A+ R A-

Концепция: устувор вазифалар

Суд жараёнида тортишув институти ва халқаро амалиёт

Мамлакатимизда истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, хусусан, жиноят-процессуал, фуқаролик-процессуал қонунчилигини бугунги талаб даражасида такомиллаштириш, суд тизимини ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқариш ҳамда суд жараёнида томонлар тортишуви принципини қўллаш механизмини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича Тадқиқот маркази томонидан “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) билан ҳамкорликда ташкил этилган “Жиноят ва фуқаролик ишлари жараёнида томонлар тортишуви: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуидаги тадбирда шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Унда жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги вакиллари, адвокатлар, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, Америка Қўшма Штатлари федерал ва штат олий суди судьялари, прокурорлари, словениялик экспертлар қатнашди.
Эътироф этилганидек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси соҳа ислоҳотларида янги даврни бошлаб берди. Зеро, мазкур ҳужжат асосида ишлаб чиқилган қонун ҳужжатлари суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, соҳада амалга ошириб келинаётган изчил ислоҳотларнинг яққол самарасидир.
Бугун фуқаролар биринчи инстанция суди қароридан норози бўлган тақдирда, ҳуқуқ ва манфаатини апелляция ёки кассация инстанциясида, адвокати иштирокида ҳимоя қилиш имкониятига эга. Муҳими, бу тартиб биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш ва суд фаолиятида сансалорликка йўл қўйилмаслигининг кафолатига айланди. Шуларга мос равишда иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий санкцияни қўллаш амалиёти кенгайди.
Инсонпарварлик тамойилларига зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш кўринишидаги жазо тури жиноий жазо тизимидан чиқарилди. Айни чоғда жиноятлар таснифи ўзгартирилиб, оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киритилди. Юртимизда ўлим жазоси бекор қилиниши эса соҳа ислоҳотларининг ёрқин кўрсаткичларидан биридир.
Иштирокчилар мамлакатимизда жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятида ўзаро тортишув принципининг жорий этилиши ҳам инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганлигини қайд этиб ўтишди. Дарҳақиқат, миллий қонунчилигимизда айбловчи ва ҳимоячи тенглигини, суд фаолияти барча босқичларида улар ўртасида ўзаро тортишувни таъминлаш ҳамда одил судловни амалга оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар эса адвокатура институтининг нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда. Унга кўра, жиноят ишининг барча босқичларида ҳимоячига малакали юридик ёрдам кўрсатиш кафолатланди.
Тадбирда Концепция талаблари асосида ишлаб чиқилган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида ҳам фикр алмашилди. Унга кўра, судга қадар иш юритиш босқичида прокурор ва терговчи томонидан қўлланиб келинган айбланувчини лавозимидан четлатиш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судья санкцияси асосида амалга ошириш тартиби жорий қилинди. Бу чорани қўллаш учун асос етарли бўлган ҳолларда прокурор, терговчи процессуал мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради, уни прокурор судга юборади. Илтимоснома жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан якка тартибда, ёпиқ суд мажлисида материал келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соат ичида кўриб чиқилади. Айбланувчи тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш ҳам суд ихтиёрига берилди. Буларнинг барчаси фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда эркинликларини янада кенгроқ таъминлаш имконини бермоқда.
— Ўзбекистонга учинчи бор келишим, — дейди Массачусетс штати олий суди судьяси Р. Корди (АҚШ). — Мамлакатингиз суд-ҳуқуқ тизимида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар менда илиқ таассурот қолдирди. Айниқса,  жиноят процессида “Хабеас корпус” институти самарали қўлланилаётгани таҳсинга сазовордир. Бугунги анжуман мақсади ҳақида гапирадиган бўлсак, юртингиз ва АҚШда суд жараёнида тортишув институтини қўллаш борасида тўпланган тажрибани ўзаро ўртоқлашишдан иборат. Шундан келиб чиқиб, мавзу билан боғлиқ чиқишлар қилинди. Бу эса тадбирда иштирок этган прокурор, адвокат ва судьялар учун фойдали бўлди, деб ҳисоблайман. Айни чоғда юртингизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш билан боғлиқ тўпланган тажрибаларни ўргандик. Табиийки, бу ҳамкорликни янада кучайтиришимизда қўл келади.
Хорижлик экспертлар давлатимиз раҳбарининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони хусусида илиқ фикрларни айтишди. Хусусан, Словениядан ташриф буюрган эксперт
Я. Рупар Фармонда фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари ҳамда хўжалик суди судьяси лавозимига 30 ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йил иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тайинланиши белгилаб қўйилганлигини юқори баҳолади. Айни чоғда “Юртингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аллақачон самара бера бошлаган. Буни суд жараёнида томонлар тортишувини қўллаш амалиёти мисолида кўриш мумкин. Бу ерда ўрганганларимни давлатимга боргач, ҳамкасбларимга гапириб бераман”, деди у.
— Суд жараёнида томонлар тортишуви принципини қўллаш билан боғлиқ хориж ва юртимизда тўпланган бой тажрибани кўриб чиқиб, таҳлил қилдик, — дейди фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди судьяси А. Жалилов. — Айниқса, бизда америкалик мутахассисларнинг маълумотлари ҳамда ўзаро тортишув институтини суд амалиётида қўллашга оид тавсиялари жуда маъқул тушди. Айни чоғда уларнинг тизимдаги янгиланишларга берган юксак баҳоси бизни қувонтирди. Муҳими, биз — судья, адвокат ва прокурорлар бу ерга келиб, катта фойда кўрдик. Ўрганганимиз амалиётимизда қўл келишига ишонаман.
Анжуманда Президент Ислом Каримовнинг ўтган йилда қабул қилинган “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тизим ислоҳотларини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этаётганини экспертлар алоҳида таъкидлашди. Дарҳақиқат, ушбу ҳужжатда суд органларининг давлат бошқарувидаги ўрнини янада оширишни таъминлаш, мустақил суд иш юритуви учун ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатни кучайтириш, суд органлари ходимлари ижтимоий мавқеини ҳимоя қилиш каби масалалар қамраб олинган бўлиб, унинг замирида суд жараёнида томонлар тортишуви принципини янада кенгроқ таъминлаш ҳамда шу орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш мақсади ҳам ётибди.
— Суд жараёнида томонлар тортишуви принципи билан боғлиқ халқаро тажриба ва бу йўналишда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди ҳамда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди, — дейди жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди раиси Т. Буваев. — Бу иштирокчилар — судья, адвокат ва прокурорлар ишини такомиллаштиришда қўл келади. Негаки, иш фаолиятимизни шу асосда ташкил этиш орқали суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарадорлигини янада оширишга кўмаклашамиз. Муҳими, юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг эркинликлари тўла таъминланишига ўзимизнинг салмоқли ҳиссамизни қўшган бўламиз. Шу маънода, анжуман самарали кечди, деб айтиш мумкин.
Тадбирда жиноятлар билан боғлиқ ҳолатлар судья, прокурор ва адвокатлар томонидан саҳна кўриниши тарзида намойиш этилди. Бундан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва АҚШ ҳуқуқий тизимидаги далил-исбот стандартлари билан иштирокчиларни яқиндан таништириш ҳамда ҳар икки томон тортишув механизмларини қиёсий таҳлил қилишдан иборат бўлиб, бу амалда ўзини тўла оқлади.
Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года