A+ R A-

Концепция: устувор вазифалар

ТАДБИРКОРЛИК РИВОЖИ ВА ҚОНУНЧИЛИК

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни жадаллаштириш муҳим йўналишлардан бири сифатида белгилаб берилган.

Ўтган даврда ушбу йўналишдаги ислоҳотларни кенг миқёсда амалга ошириш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга татбиқ этилди. Айни чоғда “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилиб, уни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан Япониянинг Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Халқаро молия корпорацияси ҳамда назорат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, Олий суд, Олий хўжалик суди ҳамкорлигидаги хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга бағишланган анжуман ҳам ана шу мақсадда ташкил этилди.
Эътироф этилганидек, юртимизда бозор иқтисодиёти асоси бўлган хусусий мулк устуворлигини таъминлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити ва ҳуқуқий кафолатлар тизими яратилган. Бу эса хусусий мулк эгаларининг мамлакат иқтисодиётидаги улуши тобора ошиб боришига хизмат қилмоқда.
Анжуманда таъкидланганидек, адлия органлари томонидан ҳам ушбу йўналишда муайян ишлар амалга оширилаяпти. Жумладан, турли идоралар вакиллари иштирокида тадбиркорлик субъектлари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилаётгани хусусий мулк эгаларига қўшимча қулайликлар яратмоқда. Эътиборлиси, бундай мулоқотларда тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган масалалар тегишли идоралар вакиллари томонидан муҳокама қилиниб, уларга амалий ёрдам берилаётир. Шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимларида “Ишонч телефонлари” ишлаб турибди. Мурожаатларнинг электрон шаклда ҳам қабул қилинаётганлиги эса ҳар томонлама манфаатли бўлмоқда.
Анжуман иштирокчилари “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси мазмуни билан таништирилди. Ўз навбатида, мутахассислар томонидан лойиҳада тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилиш тартибини такомиллаштириш ҳамда уларнинг фаолиятига аралашувларни қисқартиришга кенг ўрин берилгани юқори баҳоланди.
— Қонун ижодкорлиги жараёнида бу борада тўпланган миллий ҳамда халқаро тажриба ўрганилди, — дейди Адлия вазирлиги масъул ходими  Бахтиёр Умаров. — Жумладан, Жанубий Корея, Япония, Германия, Хитой, Чехия, Молдова, Латвия, Литва ва Россия каби давлатлар тажрибаси ҳамда миллий қонунчилигимиздан келиб чиқиб, текшириш ўтказиш асослари ва муддатлари, назорат қилувчи органлар ва уларнинг ходимлари мажбурияти каби масалалар аниқ белгилаб берилди.
Умуман, бу қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини янада кучайтиришга қаратилган. Албатта, бу  мамлакатимизда соҳанинг янада ривожланиши ва уларнинг эркин фаолият юритишлари учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.
Муҳокамаларда иштирокчилар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уларнинг фаолиятида барқарорликни таъминлаш, қонунчиликка риоя этаётган тадбиркорларнинг фаолиятига аралашувларни кескин қисқартириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдиришди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан даромадларни эркин тасарруф этиш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш, хизмат бозорига кириш, фаолиятни амалга ошириш учун зарур ҳужжатлар бериш муддатлари ҳамда текшириш ўтказишда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари масалалари бўйича ҳам сўз юритилди.
Якунда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года