A+ R A-

Концепция: устувор вазифалар

Акциядорлар ҳуқуқлари ва қонунчилик

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси мустақилликнинг илк йилларидан бошланган жамиятни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнларини янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Хусусан, Президентимиз томонидан бозор иқтисодиёти соҳасидаги ўзгаришларнинг мустаҳкам ва ишончли қонунчилик базасини шакллантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Зотан, мавжуд қонунларимизнинг кўпчилиги уларни қўллаш амалиёти ва мамлакатимизда бозор муносабатлари ривожланишининг ҳозирги даврдаги янги реал ҳолатидан келиб чиқиб, жиддий қайта кўриб чиқишни талаб қилаётганди. Ўтган йиллар давомида амалга оширилган улкан ишларни эътироф этган ҳолда, шуни тан олиш керакки, мамлакатимиздаги деярли барча ишлаб чиқариш объектлари акциядорлик компаниялари принципи бўйича ташкил этилган. Аммо улар ўз мақомига қай даражада мос ҳолда фаолият юритмоқда ва ўз ҳуқуқларидан қандай фойдаланмоқда, деган савол туғилиши табиий. Уларнинг бозор муносабатларига мос мақомига мувофиқ фаолият юритишлари учун яна қандай механизмларни ҳаракатга келтириш зарур?
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун танқидий қайта кўрилиб, янги таҳрирда ишлаб чиқилди ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.  Янги қонун лойиҳасида корпоратив бошқарув ва назорат органларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ҳамда жавобгарлиги янада аниқ белгиланди.
Шунингдек, унда акциядорлик жамиятлари Кузатувчи кенгашлари, умумий йиғилишлари, тафтиш комиссияларининг роли ва аҳамиятини ошириш, миноритар, қўлида акцияси кам бўлган акциядорларнинг кафолатларини кўпроқ таъминлаш, барча акциядорларни ва бўлажак инвесторларнинг акциядорлик компаниянинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ нормалар акс этди.
Қайд этиш керакки, қонунчилик ташаббусининг янги таомилларига кўра, асосий қонун лойиҳаси билан бирга, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам киритилди. Бу амалиёт тизимли ҳуқуқни қўллаш ҳамда акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларига оид қонун ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу қонун лойиҳалари жорий йилнинг март ойидан бери қуйи палатада кенг муҳокама қилинмоқда. Шу ўринда мазкур қонунлар лойиҳаларининг айрим жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтиш жоиз.
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бир қатор муҳим масалаларни ўзида акс эттирмоқда. Хусусан, қонун лойиҳасида акциядорлик жамиятлари томонидан чиқариладиган акцияларни очиқ ва ёпиқ обуна йўли билан жойлаштириш мумкинлиги назарда тутилмоқда. Бу акциядорлик жамиятлари шаклларини очиқ ва ёпиқ акциядорлик жамиятларига ажратишни истисно қилади. Гап шундаки, акциядорлик жамиятлари масъулияти чекланган жамиятлар ва бошқа шаклдаги тижорат ташкилотлари ҳамда очиқ бозорда чекланмаган шахслар ўртасида инвестицияларни жалб қилиш имконияти мавжудлиги билан ажралиб туради. Бироқ амалда ёпиқ акциядорлик жамиятлари кейинчалик қимматли қоғозлар бозорига чиқмаслик мақсадида ташкил этилмоқда. Бу билан амалда ёпиқ акциядорлик жамияти шакли масъулияти чекланган жамиятлари институтини такрорламоқда. Шу боис ҳам акциядорлик жамиятларининг шаклларини очиқ ва ёпиқ акциядорлик жамиятларига ажратиш қонун лойиҳасидан чиқариб ташланмоқда.
Қонун лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати, бу акциядорлик жамиятларидаги бошқарув органларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги билан боғлиқ нормаларнинг ўз ифодасини топганидир. Унга кўра, Кузатув кенгашининг роли ва жавобгарлигини ошириш мақсадида Кузатув кенгашининг йирик битимлар тузиш бўйича қарорлар қабул қилиш ҳуқуқини кенгайтирадиган нормалар киритилмоқда. Қонун лойиҳасининг айрим моддалари жамият устав фондининг оширилиши муносабати билан уставга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш, аудиторлик ташкилотини танлаш ва унга тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш, жамиятнинг ички назорат органлари ҳисоботини тинглаш бўйича ҳуқуқларини ойдинлаштиришга қаратилган. Шунингдек, мазкур қонун лойиҳасида ягона акциядорга эга бўлган жамиятларда жамият уставига асосан, акциядорларнинг умумий йиғилиши ваколатлари Кузатув кенгашига берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг аҳамиятга молик томонларидан бири, унга миноритар акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш кафолатлари ҳақидаги нормаларнинг киритилаётганидир. Миноритар акциядорларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳасида уларнинг жамиятни бошқаришдаги иштироки механизми, яъни бундай акциядорларнинг манфаатларини ифодаловчи жамият бошқарув органлари тизимида акциядорлар томонидан сайланадиган ва акциядорларнинг умумий йиғилишига бўйсунувчи миноритар акциядорлар қўмитасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Ушбу қўмитанинг асосий функцияси миноритар акциядорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, улар манфаатларига зид равишда жамият томонидан тузилган битимлар бўйича хулосалар киритишдир. Чунончи, акциядорлик жамияти фаолияти шаффофлигини таъминлаш, акциядорлар ва потенциал инвесторлар учун акциядорлик жамиятининг фаолияти тўғрисидаги ахборотлар олишига кенг имконият яратиш мақсадида қонун лойиҳасида акциялари фонд биржаси листингига киритилган акциядорлик жамиятлари томонидан фонд биржаси сайтида жамиятнинг устави ҳамда унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар матнини чоп этиши мажбурийлиги кўзда тутилмоқда.
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳамда мазкур қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунлар лойиҳалари иккинчи ўқишга тайёрлаш учун жойларда кенг муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳузурида Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси масъул ходимлари, акциядорлик жамиятлари вакиллари, экспертлар, тадбиркорлар иштирокида махсус ишчи гуруҳи тузилди. Шу билан бир қаторда, қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик ўртасида, манфаатдор вазирлик ва идоралар, акциядорлик жамиятлари, акциядорлар, тадбиркорлар билан биргаликда ўрганиш, муҳокама қилиш ҳамда жойлардан бўладиган барча таклиф ва тавсияларни жамлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда шундай давра суҳбатлари ташкил этилди.
Давра суҳбатларида ушбу қонунлар лойиҳаларининг концептуал асослари атрофлича муҳокама қилинди ва таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди. Иштирокчилар қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда нафақат миллий қонунчилик ва тажриба, балки хориж тажрибаси ҳам ўрганилганини қайд этишди. Ишчи гуруҳи фаолияти ва қонунлар лойиҳалари муҳокамалари маҳаллий ҳамда марказий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
 Хулоса ўрнида айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз иқтисодиётига катта ҳисса қўшаётган акциядорлик жамиятлари фаолиятини жадаллаштириш, уларнинг, шу жумладан, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашга кенг имконият яратади.

Насимжон АЛИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси.

 

Добавить комментарий


Защитный код
Обновить

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года