A+ R A-

Қарор ва ижро

Амнистия акти изчил қўлланилмоқда

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар инсонпарварлик тамойилига асосланган бўлиб, истиқлол даврида бу борада салмоқли ютуқ ва натижалар қўлга киритилди.

Буни фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тўлиқ таъминланаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Президентимиз тақдимномасига биноан 2013 йилнинг 12 декабрида Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарор ҳам ана шундай эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасига қарашли 1-тергов ҳибсхонасида мазкур қарор ижроси доирасида ўтказилган тадбирда шу ҳақда сўз юритилди. Эътироф этилганидек, ушбу ҳужжат нафақат демократик жамиятнинг устувор тамойилларини, балки миллий қадриятларимиз — бағрикенглик, мурувват ва инсонпарварлик каби олий фазилатлар моҳиятини ўзида мужассамлаштирган. Унда аёллар, жиноят содир қилган вақтда 18 ёшга тўлмаганлар, 60 ёшдан ошган эркаклар ва чет давлат фуқароларини жазодан озод этиш назарда тутилганининг ўзиёқ ана шундан далолат бериб турибди.
Муҳими, ўтган давр мобайнида амнистия актини қўллашда қонунбузарлик,  ва суиистеъмолликка йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларига путур етказилмаслигини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, жазодан озод этилган шахсларнинг ижтимоий кўникмаси ва ҳимоясига оид чораларни ўз вақтида, самарали бажариш мақсадида жойларда ҳуқуқ-тартибот идоралари, судлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролар йиғинлари раҳбарларидан иборат ҳудудий комиссиялар тузилган бўлиб, улар томонидан муайян ишлар олиб борилмоқда.
Айни чоғда Қарорнинг очиқ ва ошкора қўлланилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида ташкил этилган сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Омбудсманнинг минтақавий вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳлар самарали фаолият юритмоқда. Ушбу гуруҳ аъзолари жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб, маҳкумлар билан суҳбатлашмоқда, уларнинг шахсий йиғмажилдлари ва суриштирув, дастлабки тергов органлари юритувидаги терговгача ўтказилган текширув материаллари ҳамда жиноят ишлари билан танишиб чиқишмоқда. Шу билан бирга, озод қилинган шахсларга доир юритилаётган ишларнинг мониторингини олиб боришаётир.
Тадбирда жазодан озод этилаётган шахслар ижтимоий мослашуви ҳамда ҳимоясига қаратилган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, шу пайтга қадар озодликка чиққан шахсларга моддий ёрдамлар кўрсатиш, уларни ишга жойлаштириш, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш, вояга етмаганларни ота-оналар, ҳомийлик ва васийлик органларига топшириш, зарур ҳолларда, таълим муассасасига юбориш билан боғлиқ чоралар кўрилаётгани алоҳида таъкидланди. Бунда прокуратура, суд, ички ишлар идоралари, соғлиқни сақлаш муассасалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда фуқаролар йиғинларининг ўзаро ҳамкорлиги айни муддао бўлмоқда.
Мазкур тадбирда ушбу муассасадан яна бир гуруҳ маҳкумлар жазодан озод этилди ёки ўталмай қолган жазо муддатлари қисқартирилди.
— Уч йилга ҳукм қилингандим, 11 ойда уйимга қайтаяпман, қувончим ичимга сиғмай кетаяпти, — дейди Ф. Абидов. — Халқимиз ва Президентимиз мени кечириб, имконият берган экан, бундан, албатта, унумли фойдаланаман. Қўлимда ҳунарим бор. Ҳунармандчилик қиламан. Насиб бўлса, ҳалол меҳнат орқасидан оиламга, Ватанимга фойда келтирадиган инсон бўлишга астойдил ҳаракат қиламан.
— Бу ерда ўтириб, қилган хатоларимни ҳар томонлама ўйладим, — дейди Н. Абдукаримова. — Қилмишимдан қаттиқ пушаймонман. Президентимизга катта раҳмат! Хатоларимдан сабоқ чиқариб, тўғри йўлни топишим учун яна бир имконият бердилар. Дилимдагини қандай айтишни, тўғриси, билмаяпман. Амнистияга тушмаганимда, бу ерда яна 2,5 йилдан кўпроқ бўлардим, муддатидан олдин озод бўлганимдан қаттиқ ҳаяжондаман. Бу мен учун бир сабоқ бўлди. Ҳалол меҳнат қилиб, юртимга муносиб фарзанд бўлмоқчиман.
Шу куннинг ўзида қарор ижроси доирасидаги бундай тадбирлар Зангиота туманидаги ва Чирчиқ шаҳридаги жазони ижро этиш муассасаларида ҳам бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Сенат Қарори ижроси жойларда изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года