A+ R A-

Қонун ва ижро

Экологик назорат — инсон саломатлигининг муҳим омили

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан ва маънан баркамол авлодни вояга етказиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, бу борада юксак натижаларга эришилмоқда.

Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз таклифи билан 2014 йил юртимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “фарзандларимизни, янги авлодни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш, бу мақсадга эришиш, ҳеч шубҳасиз, давлатимиз, жамиятимизнинг эътибор марказида туриши, олиб бораётган сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлиб қолиши шарт”.
Маълумки, инсон ҳаёти атроф табиий муҳит билан чамбарчас боғлиқ. У табиий муҳитнинг таъсири остида яшайди. Инсон дунёга келибдики, кўз очиб табиатни кўради, унинг сўлим бағрида ҳаёт кечиради. Шунинг учун ҳам табиат инсоннинг онасига қиёсланади. Бизни ўраб турган ўрмонлар, тоғу даштлар, ҳавою сувлар, хуллас, табиатнинг ҳар бир жабҳаси бир-бири билан узвий, мувозанатли тарзда боғланган. Табиатнинг бирон бир жабҳасида содир бўладиган ўзгариш, ўз навбатида, унинг мувозанатига таъсир кўрсатмай қолмайди. Бинобарин, инсон соғлиғи атроф-муҳитнинг, табиатнинг тозалиги, уйғунлиги ва ҳимояланганлиги билан узвий боғлиқ.
Шу сабабли мустақиллик йилларида мамлакатимизда атроф табиий муҳитни авайлаб-асраш, муҳофаза қилишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Конституциямизда ҳам атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий захиралардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида экани мустаҳкамлаб қўйилган. Бундан ташқари, юртимизда атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, экологик вазиятни яхшилаш йўлида кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, самарали ҳимоя қилинишида жамоатчиликнинг, хусусан, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки масаласига ҳам катта эътибор қаратилиб келинмоқда.
Жумладан, Президентимиз томонидан тақдим қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида атроф-муҳитни ҳимоя қилишни таъминлаш тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва ўрнини белгилашга қаратилган “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш фурсати етгани алоҳида таъкидланган эди.
Ушбу дастуриламал ҳужжатга мувофиқ, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш мақсадида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида чоп этилди. Жамоатчилик муҳокамаси доирасида келиб тушган таклифлар асосида мукаммаллаштирилган Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилинди, Сенат маъқуллади ва Президентимиз томонидан имзоланди. Матбуотда эълон қилинди ва Қонун кучга кирди.
Қонунда экологик назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш масалалари батафсил тартибга солинган. Мазкур Қонунда экологик назоратга тушунча берилди. Унга кўра, экологик назорат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва жамоатчилик чора-тадбирлари тизимидир. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қонунда экологик назоратнинг асосий вазифалари белгилаб қўйилди. Улар қаторига экология соҳасидаги қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш, атроф-муҳит ҳолатини кузатиб бориш, унинг ифлосланишига,  табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш кабилар киритилган.
Қонунга биноан, экологик назорат қонунийлик, холислик, мустақиллик, ошкоралик, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асосида ташкил этилади. Айни пайтда экологик назорат тизимини шакллантириш ва ривожлантириш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атроф-муҳитни яратиш, ушбу соҳада давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролар орасидаги ҳамкорликнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, бу борада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш экологик назорат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгилаб қўйилди.
Маълумки, ҳар қандай назоратнинг самарадорлиги унинг объекти ва субъектлари ҳамда назорат чегараларининг аниқ белгилаб қўйилиши билан бевосита боғлиқ.
Қонун билан экологик назоратнинг давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик назорат турлари мавжудлиги мустаҳкамланди ва экологик назоратнинг ҳар бир тури қайси субъект томонидан амалга оширилиши, субъектлар ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.
Шу билан бирга, мазкур ҳужжатга мувофиқ, экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг жамоатчи инспектори институти ташкил этилмоқда. Белгиланган тартибда махсус тайёргарликдан ўтган ва экологик назоратда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиши мумкин. Жамоатчи инспектор экология соҳасидаги қонун ҳужжатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб боришни амалга оширади. У давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратни амалга оширишда кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин. Инспектор экология соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот олиш учун мурожаат тайёрлашда иштирок этиши, юридик ва жисмоний шахслардан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларни олиш, бу соҳада жамоатчилик фикрини ўрганиш ва жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эга.
Қонун жамоатчилик инспекторига кенг ҳуқуқлар бериш билан бир қаторда, мажбуриятлар ҳам юклайди. Чунончи, у экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиши, экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиши, экологик назоратнинг бошқа субъектлари вазифаларини бажармаслиги шарт.
Энг муҳими, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан амалдаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмини яратди. Қолаверса, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фуқаролар соғлиғини сақлаш каби ижтимоий аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича муҳим давлат дастурларини рўёбга чиқаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролар иштирокининг ҳуқуқий асосини шакллантирди.
Мамлакатимизда экологик назоратнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши, давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари томонидан экологик назоратнинг амалга оширилиши ва бунда жамоатчилик, хусусан, фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг янада кенгайтирилиши, экологик йўналишдаги жамоат бирлашмаларининг шаклланишига ва янада ривожланишига ҳар томонлама шарт-шароит яратилиши, шубҳасиз, келажакда ўзининг ижобий самарасини кўрсатади.

Узоқ БОЗОРОВ,
юридик фанлар номзоди, доцент.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года