A+ R A-

Концепция: устувор вазифалар

ОЧИҚЛИК ВА ОШКОРАЛИК — ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Тошкент шаҳрида “Давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги — жамоатчилик назоратининг муҳим омили” мавзуида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Фуқаролик жамияти ривожланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, ЎзМТРК томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, ЮНЕСКО, Миллий демократик институт (АҚШ), “Минтақавий мулоқот” нодавлат нотижорат ташкилоти (Словения) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, АҚШ, Франция, Германия, Финляндия, Латвия, Словения каби давлатлардан соҳа мутахассислари ва экспертлар қатнашди.
Семинарда таъкидланганидек, истиқлол йилларида Ўзбекистонда инсон, унинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқлари, эркинликлари амалда олий қадрият даражасига кўтарилган очиқ демократик ҳуқуқий давлат қуриш, жаҳон миқёсида обрў-эътибор қозонган жамият барпо этиш йўлида улкан демократик янгиланишлар амалга оширилмоқда. Бундай ислоҳотлар самаралари ҳақли равишда нуфузли халқаро ташкилотлар ва экспертлар томонидан эътироф қилинаяпти.
Шубҳасиз, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғоя, таклиф, қонунчилик ташаббусларининг амалиётга изчил жорий этилаётгани ана шу модернизация жараёнлари суръатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётир.
Мазкур дастуриламал ҳужжатда ахборот соҳасини ислоҳ этиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, жамоатчилик назорати институтини янада тараққий топтиришнинг ҳуқуқий-ташкилий механизмларини замон талаблари асосида такомиллаштиришга оид устувор вазифалар белгилаб берилган.
Маълумки, республикамизда ўтган йиллар давомида ахборот эркинлиги принциплари, ахборот олиш кафолатлари, демократлаштириш жараёнларида ОАВ иштирокини кенгайтиришга оид қонунчилик асосларини маромига етказишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ қилинди.
Концепция асосида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давомига айланди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлари сифатини юксалтиришга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир. Чунки унда аҳоли ва жамоат бирлашмаларини давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлар ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор этиб бориш бўйича механизмлар белгилаб қўйилаётир. Унинг қабул қилиниши эса ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралиги, фикрлар хилма-хиллиги ва сиёсий плюрализмни янада изчил таъминлайди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда қонун лойиҳаси ҳуқуқий тажриба асосида Самарқанд ва Бухоро вилоятининг давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларида синовдан ўтказилмоқда. Ҳуқуқий тажриба ўтказишдан мақсад лойиҳа нормаларини амалий жиҳатдан такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг энг муҳим ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш борасидаги қарорлари ҳақида аҳолини бохабар қилишда оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари роли ва аҳамиятини оширишдан иборат. Тажриба давомида ишлаб чиқилган таклиф-тавсиялар таҳлил этилиб, умумлаштирилади ҳамда улардан қонун лойиҳасини такомиллаштиришда фойдаланиш кўзда тутилаётир.
Халқаро семинар иштирокчиларининг фикрича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлаш фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини фаоллаштириш, уларнинг ахборот олишга оид конституциявий ҳуқуқини тўлиқ амалга ошириш кафолатларини мустаҳкамлашнинг энг муҳим вазифаларидандир. Шунга мос равишда қонун нормалари рўёбига хизмат қилувчи кўплаб омиллар мавжуд. Аҳоли ҳуқуқий маданиятининг юқори даражада бўлиши, журналист кадрлар маҳорати, давлат тузилмалари вакиллари қаторида фуқароларнинг ҳам замонавий ахборот технологияларидан фаол фойдаланиши шулар жумласидандир. Айтиш жоизки, мазкур йўналишлар ривожи йўлида мамлакатимизда комплекс ишлар олиб борилаяпти.
Тадбирда ҳуқуқий тажрибани ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
— Мамлакатингизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида кенг кўламли чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ қилинаяпти, — дейди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Дьерд САБО. — Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган ишлар миллий ҳамда жаҳон тажрибасини уйғунлаштирган ҳолда олиб борилаётгани эътиборга лойиқ. Ҳуқуқий тажриба ўтказилиши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишдан манфаатдор бўлганлар, биринчи навбатда, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтларига имкониятлар эшигини кенг очади. Булар эса давлат органлари раҳбарларининг ўзлари қабул қилаётган қарорлар сифати учун жавобгарлигини оширишга оид ҳуқуқий механизмларни ривожлантиришда айни муддаодир.
— Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масалаларини айнан ягона қонунда яхлит ифодалаш Европа эксперт доираларининг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда, десам хато қилмайман,— дейди Приморска-Любляна университети профессори Сандра Басик ХРВАТИН (Словения). — Ўзбекистон бу борадаги ғоят масъулиятли вазифани биринчи бўлиб ўз зиммасига олгани бежиз эмас. Бу ерда кўпчилик намуна олса арзийдиган демократик ўзгаришлар амалиётга жорий этилаётир. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, уни такомиллаштириш устида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Бундай саъй-ҳаракатлар демократиянинг асосий шартларидан бири — давлат органлари фаолияти шаффофлиги, уларга тегишли ахборотлардан масс-медиа ва фуқаролик жамияти институтлари кенг фойдаланишини таъминлаш асосида самарали жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга хизмат қилади.
— Ўзбекистонда фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини амалга оширишга оид зарур ҳуқуқий база мавжуд, — дейди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Криста ПИККАТ. — Шубҳасиз, давлат органлари фаолиятини янада демократлаштириш бўйича ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси, унинг ҳуқуқий тажрибадан ўтказилиши ҳам ахборот соҳасини ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган, энг аввало, жамоатчиликка дахлдор масалалар бўйича қарорлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш сифатини оширишда қўл келади. Қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотларни тақдим этиш жараёнларида фаол қатнашиш мажбурияти тўғридан-тўғри белгилаб берилаётганига алоҳида тўхталиш жоиз. Чунки бу уларнинг оммавий ахборот воситалари билан яқиндан мулоқотда бўлиши, миллий ахборот маконини долзарб ва ишончли ахборотлар билан тўлдиришда жуда керакли жиҳатдир.
Бундестагнинг илмий бўлими раҳбари Роджер КЛОСС (Германия)нинг айтишича, фуқароларнинг давлат органлари фаолияти тўғрисида эркин ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш кўп қиррали ва мураккаб жараёндир.
— Германияда мазкур жараёнлар ахборот эркинлигига оид ҳуқуқий механизмлар асосида тартибга солинади. Ўзбекистонда соҳадаги янгиликлар билан танишиб, шунга амин бўлдимки, — дейди у, — бу ерда ахборот ва сўз эркинлигини ҳозирги кун талаблари асосида либераллаштириш, унинг ҳуқуқий базасини маромига етказиш, жабҳага тегишли қонун ҳужжатлари ижросида парламентнинг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
— Фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга бўлган ҳуқуқларини кенгайтириш демократия талабидир, — дейди “Global Panel” фонди директорлар кенгаши аъзоси Оскар КАСТЕНС (АҚШ). — Мазкур жиҳатлар қонун лойиҳасида инобатга олинган. Масалан, жисмоний ва юридик шахсларнинг сўрови рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн беш кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг мансабдор шахслар билан интервью уюштириш тўғрисидаги сўрови эса етти кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Шунингдек, ахборотдан фойдаланувчиларнинг ўз сўровларини ёзма, оғзаки ва электрон шаклда, қолаверса, ўз вакиллари орқали йўллаш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Финляндиянинг Медиа, коммуникациялар ва ривожланиш фонди лойиҳалари координатори Ярмо Мартти КОПОНЕНнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, хусусан, уларни ҳуқуқий тажриба ҳамда экспертизадан ўтказиш жараёнида илғор ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, интернет имкониятларидан кенг фойдаланилаётгани таҳсинга сазовор.
— Бунинг учун тегишли технологик инфратузилма мавжуд, — дейди у. — Шулар асосида Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида “Электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш бўйича комплекс дастур амалга оширилиши эътиборга молик. Яъни ҳар бир хоҳловчи махсус интернет сайти орқали ҳуқуқий тажриба ўтказиш жараёни билан танишиш, қонун лойиҳаси нормалари муҳокамасида иштирок этиш имконига эга. Ўз навбатида, журналистлар ҳуқуқий тажриба субъектлари фаолияти тўғрисида ахборот материаллари, эълон қилинаётган пресс-релизлар, ахборотномалар ва бошқа шу каби тарқатма материалларни олишлари мумкин. Буларнинг барчаси пухта ахборот маконига эга бўлган кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда салмоқли роль ўйнайди.
Шулар билан бирга, Аудиовизуал воситалар бўйича Олий Кенгашнинг Европа ва халқаро ишлари бўйича ваколатли директори Жиль МОРО (Франция) оммавий ахборот воситалари ходимларининг замонавий ахборот бозори шароитида жамият олдидаги масъулияти ҳамда жавобгарлигини янада чуқур англашига хизмат қилувчи зарур механизмларни ишлаб чиқиш муҳим эканлигини эътироф этди.
Сўзга чиққан маҳаллий ва хорижлик экспертлар бошланган ҳуқуқий тажриба ҳамда мазкур халқаро илмий-амалий семинарнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, ушбу тадбирлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси изчил амалга оширилаётганининг тасдиғи эканлигини алоҳида таъкидладилар. Концепция асосида ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳасини тажрибадан ўтказиш усули уни янада такомиллаштиришга асос бўладиган натижаларни тақдим этиши, шубҳасиз.
Илмий-амалий семинар доирасида халқаро экспертлар иштирокида республикамиз марказий босма ва электрон нашрлар ҳамда ахборот хизматлари раҳбарлари учун маҳорат дарслари ўтказилди. Унда журналистнинг профессионал фаолиятини янада ривожлантириш, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини ёритишда миллий матбуот самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ,
Машҳура ЗОҲИДОВА.


Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года