A+ R A-

Қарор ва ижро

Юксак инсонпарварлик ифодаси

Маълумки, истиқлол йилларида юртимизда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланишига эришилмоқда.

Бунда жиноят қонунчилиги изчил либераллаштирилаётганлиги ҳам муҳим омил бўлаётир. Зеро, унинг моҳиятига инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари сингдирилган.
Президентимиз тақдимномасига биноан, шу йилнинг 12 декабрида Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарор ҳам ана шундай эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу ҳужжат нафақат демократик жамиятнинг устувор тамойилларини, балки қадимдан амал қилиб келинаётган миллий қадриятларимиз ҳамда бағрикенглик, мурувват ва инсонпарварлик каби олий фазилатлар моҳиятини ўзида мужассам этган. Қарорда, хусусан, аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаганлар, 60 ёшдан ошган эркаклар ва чет давлат фуқароларини жазодан озод қилиш назарда тутилганлигининг ўзиёқ унинг нақадар бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланганлигини кўрсатади. Бош прокуратурада мазкур қарор ижросига бағишлаб ўтказилган идоралараро йиғилишда ҳам бу ҳақда алоҳида таъкидланди.
— Амнистия актини қўллашда қонунбузарлик, суиистеъмолликка йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказилмаслигини таъминлаш муҳимдир, — дейди Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Тўлқин ўозибеков. — Шу ўринда ички ишлар идоралари томонидан ушбу ҳужжат ижроси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилаётганлигини айтиш зарур. Хусусан, жойларда ички ишлар идоралари томонидан амнистия тўғрисидаги Қарорни қўллаш тартиби ҳақидаги низом, Ички ишлар вазирлиги кўрсатмаси талаблари белгиланган муддатда ижро этилишини таъминлаш юзасидан кенг чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Амнистия тўғрисидаги Қарор қўлланиши устидан жамоатчилик назоратини ва уни қўллаш тартиб-таомилларининг ошкоралигини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Бу борада мутасадди идоралар ҳамкорлигини янада кучайтириш айни муддаодир.
— Мазкур Қарорга маҳкумни ёки жиноят содир этган шахсни жазодан озод этишни кўзда тутувчи ҳужжат сифатидагина қарамаслик керак, — дейди Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Эркабой Тожиев. — Зеро, унда жазодан озод этилган шахсларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун шарт-шароитлар яратиш ҳам белгилаб берилган. Шундан келиб чиқиб, жазодан озод этилган шахсларнинг ижтимоий кўникмаси ва ҳимоясига оид вазифаларни ўз вақтида, самарали бажариш мақсадида жойларда давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ҳудудий комиссиялар тузилди. Ижро жараёнида улар озодликка чиққан шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширади.
Бундан ташқари, амнистия тўғрисидаги Қарорнинг очиқ ва ошкора қўлланиши юзасидан жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, Омбудсманнинг минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Ҳозирги кунда бу гуруҳлар аъзолари жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб, маҳкумлар билан суҳбатлашмоқда. Уларнинг шахсий йиғмажилдлари билан танишиш, суриштирув, дастлабки тергов органлари юритувидаги терговгача ўтказилган текширув материаллари ва жиноят ишлари билан танишиш, озод қилинган шахслар билан олиб борилаётган ишларни мониторинг қилиш ва бу жараённи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни таъминлаш билан боғлиқ кўплаб юмушлар ҳам рўёбга чиқарилаяпти.
Умуман, Қарордан келиб чиққан ҳолда, жазодан озод қилинаётган шахслар ижтимоий мослашуви ҳамда ҳимоясига қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Шу пайтгача озодликка чиққан шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларни ишга жойлаштириш, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш, вояга етмаганларни ота-оналар, ҳомийлик ва васийлик органларига топшириш, зарур ҳолларда таълим муассасаларига юбориш билан боғлиқ чоралар кўрилди. Бунда прокуратура, суд, ички ишлар идоралари, соғлиқни сақлаш муассасалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва фуқаролар йиғинларининг ўзаро ҳамкорлиги қўл келмоқда.
Куни кеча ушбу Қарор ижроси доирасида Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясида амнистия акти қўлланилган шахсларни озодликка чиқаришга бағишланган тадбир ўтказилди. Унда Қарор ижросига масъул идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Иштирокчилар эътироф этишганидек, қоқилганни суяш, керак бўлса, унга қўлдан келганича яхшилик қилиш, умуман, халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар моҳиятини ташкил этади. Мазкур муассасадан 11 нафар хотин-қизнинг қадрдон оиласи бағрига қайтарилгани мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин.
— Бунчалик олижаноблик дунёнинг бирор бир жойида йўқ, — дейди Г. Асқарова. — Президентимизнинг бағрикенглиги ва кечиримлилиги туфайли муддатидан олдин жазодан озод бўлганимдан қаттиқ ҳаяжондаман. Ўйлаб кўринг, 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилингандим, амнистия туфайли 7 ойда оилам бағрига қайтаяпман. 2 нафар фарзандим бор, уларни роса соғинганман. Шуларни ўйласам, қалбим тубида чуқур миннатдорлик ҳислари жўш уради. Бундан кейин, албатта, юртимга, халқимга наф келтирадиган инсон бўлишга астойдил ҳаракат қиламан.
— Ўн саккиз ёшдаман, ўйламай босилган биргина қадам сабабли бу ерга келиб қолдим, — дейди У. Байбакова. — Агар амнистия бўлмаганида ёшлигим ҳам, бу давр билан боғлиқ имкониятларим ҳам бой берилиши мумкин эди. Давлатимизнинг юксак инсонпарварлик сиёсати боис бу имкониятлар ўзимга қайтариб берилди. Энди бундан оқилона фойдаланаман. Бирор ҳунарни пухта эгаллаб, унинг орқасидан оиламга, Ватанимга фойда келтириш учун бор куч-ғайратимни аямайман.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарор ижроси жойларда уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года