунингдек, лойиҳалар доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари 1240 дан ортиқ турли инвентарлар билан ўзларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлади ва 1000 дан ортиқ иш ўринлари ташкил этилди.
Парламент комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти мониторинги натижалари, шунингдек, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини ҳал этишда “учинчи сектор” билан давлат органларини ижтимоий шерикликка асосланган ўзаро ҳамкорлигининг бугунги ҳолатига бағишланган ахбороти эшитилди. Шундан сўнг иштирокчилар томонидан муҳим ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммолар, уларнинг юзага келиш сабаблари муҳокама қилинди.
Парламент комиссияси аъзолари Андижон ва Қашқадарё вилоятларида устувор ҳамда муҳим ижтимоий-социал аҳамиятга молик бўлган дастур ҳамда лойиҳаларни рўёбга чиқаришда давлат бошқаруви, ижро органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро шериклигини янада чуқурлаштириш борасидаги масалаларни кўриб чиқди.
— Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 530 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда, — дейди Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари А. Джураев. — Улар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳамда бошқа демократик қадриятларини ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, хайрия фаолиятини амалга ошириш каби ижтимоий фойдали мақсадда тузилган. Ушбу жамоат ва нодавлат ташкилотларнинг 40 фоизи шаҳар, 60 фоизи эса қишлоқ жойларида фаолият юритмоқда.
 2009 — 2013 йилларда ўтказилган танловларда Қашқадарё вилоятидан 155 га яқин ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўзларининг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалари билан иштирок этди.
Бу борада Андижон вилоятида муайян ишлар бажарилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.
— Хусусан, 2009 — 2013 йиллар мобайнида парламент ҳузуридаги Жамоат Фонди томонидан ўтказилган грант танловларида вилоятдан 167  та нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институти ўзларининг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалари билан иштирок этди, — дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Ш. Турсунов. — Шу давр давомида Парламент комиссияси қарорларига мувофиқ, Андижон вилоятидан ғолиб деб топилган 38 та лойиҳа молиялаштирилиб, уларни муваффақиятли амалга оширишда жойлардаги ҳокимият органлари вилоятда фаолият кўрсатаётган жамоат ташкилотларига яқиндан амалий кўмак бериб келмоқда.
Парламент комиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан давлат ҳокимияти ва жамоат ташкилотлари вакиллари учун семинар ташкил этилди. Унда давлатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар, “Соғлом бола йили” Давлат дастурини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг фаол иштирокини қўллаб-қувватлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Маданият ва спорт, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларининг ахборотлари тингланди.
Тадбирда мазкур соҳаларда фаолият юритаётган ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг давлат дастурига киритиладиган таклифлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш жараёнига жамоат ташкилотлари вакилларини янада кенг жалб қилиш борасида бир қатор фикрлар билдирилди.
Семинарда жамоат ва давлат ташкилотлари вакиллари Соғлом бола йилида оналик ҳамда болаликни ҳимоя қилиш, баркамол авлодни тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам бериш, таълим-тарбия ва спортнинг ўрни, таъсирини янада кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш бўйича аниқ тадбирларни ишлаб чиқиш, оилаларда соғлом муҳитни кучайтириш, уларнинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилаларни хусусий бизнес, оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесга кенг жалб этиш каби бир қатор ижтимоий шерикликнинг устувор йўналишларини белгилаб олишди.
Йиғилишда бундай саъй-ҳаракатларнинг барчаси жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмасдан, бошини баланд кўтариб яшайдиган, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, халқимиз интилаётган келажаги буюк давлатни барпо этишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялашга қаратилгани таъкидланди.

Саиджон МАХСУМОВ.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года