A+ R A-

Концепция: устувор вазифалар

ПАРЛАМЕНТ ВА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ

ҳуқуқий давлат ҳамда фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми

Мамлакатимизда изчил рўёбга чиқарилаётган парламент ислоҳотлари икки палатали Олий Мажлиснинг назорат ваколатларини амалга оширишда янги вазифаларни қўймоқда.
Президентимиз 2010 йил январь ойида парламент палаталарининг қўшма мажлисида ижро ҳокимияти томонидан қонунларнинг бажарилиши устидан парламент назорати ролини кучайтириш, унинг шаклларини такомиллаштириш, бу борада сиёсий партиялар фаоллигини ошириш, давлат органлари раҳбарлари ҳисоботларини мунтазам эшитиш масаласига яна бир бор эътибор қаратган эди. Албатта, тўпланган амалий тажриба асосида парламент назоратининг асосий йўналишлари, шакллари, парламент палаталарининг назорат ваколатларини амалга ошириш жараёнидаги ўзаро алоқалари механизмлари аниқлаб олинди. Айни чоғда ҳаёт ва давр тақозоси билан ушбу жабҳани янада маромига етказишга зарурат туғилаётир.

 

Мазкур масала “Парламент ва жамоатчилик назорати институтларини янада ривожлантириш масалалари: миллий ва Европа тажрибаси” мавзуидаги халқаро давра суҳбати иштирокчиларининг муҳокама марказида бўлди. Уларнинг орасида парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, олимлар, ҳуқуқшунослар, республикамизнинг етакчи нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик экспертлар бор эди. Тадбирда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётида парламент ҳамда жамоатчилик назорати ролини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ижтимоий шериклик асосидаги ўзаро алоқалари масалалари кўриб чиқилди.
Давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси, шунингдек, К. Аденауэр номидаги фонд (ГФР) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов очиб берди.
У йиғилганларга парламент ва жамоатчилик назорати институтлари тараққиётининг конституциявий-ҳуқуқий асослари ҳақида сўзлаб берар экан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси республика барқарор тараққиёти янги босқичининг миллий стратегиясига айланганини таъкидлади. Зеро, ушбу дастуриламал ҳужжатда “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш назарда тутилган. Бугунги кунда мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мутахассислар, чет эллик экспертлар, кенг жамоатчилик иштирокида қизғин муҳокама этилмоқда. Уларда парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий асослари белгилаб берилиши лозим. Бу эса давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг янада самарали иш юритиши, улар фаолиятида қонунийлик, шаффофлик ва очиқликни таъминлашга хизмат қилади.
— Мустақилликнинг дастлабки йигирма йили давомида Асосий Қонунимиз базасида конституцион давлат барпо этилди, — дейди А. Саидов. — Унинг таркибий қисми ҳисобланган парламент ривожида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Концепция навбатдаги ривожланиш босқичини бошлаб берди. Зеро, ундаги ғояларнинг рўёби давлат ва фуқаролик жамияти ривожида янги йўналишларни очади.
Бугунги кунда Ўзбекистон парламенти дунёнинг кўплаб давлатларидаги вакиллик органлари каби қонунчилик ва назорат функцияларини амалга ошириб келаяпти. Сиёсий партияларнинг роли ва аҳамияти, партиялараро ва фракциялараро курашни ривожлантириш йўлида қилинган туб ўзгаришлар бу борада янги уфқларга асос солди. Чунончи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботлари мунтазам тингланмоқда. Айни чоғда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги назорат Омбудсман институти орқали амалга оширилаётир, Давлат бюджети ижроси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда назорат қилинмоқда. Сўнгги янгиланишларга мос равишда, Конституцияга Бош вазирнинг парламент олдидаги ҳисобдорлик тартиби, унга ишончсизлик вотуми эълон қилиш имкониятига оид ўзгаришлар киритилди.
Ҳозирги даврда турли мамлакатлар парламентлари томонидан давлат ҳокимияти органларига сўровлар юбориш, интерпелляцияни амалга ошириш, ҳукуматга ишончсизлик вотуми билдириш ва танбеҳ резолюцияси киритиш, ҳукумат фаолияти ҳақида маърузалар ва ҳисоботлар тинглаш, парламент эшитуви, парламент текшируви, парламент омбудсмани фаолияти ва бошқа органлар, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда иштирок этиш, Давлат бюджети устидан молиявий назорат, халқаро ҳужжатларни ратификациялаш ва денонсация қилиш ва бошқа усуллардан фойдаланиб келинаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари Б. Мирбобоев ижро ҳокимияти органлари устидан парламент назоратига оид ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш концепцияси ҳақида фикр билдирди.  