A+ R A-

Онажоним табиат

Экотуризм: Изчил ривожланиш йўлида

Туризм жаҳон иқтисодиётининг жадал ривожланаётган соҳаларидан бири бўлиб, у Ўзбекистонимизда ҳам тобора тараққий этмоқда.

Бу мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини ошириш, сервис хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш, бой маданий, тарихий ва табиий меросларни асраб-авайлаш борасида изчил олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Мутахассисларнинг айтишича, туризмни алоҳида минтақалар ва тармоқлар бўйича равнақ топтиришга  эътибор қаратилаётгани айни муддао бўлди. Бунда Президентимизнинг 2013 йил 20 мартдаги “2013 — 2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 — 2015 йилларда Тошкент, Қашқадарё вилоятларида туризм соҳасини ривожлантириш дастурларига доир қарорлари дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.
Дарҳақиқат, ушбу ҳужжатларда нафақат ички молия манбалари, балки хориж инвестициясини жалб этган ҳолда, янги лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг ташаббускорларига банклар томонидан кредитлар ажратиш ҳамда божхона тўловларида имтиёзлар бериш кўзда тутилган.
Ўзбекистонда, айниқса, экотуризмни ривожлантириш учун табиий ва географик имкониятлар етарли. Негаки, юртимиз ўзининг бетакрор табиати, гўзал ландшафтлари, пурвиқор тоғлари, бепоён чўллари, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, кўп мингйиллик табиий  ёдгорликлари билан ажралиб туради. Бу йилнинг тўрт фаслида ҳам ўзига хос бўлган экосаёҳатларни ташкил этиш мумкинлигидан далолатдир.
Экологик туризм ҳақидаги қарашлар ҳамон хилма-хиллигича қолаяпти. Айримлар уни табиий ҳудудларнинг бокира жойларига ташриф буюришга йўналтирилган туризмнинг барқарор шакли десалар, бошқалар табиатда экологик мувозанатни сақлаш мақсадида инсон тараққиёти етиб бормаган экологик тоза минтақаларга йўналтирилган саёҳатлар, дея таърифлашмоқда.
Мамлакатимизда бу талабларга жавоб берадиган ҳудудлар кўп. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хоразм вилоятидаги Шовот канали ҳамда “Ёшлик” кўлида кичик ҳажмдаги кемаларни ҳисобга олиш ва техник назорат қилиш ишлари бажарилган бўлса, Қашқадарё  вилоятидаги “Ачинкўл” сув ҳавзаси атрофида “Биологик буюртмахона (экоҳудуд)” ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ердан учиб ўтувчи қушлар учун буюртмахона яратилиши баробарида, сув ҳавзасида аҳоли учун ҳордиқ чиқариш масканлари бунёд этилиши мўлжалланаётгани ҳам эътиборга моликдир.
Экотуризмнинг ривожи фақат иқтисодий кўрсаткичлар билангина ўлчанмайди. Аксинча, аҳолини табиатни муҳофаза қилиш, унинг неъматларига оқилона муносабатда бўлиш ва асраб-авайлашга жалб этиш, унга нисбатан меҳр уйғотиш жиҳатидан диққатга сазовордир. Яна бир муҳим томони, экотуризм  соғлом  ҳаёт  тарзининг бир бўлаги бўлиб, бунинг учун юқори  даражадаги  хизмат кўрсатувчи меҳмонхона ва бошқа сервис объектлари талаб қилинмайди. Табиат билан яқиндан мулоқотда бўлиш учун махсус палатка ва кемпинглар қуришнинг ўзи кифоя.
Мухтасар айтганда, экотуризмнинг ривожи табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали ҳордиқ чиқаришга бўлган эстетик эҳтиёжларни қондирибгина қолмасдан, балки борлиқни борлигича асраб, уни келгуси авлодга безавол мерос сифатида қолдириш учун мустаҳкам воситадир.

Севара ДАВЛАТОВА,
Ўзбекистон Республикаси Табиатнимуҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассиси.

