A+ R A-

Концепция: устувор вазифалар

ҲУҚУҚИЙ ТАЖРИБА ҚОНУНЧИЛИК ТАШАББУСИ ТАКОМИЛЛАШУВИНИНГ МУҲИМ СИНОВИ

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллиги, мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиши кўп жиҳатдан уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, мажбуриятлари ва манфаатларига доир қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ҳамда қарорлар ҳақида одамларнинг хабардорлигига бевосита боғлиқдир.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича кенг миқёсли ташкилий-ҳуқуқий чоралар мажмуи амалга оширилди. Ахборот соҳасининг самарали фаолиятини таъминлашга қаратилган 10 га яқин қонунлар қабул қилинди.
Шу билан бир қаторда, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар ҳам мавжуд. Айни пайтда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлари сифатини ошириш борасидаги масъулиятини кучайтириш зарурати туғилмоқда.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзуидаги маърузасида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Ушбу қонун давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартибларини аниқ белгилаб бериши, аҳолининг, жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, авваламбор фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлар ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлиб боришини таъминлаши лозим. Мазкур қонуннинг жорий этилиши ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, давлатнинг ички ҳамда ташқи сиёсатининг очиқлиги ва ошкоралигини, мамлакатимиз ва хорижда кечаётган воқеа-ҳодисалар хусусида фикрлар хилма-хиллиги ва сиёсий плюрализмни ҳисобга олган ҳолда таъминлаши зарур.
Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш бўйича комиссия томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда миллий ҳуқуқий тажриба инобатга олинган — оммавий ахборот воситалари соҳасига оид 10 дан ортиқ қонунлар, 40 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат инвентаризациядан ўтказилди. Қолаверса, ОАВга оид қонунчилик хорижий мамлакатлар қонунчилиги билан қиёсий таҳлил қилинди, Австрия, Буюк Британия, Германия, Франция ва бошқа 20 дан ортиқ давлатларнинг 50 дан зиёд қонун ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. 10 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, умуман, сўз эркинлиги ва ОАВ соҳасидаги халқаро стандартлар таҳлил қилинди. Қонун лойиҳаси бўйича ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари вакили бюроси ҳамда Нотижорат ҳуқуқ халқаро маркази(АҚШ)нинг халқаро экспертизаси олинди. Қонун лойиҳаси, шунингдек, хорижлик экспертлар иштирокида кенг муҳокамадан ўтди.
Амалиётда қонун лойиҳасининг асосий принциплари ва қоидаларини такомиллаштириш, унинг ҳокимият субъектлари ва бошқарув тузилмалари фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича нормалари самарадорлигини баҳолаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил
20 мартдаги Фармойиши билан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси нормаларини ҳуқуқий тажрибадан ўтказишга киришилди. Давлатимиз раҳбари Фармойишининг аҳамияти шундаки, ҳуқуқий тажрибани ўтказиш, биринчи навбатда, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштиришни таъминлашга йўналтирилгандир.
Мазкур ҳужжат асл мақсади халқимизнинг “Етти ўйлаб, бир кес” мақолига мос бўлиб, қонун қабул қилишга юксак масъулият билан ёндашилаётганини кўрсатади. Қонун лойиҳаси синови Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлигини мустаҳкамлайдиган 30-моддасини ҳаётга татбиқ этишга ҳамда қонун лойиҳаси қоидаларини амалда синаш ва уни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Ҳуқуқий тажриба қонун лойиҳаси сифатини ошириш, ушбу соҳадаги ҳуқуқий камчиликларни бартараф этиш, қонун лойиҳаси заруратини ҳамда самарадорлик даражасини кўрсатиб бериш, уни рўёбга чиқариш бўйича дастлабки мониторингни амалга ошириш каби мақсадларни кўзлайди.  У, шунингдек, фуқароларнинг қонун лойиҳаси ҳақида хабардорлигини ошириш ҳамда уни янада такомиллаштириш бўйича жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш учун зарур шароит яратади
