A+ R A-

Концепция: устувор вазифалар

ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ВА МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИК

Мамлакатимизда тадбиркорлар учун зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратиш орқали давлатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш долзарб вазифалардан биридир.

Айтиш керакки, соҳанинг муайян қонунчилик базаси яратилган ва у нафақат маҳаллий, айни чоғда хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар манфаатларини таъминлашда ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаяпти.
Шуларга мос ҳолда, Ўзбекистонда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва муҳофаза қилишга оид элликка яқин икки томонлама шартномаларга амал қилинмоқда. Бу шартномалар асосида инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, унга етказилган зарарни қоплаш, маблағларни хорижга эркин ўтказиш, сармоя билан боғлиқ низоларни ҳал этиш масалалари тартибга солиб келинаётир.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Адлия ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган илмий-амалий семинарда шу ҳақда батафсил сўз юритилди. Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитражини жорий этишнинг долзарб масалаларига бағишланган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди, ҳакамлик судлари вакиллари, тегишли вазирликлар ҳамда бошқа манфаатдор идоралар масъул ходимлари, олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот институтлари олимлари, мутахассислар, етакчи халқаро экспертлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, дунё амалиётида томонлар ўртасида инвестициялар билан боғлиқ низолар юзага келганда, уни ўзаро маслаҳат ўтказиш йўли билан ҳал этиш, келишувга эришилмаган ҳолатларда инвестицияни қабул қилувчи мамлакат судлари ёки халқаро ҳакамлик суди (арбитраж)да кўриб чиқиш тартиби йўлга қўйилган. Низони халқаро ҳакамлик судига кўриб чиқиш учун бериладиган розилик давлатлараро шартномаларда, инвестор ва инвестицияларни қабул қилувчи мамлакат ўртасидаги шартномаларда ўз ифодасини топган.
Ўзбекистон томонидан имзоланган инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш тўғрисидаги келишувларда инвестициявий мунозараларни Халқаро инвестициявий баҳсларни тартибга солиш маркази (Вашингтон), Халқаро савдо палатаси қошидаги Халқаро арбитраж суди (Париж), Стокгольм савдо палатаси қошидаги Арбитраж суди (Стокгольм)  ёки бошқа доимий ишловчи арбитраж ёки арбитраж “ad hoc” ҳакамлик судига (маълум бир низоларни ҳал этиш учун махсус ташкил этиладиган ҳакамлик судига) тақдим этиш кўзда тутилгани мисолида ҳам буни кўриш мумкин. Шунинг ўзиёқ юртимизда инвестиция билан боғлиқ баҳсларни ҳал этиш халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига тўла мос келишидан далолатдир.
Тадбирда соҳа қонунчилигини янада такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Хусусан, Президентимиз томонидан тақдим этилган Концепция талаблари асосида ишлаб чиқилган “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мазмуни иштирокчилар томонидан қизиқиш билан ўрганилди. Айни чоғда ЮНСИТРАЛ арбитраж регламентининг асосий қоидалари ва Германия, Франция, Япония сингари давлатларда ишни ҳакамлик судларида кўриб чиқишнинг қонунчиликка оид норма ва қоидалари ҳақида батафсил ахборот берилди.
Шунингдек, мамлакатимизнинг инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, бошқа мамлакатлар билан савдо-инвестиция муносабатларини кенгайтириш учун кенг шароит яратиш, инвестициялар билан боғлиқ низоларни ҳал этишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш каби бир қатор масалалар таҳлил қилинди. Тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни белгиловчи маъмурий институтларни бугунги кун талаби даражасида ривожлантириш, тегишли давлат органларининг тадбиркорлар фаолиятига аралашувини камайтириш йўналишида бошланган ишларни изчил давом эттириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги баҳсларни судгача ҳал қилиш механизмини такомиллаштириш масалалари бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Якунда муҳокама этилган масалалар бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года