У, жумладан, мамлакатимиз Олий Мажлиси палаталарининг назорат ваколатларини амалга оширишнинг қонунчилик асослари, улар умумэътироф этилган шакл ва усулларга тўғри келишига тўхталиб ўтди. Ушбу таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда мамлакатимизда парламент назоратини амалга ошириш таомилларини, субъектларнинг аниқ ваколатлари, уларни амалга оширувчилар, уларнинг функциялари, давлат назоратининг бошқа субъектлари билан ўзаро алоқаларини етарли даражада тартибга солувчи яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Ўзбекистон Конституцияси ва тегишли қонунлар ҳамда регламентларда парламент назоратининг асосий субъектлари ва шакллари мустаҳкамлаб қўйилган. Лекин уни амалга ошириш тартиб-таомиллари, қонун бузилишига йўл қўйган органлар ва мансабдор шахсларга унинг таъсири аниқлаштирилмаган. Бу ва бошқа омиллар “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш заруратини туғдирди.
Тадбирда қайд этилганидек, мустақиллик йиллари Ўзбекистон учун фуқаролик жамияти институтларининг барқарор тараққиёти ва ривожланиш даври бўлмоқда. Очиқ, кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш учун ҳуқуқий майдон қурилди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Ҳомийлик тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари А. Усмонов эътироф этганидек, бугунги кунга келиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва бошқалар томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш жабҳасида сезиларли амалий тажриба тўпланган.
Жамоатчилик назоратини амалга оширишни ҳуқуқий тартибга солиш масаласига келсак, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида экспертлар гуруҳлари томонидан халқаро тажриба ва амалдаги қонунчилик чуқур ўрганилди. Натижалар шуни кўрсатдики, 40 дан ортиқ қонун ҳужжатларида жамоатчилик назоратининг у ёки бу жиҳати акс эттирилган.
Бугунги кунда “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳар томонлама муҳокама қилиш босқичида турибди. Қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқларига доир қонунчилик нормалари бажарилиши соҳасида жамоатчилик мониторинглари, аниқ масала доирасида жойлардаги давлат ҳокимияти органлари фаолияти бўйича социологик тадқиқотлар ва жамоатчилик эшитувларини мунтазам ўтказиш, шунингдек, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизаси, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қарорлар қабул қилишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш таклиф этилмоқда.  
Тадбирда аҳоли қатламларининг эҳтиёжларини аниқлаш, олиб борилган таҳлил якунлари бўйича қабул қилинган қарор ҳамда унинг қатъий ижроси устидан назорат олиб бориш воситасида уларни қондиришга таъсир кўрсатиш мақсадида депутатлар турли жамоатчилик ташкилотлари билан янада яқин ҳамкорлик қилишлари, тадқиқот марказлари, ОАВ ва ННТлар томонидан тақдим этилган муқобил ахборотлардан фойдаланиш лозимлигига урғу берилди. Шундай қилиб, парламент назорати жамоатчилик назоратининг мантиқий давоми бўлиб, бунинг натижалари эса парламентнинг назорат функциялари ижроси учун асос бўлади.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)
С. Рашидова инсон ҳуқуқлари соҳасида парламент назоратининг ҳуқуқий ва ташкилий пойдевори ҳақида сўзлаб берди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси
А. Аҳмедов маърузасида эса фуқаролик жамиятининг ноёб институти — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мавзуси ёритилди. Унда яқинда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда кучга киргани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Жумладан, ушбу ҳуқуқий ҳужжатда қонунлар ва бошқа ҳужжатларнинг тегишли ҳудудлардаги ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғинлари ваколатлари белгилаб берилди. Бу борада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига сўров билан мурожаат қилиш нормалари мустаҳкамлаб қўйилгани демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда алоҳида ўрин тутади.
— Парламент ва жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш мавзуси нафақат Ўзбекистон, балки кўплаб давлатлар учун долзарбдир, — дейди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Дьердь Сабо. — Бу масала бугунги кунда жуда кучли экспертлар гуруҳи томонидан муҳокама қилинаяпти. Ўзбекистонда янада демократлаштириш, жамиятда фуқаролик элементини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Бу каби эзгу амалларда Европа давлатларининг кўп асрлик тажрибаси мамлакатингизга ҳам фойдали бўлади, деб умид қиламан. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасига бўлган қизиқиш ҳам жуда юқори.