Синов давомида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, бундай органлардан оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан ахборот олиш имкониятини таъминлашга йўналтирилган қонун лойиҳаси нормалари самарадорлиги аниқланади. Айни чоғда қонун лойиҳаси нормаларини такомиллаштириш, унинг самарали қўлланилиши бўйича механизмларни яратиш ҳамда ҳуқуқий эксперимент услубини қонун ижодкорлиги жараёнига татбиқ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Синовни ўтказиш давомида самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлар, давлат органлари раҳбарларининг улар томонидан қабул қилинаётган одамлар ва жамият манфаатларига дахлдор қарорларни аҳоли ўртасида матбуот анжуманлари, брифинглар, интервью ва бошқа тадбирлар орқали кенг тушунтиришда фаол иштирок этишини рағбатлантириш услублари амалий жиҳатдан ишлаб чиқилади. Шунингдек, мамлакат ички ва ташқи сиёсати, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини ёритишда миллий матбуот самарадорлиги ҳамда сифатини оширишга қаратилган журналистлар профессионал фаолиятининг ўзини ўзи тартибга солиш бўйича турли самарали механизмлар (Профессионал ахлоқ кодекси) амалий жиҳатдан синовдан ўтказилади. Унинг якунлари бўйича қонун лойиҳаси нормалари амал қилишининг давлат бошқаруви тизими барқарор фаолияти ва соҳадаги ахборот хавфсизлигини таъминлашга таъсири чуқур таҳлилдан ўтказилади. Бу эса синовдан ўтказилаётган қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришнинг асосидир.
Ўтказилаётган тажриба ОАВ, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, фуқароларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги ахборотлардан бохабар бўлиш йўлида янги имкониятларни очади. Синов қонун ижодкорлиги фаолиятининг хориж ва халқаро ҳуқуқ амалиётида кенг ҳамда ранг-баранг тарзда қўлланилаётган муҳим демократик ҳамда замонавий услубидир. Унинг ҳаётга татбиқ этилиши шакллантирилаётган қонунчилик ҳужжатлари ҳаётийлиги бўйича илмий асосланган, жамият ва давлат қурилишининг реал амалиёти билан узвий боғланган тавсиялар ишлаб чиқишда айни муддаодир.
Қонун лойиҳаси ташаббускорлари Бухоро ва Самарқанд вилоятлари мисолида мазкур ҳужжат лойиҳасининг қоидаларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ҳақиқий синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлишди.      
Ҳуқуқий тажрибани ўтказиш бўйича унинг вазифаларини самарали рўёбга чиқаришга доир комплекс ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар белгиланган. Жамоатчилик, жамоат бирлашмалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини тажрибанинг бориши, жисмоний ва юридик шахсларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти, улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар, дастурлар ва бошқа иқтисодий-ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида ахборот олишда янги имкониятлар тўғрисида хабардор қилиш каби тадбирларни қамраб олади. Комплекс чора-тадбирлар қаторига, шунингдек, ҳуқуқий тажриба самарадорлиги ҳамда ҳуқуқий эксперимент ўтказилаётган субъектларнинг ахборот очиқлигини таъминлаш бўйича фаолиятини баҳолаш мақсадида ижтимоий сўровлар ҳам киради. Булар қаторида, шу жумладан, қонун лойиҳаси нормаларини муҳокама қилиш бўйича очиқликни таъминлаш соҳасидаги хорижлик экспертлар иштирокида анжуманлар, брифинглар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказиш, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳам бор. Олдимизда турган вазифаларни самарали рўёбга чиқариш мақсадида ҳар бир шахс ҳуқуқий эксперимент жараёнини бемалол кузатиб бориши ҳамда қонун лойиҳаси нормалари муҳокамасида қатнашиши учун ихтисослаштирилган интернет сайти ташкил этилмоқда. ОАВ вакиллари эса ҳуқуқий тажриба субъектлари фаолияти ҳақида ахборотларни пешма-пеш тарзда олишлари мумкин.
Мазкур синовни ўтказиш пухта ҳозирликни талаб қилди. Хусусан, жамият ва давлат қурилиши соҳасида ҳуқуқий экспериментни амалга оширишнинг назарий ҳамда амалий масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.  Унда нафақат ҳуқуқий тажрибани ташкил этишнинг назарий ва халқаро амалиёти масалалари, балки уни амалга ошириш, ахборот соҳаси қонунчилиги, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш методикасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур конференцияда Бухоро ҳамда Самарқанд вилоятлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари фаол иштирок этди. Улар тадбир қатнашчиларига ҳуқуқий тажриба доирасида бажарилган чора-тадбирлар ва ушбу жараённи яқин истиқболда янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ҳақида маълумот бериб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтардилар.
Ҳуқуқий тажриба илмий-амалий жараён, экспериментал нормалар самарадорлиги бўйича кузатув бўлиб, назарий ва амалий фаолият уйғунлигини ўзида ифодалайди. Таъкидлаш жоизки, у назариётчилар фикр-мулоҳазаларини ҳаётий талаблар билан таққослаш, солиштириш имконини беради. Шу аснода Ўзбекистон қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш бўйича ноёб тажрибага эга бўлади. Бу эса нафақат қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар олиш, балки ҳуқуқий тажрибани ташкил этиш борасида самарали методика ишлаб чиқиш, миллий ҳуқуқ социологияси назарияси ҳамда амалиётини кенгайтиришга хизмат қилади.

Акмал САИДОВ,     
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар,

нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи

бошқариш органлари қўмитаси раиси.

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года