A+ R A-

Концепция: устувор вазифалар

Экологик назорат

фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга

Табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар доим давлат ва жамият ҳаёти учун жуда муҳим бўлиб келган. Айниқса, экологик муаммолар  жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ҳозирги  шароитда бу янада долзарб аҳамият касб этади. Шу боис юртимизда табиат муҳофазасига катта эътибор қаратилиб, унинг қонунчилик базаси изчил такомиллаштирилмоқда.
Мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари, Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепцияси фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасидаги ижросини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича комиссияси раиси Анвар УСМАНОВ билан шулар хусусида суҳбатлашди.
— Концепцияда назарда тутилган йўналишлардан бири, бу — фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш бўлиб, мазкур йўналишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жадал олиб борилмоқда, — дейди А. Усманов. — Хусусан, Концепцияда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш кўзда тутилган. Ўтган даврда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уларнинг барчаси ишлаб чиқилди. Шулардан 2 таси — янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар кучга кирди.
— Табиатни муҳофаза қилишда экологик назоратнинг аҳамияти беқиёс. Зеро, экологик назорат атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминловчи асосий механизмлардан биридир.
— Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш долзарб вазифалардан бирига айланди. Истиқлол йилларида соҳа қонунчилигини такомиллаштириш доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Айтиш лозимки, ҳозирги вақтда экологик назорат соҳасидаги муносабатлар қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг экологик ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган. Ушбу конституциявий меъёрлар табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги биринчи қонун ҳужжати бўлган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда тўла ифодасини топган. Ўтган даврда ушбу Қонунда белгиланган асосий принциплар асосида табиатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари босқичма-босқич шакллантирилди. Айни пайтда республикада атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликка оид 20 дан ортиқ қонунлар ва юзлаб қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Кўриниб турибдики, юртимизда соҳага оид қонунчилик базаси яратилган. Айни чоғда уни такомиллаштириш давр тақозосидир. Гап шундаки, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда экологик назоратнинг шакл ва турлари, амалга ошириш тартиби, назорат фаолиятининг таркиби ва мувофиқлаштириш механизми, давлат назорати органларининг жамоатчилик билан муносабатлари тўлиқ қамраб олинмаган. Шу билан бирга, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назорати хизматлари ваколатлари ўртасидаги чегара ҳамда улар томонидан ўз вазифаларини бажариш тартиби белгиланмаган. Жамоатчилик экологик назорати ҳам умумий ҳолда акс эттирилган. Қолаверса, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларда ҳавола қилувчи нормалар назарда тутилганки, бу ҳам амалиётда айрим қийинчиликлар туғдирмоқда. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунда эса сув ва сувдан фойдаланиш борасида идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича нормалар белгиланмаган. Ер кодексида ерни муҳофаза қилиш ва ердан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органлари рўйхати ҳамда соҳада идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича нормалар йўқ. Бундай ҳолатлар соҳага тегишли бошқа қонунларда ҳам муайян даражада кузатилади.
Ана шулардан келиб чиқиб, Концепцияда Президентимиз томонидан соҳа қонунчилигини янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган, атроф-муҳитни ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари роли ва ўрнини бeлгилашга қаратилган “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати ҳар томонлама асослаб берилган. Ўтган давр давомида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилди ва кенг муҳокамалардан сўнг қабул қилинди.
— Қонун ижодкорлиги жараёнида халқаро тажриба ўрганилди. Бу ҳақда ҳам батафсил сўзлаб берсангиз.
— Табиат ва инсон ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласи ҳар бир давлатда у ёки бу даражада йўлга қўйилган. Баъзи бир давлатларда ушбу масала алоҳида қонун билан қамраб олинмаган, яъни муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар татбиқ этилган. Бошқа бирларида эса атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда экологик назоратни қамраб олган алоҳида қонунлар ишлаб чиқилган. Масалан, Буюк Британияда “Атроф-муҳит ифлосланишини назорат қилиш тўғрисида”ги қонун амалиётда яхши самара бермоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, айрим давлатлар тажрибасида алоҳида ҳудуд билан боғлиқ қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш амалиёти ҳам мавжуд.
Жамоатчилик экологик назорати ҳам хорижий давлатларнинг табиатни муҳофаза қилиш амалиётида кенг тарқалган йўналиш сифатида самарали амалга оширилиб келинаётганлигини айтиш зарур.
Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, қонун лойиҳасида жамоатчилик экологик назорати натижаларини қўллаш (татбиқ этиш) шаклларига ҳам алоҳида урғу берилди. Умуман, қонун ижодкорлиги чоғида жуда кўплаб давлатларнинг бу борадаги тажрибаси ўрганилди ва ўзимизда мавжуд қонунчилик базасидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси яратилди.
— Қонуннинг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида тўхталсангиз. Яъни унинг  ўзига хос жиҳатлари нималарда кўринади?
— Бу Қонуннинг асосий мақсади экологик назорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда экологик назоратнинг турлари, яъни давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик экологик назорати, уларни амалга ошириш тартиби ва усуллари, экологик назорат субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экологик назорат натижаларини расмийлаштириш, экологик назорат натижаларини қўллаш шакллари қамраб олинган. Унинг асосий хусусияти ва ўзига хослиги сифатида миллий амалиётга жамоатчилик экологик назорати институти киритилганлигини айтиш мумкин. Бунда фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар жамоатчилик экологик назоратининг субъектлари сифатида белгилаб қўйилмоқда.
Мазкур ҳужжат жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, фуқаролар роли ва ўрнини юксалтиришга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳолатни соғломлаштиришда кенг жамоатчиликнинг фаоллигини ҳар томонлама оширишга қаратилгани билан диққатга сазовордир.
Мухтасар айтганда, ушбу Қонун қабул қилингач, нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари бугунги кун талаблари даражасида такомиллашади, айни чоғда жамоатчиликнинг экологик назорат соҳасидаги ҳуқуқий имкониятлари ошади, умуман, фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти янада юксалади. Зеро, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан, хусусан, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилидан кўзланган улуғвор мақсад ҳам ана шундан иборатдир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
суҳбатлашди.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года