A+ R A-

Концепция: устувор вазифалар

Одил судлов ва халқаро амалиёт

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази томонидан “Минтақавий мулоқот” халқаро ташкилоти (Словения) билан ҳамкорликда “Суд  амалиёти ва одил судлов стандартлари: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида уюштирилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий суд ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар судлари судьялари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика Юристлар малакасини ошириш маркази ходимлари ҳамда АҚШлик судьялар — Ж. Танхайм, Р. Корди ва Жанубий Техас университети профессори, доктор А. Мозаяни иштирок этди.
Таъкидланганидек, истиқлол йилларида Ўзбекистонда жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал қонунчилиги жиддий ислоҳ қилиниб, суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди. Айни чоғда умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилиб, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилди ҳамда жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.
Натижада бугун фуқаролар биринчи инстанция суди қароридан норози бўлган тақдирда, ҳуқуқ ва манфаатини апелляция инстанциясида, ўз адвокати иштирокида ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди. Шу тариқа фуқароларнинг биринчи инстанция суди қарорига нисбатан шикоятларини яширин, ёпиқ тарзда кўриб чиқиш тартиби батамом тугатилди. Жорий этилган бу янгиликлар биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш ва суд фаолиятида сансалорликка йўл қўйилмаслигининг кафолатига айланди.
Иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича эса қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий санкцияни қўллаш амалиёти кенгайтирилди. Жиноий жазо тизимидан инсонпарварлик тамойилларига зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш кўринишидаги жазо тури чиқариб ташланди. Айни чоғда 2001 йилда қабул қилинган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун билан жиноятлар таснифи ўзгартирилиб, оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киритилди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида халқимизнинг табиати ва феълига мос келадиган ярашув институти татбиқ этилиши ҳам муҳим янгилик бўлди. Зеро, халқимизга хос бағрикенглик, олижаноблик, йиқилганни суяш ёхуд адашганга тўғри йўл кўрсатиш каби қадриятларни ўзида мужассам этган ушбу институт амалда ўз самарасини бермоқда. У жорий этилгандан буён ўтган давр ичида 143 минг нафардан ортиқ фуқаро жиноий жавобгарликдан озод этилганлиги бунинг ёрқин тасдиғидир. Ҳозирги пайтда юртимизда 53 та жиноят бўйича бу институт қўлланилаётгани унинг кўлами ва аҳамиятидан дарак бериб турибди.
Юртимизда 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб ўлим жазосининг бекор қилиниши халқаро ҳамжамиятнинг ҳам эътирофига сазовор бўлди. Нуфузли хорижий экспертларнинг фикрига кўра, ўлим жазоси бекор қилиниши ва бу борадаги бошқа қатор ишларнинг амалга оширилиши билан мамлакатимизда дунёдаги энг либерал жиноий жазо тизимларидан бири яратилди.
Эътиборлиси, жиноий жазоларни либераллаштириш билан боғлиқ бу кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, ҳозирги пайтда қамоқдагилар сони бўйича Ўзбекистон жаҳон миқёсида энг паст кўрсаткичга эга бўлиб турибди.
Қизғин баҳсларга бой тарзда ўтган тадбирда Концепция асосида ишлаб чиқилган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва ҳозирги ислоҳотлар жараёнидаги аҳамияти хусусида ҳам сўз юритилди. Жумладан, бу ҳужжат суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Судга қадар иш юритиш босқичида прокурор ва терговчи томонидан қўлланиб келинган айбланувчини лавозимидан четлатиш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судья санкцияси асосида амалга ошириш тартиби жорий этилди. Бундай чорани қўллаш учун асос етарли бўлган ҳолларда прокурор, терговчи процессуал мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради, уни прокурор судга юборади. Илтимоснома жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан якка тартибда, ёпиқ суд мажлисида материал келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соат ичида кўриб чиқилади. Қонунга кўра, айбланувчи тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш ҳам суд ихтиёрига берилди. Буларнинг барчаси суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш билан бирга, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда эркинликларини янада кенгроқ таъминлаш имконини бериши, шубҳасиз.
— Ўзбекистонга кейинги 1,5 йил ичида тўртинчи бор келишим, ундан олдин ҳам кўп бўлганман, — дейди Миннесота штатининг округ суди судьяси Ж. Танхайм. — Шу боис бу ерда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан етарлича хабардорман. Ҳар гал келганимда суд-ҳуқуқ йўналишидаги бирон-бир янгилик устидан чиқаман. Давлатингиз раҳбарининг ўтган йилдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони хусусида жуда илиқ фикрларни айтиш мумкин. Хусусан, судьяликка номзодлар яхши тайёргарлик кўрган, юқори малакали, ҳаётий тажрибага, бенуқсон обрў-эътиборга, ихтисоси бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда зарур иш стажига эга бўлган юристлар орасидан танлаб олиниши айни муддао бўлибди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари ҳамда хўжалик судининг судьяси лавозимига 30 ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йил иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тайинланиши белгилаб қўйилганлигини юқори баҳолайман.
АҚШлик судьялар корпуси бу борадаги янги тартиб — вилоят суди, унинг малака ҳайъати судьялар захирасини шакллантиришда иштирок этиши ҳамда захирани шакллантириш ишига Олий малака комиссияси раҳбарлик қилишига ижобий муносабат билдиришди. Эндиликда ушбу захира Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг судья кадрлари захираси деб аталади. Захира 400-500 кишидан иборат бўлиб, у доим янгилаб борилади.
Олий малака комиссияси зиммасига Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди ва Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда захирада турган ёки судьялик лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар касбий савиясини тубдан яхшилашни таъминлаш масъулияти юклатилган бўлиб, ҳозир бу йўналишда ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.
— Юртингизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишида катта тажриба тўпланган, — дейди Жанубий Техас университети профессори, доктор А. Мозаяни. — Президент Ислом Каримовнинг ўтган йили қабул қилинган “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, унда суд органларининг давлат бошқарувидаги ўрнини янада оширишни таъминлаш, мустақил суд иш юритуви учун ҳуқуқий, ижтимоий кафолатни кучайтириш, суд органлари ходимлари ижтимоий мавқеини ҳимоя қилиш каби масалалар қамраб олинган бўлиб, бунинг замирида суд ҳокимияти мустақиллигини янада кенгроқ таъминлаш ҳамда шу орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш мақсади мужассам. Тизим ислоҳотлари шу тарзда давом этар экан, ушбу мақсадга эришилади, деб ишонч билан айтиш мумкин.
— Анжуманда одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ халқаро тажриба ва бу йўналишда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди, — дейди жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси Ў. Мамадалиев. — АҚШлик ҳамкасбларимиз билдирган фикр-мулоҳазалар бизда катта қизиқиш уйғотди. Буларнинг барчаси иш фаолиятимизни янада кучайтиришда қўл келади, деб ўйлайман.
Тадбирда АҚШлик судьялар суд-ҳуқуқ йўналишида тўпланган халқаро тажрибалар хусусида, ўз амалий фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, атрофлича маълумот беришди.
Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года