A+ R A-

Сиёсат

Мустаҳкам ҳуқуқий кафолат

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари  жараёнида тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий хўжалик суди ва Самарқанд вилояти хўжалик суди судьялари, адлия, солиқ, божхона, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармалари вакиллари, хорижлик экспертлар ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирда юртимизда мустақиллик йилларида бозор иқтисодиётининг  асоси ҳисобланган  хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган барқарор қонунчилик базаси шакллантирилиб, замон билан ҳамнафас такомиллаштирилаётгани ҳамда иқтисодиётни эркинлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани таъкидланди.
— Соҳа қонунчилигида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолиятига давлат ва назорат идоралари асоссиз равишда аралашувларини чеклаш, рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда лицензия талаб этадиган фаолият турларини кескин камайтиришга қаратилган кўплаб нормалар кўзда тутилган бўлиб, бу амалда ўз самарасини бермоқда, — дейди Олий хўжалик суди раиси ўринбосари Шуҳрат Саидов. — Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини  янада тубдан  яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни бир поғона юқори кўтарди. Ҳозирги пайтда шу ҳужжат талабларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Масалан, назорат қилувчи органлар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни электрон шаклларда бажариш амалиётга татбиқ этилди.
Анжуман қатнашчилари 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига даъво аризалари ва илтимосномаларни хўжалик судларига бериш тартиб-тамойилларини, ўз хоҳишларига кўра, электрон шаклда амалга ошириш ҳуқуқи берилгани соҳа ривожида айни муддао бўлаётганлигини қайд этишди. Натижада тадбиркорлик субъектлари нафақат ўз мурожаатларини хўжалик судларига электрон шаклда юбориш имконига эга бўлишди, балки суд ҳужжатларини ҳам шу тартибда қабул қилиб олишмоқда.
2013 йил октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун ҳам соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Мазкур Қонун билан айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Хўжалик процессуал кодексига тадбиркорлик субъекти ва давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари ҳамда банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъекти фойдасига талқин этилишини белгилайдиган норма киритилди.
Давра суҳбатида хўжалик судларида тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.
Якунда кўрилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года