Тоғ қоплонининг ноёб сурати олинди
Яқинда олимларимиз дунё бўйича йўқолиб кетиш хавфи остида турган илвирслар, яъни тоғ қоплонлари Ўзбекистонда сақланиб қолганини исботловчи янги маълумот ва ноёб суратлар олишга муваффақ бўлишди. Бунда “Ҳисор” давлат қўриқхонасининг “Қизилсув” бўлими ҳудудига ўрнатилган фотоқопқон қўл келди.
Гап шундаки, 2013 йилнинг якунида қўриқхона ҳайвонот оламини ўрганиш ва уларнинг ҳисобини юритиш мақсадида замонавий фотоқопқон билан таъминланган эди. У қисқа вақт ичида Туркистон силовсини, қўнғир айиқ каби кўплаб ёввойи жониворлар суратларини  муҳрлаб олишга муваффақ бўлди. Улар орасида иккита тоғ қоплонининг борлиги эса нафақат юртимиз, балки хорижлик мутахассисларнинг ҳам қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Илвирс Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг “Қизил рўйхати”га киритилган ноёб ҳайвонлардан бири ҳисобланади. Айни пайтда дунё бўйича унинг
3 минг донаси сақланиб қолгани тахмин қилинмоқда. Сабаби, улар тоғларнинг қор билан қопланган ўрта ва юқори қисмлари, денгиз сатҳидан 2500-4500 метр баландликни макон қилгани туфайли ҳисобини юритиш анчайин мураккаб. Кундузи қорли қоялар орасида беркиниб ётиши эса бу юмушни янада қийинлаштиради. Юртимиз олимларининг машаққатли меҳнатлари эвазига 1983 йилда “Ҳисор” қўриқхонаси ҳудудида 5 та илвирс ҳисобга олинган эди, холос.
Мутахассислар эътирофича, мазкур қўриқхона ташкил этилиб, камёб жониворлар алоҳида муҳофаза остига олингани тоғ қоплони ва бошқа ҳайвон турларининг кўпайишида муҳим омил бўлди. Бунинг исботи сифатида илвирсларнинг бош сони 1991 йилда 10, 1999 йилда 12-16, 2009 йилда эса 24 дан ошганини қайд этиш кифоя.         
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Ҳисор” қўриқхонаси ҳудуди жиҳатидан нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақасидаги энг катта муҳофаза остига олинган маскан ҳисобланади. Унинг умумий майдони 80 минг 986 гектардан иборат бўлиб, Қашқадарё  вилоятининг жануби-шарқий томонида,  Ҳисор тоғларининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган.
Қўриқхона мафтункор флора ва фаунаси билан азалдан мутахассисларни ўзига оҳанрабодек тортиб келади. Зеро, бу ерда Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ўсимликларнинг 36, мамлакатимиз ва халқаро “Қизил китоб” рўйхатидан жой олган ҳайвонот оламининг 17 тури учрайди.
Бугунги кунда тоғ қоплонларини қўриқхонанинг Қизилсув, Тошҳовуз, Мироқи ва ўилон участкаларида учратиш одатий ҳолга айланиб бораяпти. Бу юртимизда истиқлол йилларида биологик хилма-хилликни сақлаш, ноёб турларни асраб қолиш борасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг юксак самарасидир.
Илвирслар, асосан, тоғ эчкилари билан озиқланади. Шунингдек, тўнғиз болалари, қизил суғур, Ҳимолай ҳилоли ва какликларни ҳам овлайди. Ҳар икки йилда бештагача болалаб, 21 йилгача яшайди. Аммо уларнинг сони бошқа минтақаларда камайиб кетаётгани ташвишланарлидир.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, бугунги кунда фотоқопқонлар мамлакатимиздаги бошқа қўриқхоналар, миллий боғларга ҳам ўрнатилмоқда. Бу юртимиз фаунасининг камёб турлари ҳақида қимматли далил ва ашёларни тўплаш, уларнинг муҳофазасини кучайтириш борасида амалий чоралар ишлаб чиқиш жараёнида муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

С. РАҲМОНОВ.