Хорижлик иштирокчиларнинг маърузалари муҳокамаларни янада жонлантирди. Масалан, Франция Сенати аъзоси Натали Гуле ўз мамлакатида парламент назоратини амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтди. У Францияда 2008 йилда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлардан сўнг парламентнинг назорат функцияларини амалга ошириш борасида ваколатлари сезиларли кенгайтирилганини таъкидлади. Сенат тузилмасида доимий комиссиялар, уларнинг таркибида текширув ишларини олиб борувчи махсус комиссиялар фаолият юритади.
— Тошкентда меҳмон бўлиш ва ушбу давра суҳбатида иштирок этишдан бахтиёрман, — деди Натали Гуле. — Бу парламент фаолиятини янада яхшилаш, унинг шаффофлигини таъминлашга интилишнинг яна бир тасдиғидир. Ушбу тадбир ҳақида Франциядаги ҳамкасбларимга, албатта, айтиб бераман.
Европадаги парламент ва жамоатчилик назорати ривожланиш тенденциялари ҳақида Халқаро нотижорат ҳуқуқи вице-президенти Наталья Боржелли муфассал маълумот берди. Тақдим этилган қонун лойиҳаларининг ҳар бир моддасига ушбу ташкилот экспертлари томонидан шарҳлар тайёрланганини алоҳида қайд этиш жоиз. Боржелли хоним “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг дунёда ўхшаши йўқ эканлигини таъкидлади.
— Ишончим комилки, ушбу қонун жуда фойдалидир, — деди у. — Кенг жамоатчилик муҳокамаси, хориж ва халқаро ҳуқуқни ўрганиш, таклиф ва тавсиялар киритиш натижасида қонун лойиҳаси анча такомиллашди. Унда жамоатчилик назорати объекти, фуқаролар, оммавий ахборот воситалари сўровларига  жавоб бериш тартиби ва бошқа устун жиҳатлар аниқ белгилаб берилган.
Франция Кенгашининг Иқтисодий, ижтимоий ва экологик  маҳкамаси директори Кристиан ле Ру ҳам жамоатчилик назорати ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Жамоатчилик назоратининг вазифаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг, бюджет маблағлари сарфланишининг очиқлиги, шаффофлиги устидан назоратни амалга оширишдир. Бу Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувида иштирок этишлари учун янада кенг имконият беришга сиёсий хоҳиш ва ирода борлиги — ҳақиқий демократия нишонаси эканлигини билдирди.
— Биз мамлакатингизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар билан яқиндан танишдик, — деди Венгрия Конституциявий суди котибияти раҳбари Диана Мечи. — Шубҳасиз, жамоатчилик ва парламент назорати асослари ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши изчил тараққиётга хизмат қилади. Бунда, албатта, қабул қилинаётган қонунларнинг самарадорлиги муҳим аҳамиятга эга. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари ўз фаолиятлари ҳақида жамоатчиликка ахборот тақдим этиш зарурлигини англаб етишлари керак. Фуқароларнинг ўз ҳуқуқларидан хабардорлигини ошириш ҳам ўта долзарбдир.
— Германияда парламент фаолиятининг муҳим шартларидан бири ҳокимиятлар бўлинишидир, — дейди Германия Бундестаги аъзоси  Йоахим Пфайффер. — Депутатлар ўз фаолиятларида юқори даражада мустақил бўлиб, кенг ваколатлар доирасидан фойдаланишади. Парламент назоратининг шакл ва усуллари Конституцияда ҳамда Бундестаг регламентида мустаҳкамлаб қўйилган. Биз парламент назорати бўйича катта тажрибага эгамиз ва уни мунтазам такомиллаштириб бораяпмиз. Ва албатта, бу борада Ўзбекистон парламенти тажрибасини ўрганиш биз учун жуда қизиқ. Парламент назоратининг бошқа давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилаётгани Ўзбекистон демократиянинг бош тамойилларига содиқ эканлигини намоён этади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, аксарият маърузачилар давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ҳуқуқий экспериментларнинг назарий ва амалий жиҳатларига ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ўтказилаётган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси синовига бағишланган on-line конференцияда ҳам иштирок этишди. Улар ҳуқуқий эксперимент ўтказиш бўйича ноёб тажриба ҳамда Ўзбекистоннинг ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги қатъий интилишини алоҳида қайд этиб ўтишди.   
Давра суҳбати иштирокчилари долзарб мавзу муҳокамаси бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашдилар, шунингдек, қонун лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишди.  Хорижлик экспертлар ўз мамлакатларида парламент фаолияти асослари  узоқ йиллар давомида шаклланганини ҳамда парламент назоратини такомиллаштириш жараёни давом этаётганлигини таъкидлаб ўтишди. Ўзбекистон 21 йил давомида кучли парламентни яратиш ва давлат қурилишида ҳавас қиларли даражада муваффақиятларга эришганини қайд этишди. Ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг самарадорлиги бу борада оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокига ҳам боғлиқ эканлиги алоҳида таъкидланди.
Зотан, улар аҳолининг сиёсий маданияти, унинг ҳуқуқий билимлари ва тафаккурини оширишда катта роль ўйнайди.

С. МАХСУМОВ.

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года