Ватан манзаралари

Чўл бағридаги хазина
Марказий Фарғона чўлида йирик Оққум  массиви бор. Минг гектар ерда ястаниб ётган бу ҳудуд ўтган асрнинг охирларида табиий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олиниб, унинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш ҳамда кўпайтириш юзасидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.
“Мингбулоқ табиий ёдгорлиги” номини олган бу қумликлар ўзига хос ўсимликлар олами, ноёб қуш ва ҳайвонлари билан табиатсеварларни мудом  бағрига чорлайди. Негаки, табиий ҳолда ўсаётган саксовул, черкез, қуёнсуяк, туронғил, юлғун, янтоқ, оқбош, қамиш сингари дарахт ва буталар билан қопланган маскан ёввойи  ҳайвонлар ҳамда судралиб юрувчиларнинг севимли ошёни. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган турлар ҳам кўплаб учрайди.  Шу боис наботот ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ишларини янада кучайтиришга қаратилган тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, шу асосда иҳота дарахтлари ўтқазилди, уларни суғориш учун ариқлар  қазилди. Бу билан, энг аввало, ҳудуд табиатига зарар келтирувчи қум барханларининг кўчишига барҳам берилиши баробарида, камёб дарахт ва буталарнинг сақланиб қолиши ҳамда табиий равишда кўпайишига имконият яратилди.
— “Мингбулоқ” табиий ёдгорлиги нафақат табиат ишқибозлари, балки бўлажак биолог ҳамда географларни қизиқтирмоқда, — дейди Наманган давлат университети доценти Эркинжон Икромов. —  Хусусан, бизнинг биология факультетимиз талабалари назарий машғулотлар чоғида олган билимларини амалда мустаҳкамлаш учун бу ерга тез-тез келиб турадилар. Бир қатор ҳамкасбларимиз эса ҳудуднинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси устида илмий тадқиқот ишларини олиб боришаяпти. Масалан, ўзим судралиб юрувчиларнинг экологик паразитологияси мавзуидаги докторлик ишимни ниҳоясига етказаяпман.
Дарҳақиқат, биолог олим айтганидек, мазкур ҳудудда ўрганса, тадқиқ қилса арзийдиган нодир манбалар анчагина. Биргина унинг зоосферасини олиб кўрайлик. Қумликлар узра чопқиллаб юрган “Штраух тўгаракбошиси” деб номланувчи калтакесак фақат шу жойгагина хос жонзотдир. Ёки калтакесакнинг яна бир тури — “Қизилқулоқ тўгаракбошиси” жуда кам сақланиб қолган турлардан ҳисобланади. Кун давомида чўл кезиб, унинг фақатгина бир неча донасини учратишингиз мумкин.  Эндемик турлар сирасига кирувчи бундай  судралиб юрувчилар  тақдири айнан шу қумликлар билан боғлиқ бўлиб, табиий ҳудуднинг асраб-авайланиши уларни сақлаш ва кўпайтиришнинг бош омилидир.
— Қўриқланадиган табиий ҳудуд мақоми берилган “Мингбулоқ” ёдгорлиги авлодларга безавол етказилиши лозим бўлган бебаҳо бойликларимиздан бири, — дейди Наманган вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Акрамжон Саъдуллаев. — Унинг экологик мувозанатини сақлаш учун, биринчи галда, ҳудудни турли қоидабузарлар тажовузидан доимий равишда ҳимоя қилиш зарур. Бу, айниқса, қумликдаги саксовулзорлар аҳоли яшаш масканларидан овлоқ жойда эканлиги билан янада долзарб аҳамият касб этади. Боиси, бу ерда ўсаётган саксовул, юлғун, туронғил сингари буталарни ўтин сифатида кесиб, уларга қирон келтираётган кимсалар, оз бўлса-да, учраб турибди. Жумладан, 2013 йил давомида ўтин кесиш мақсадида қум оралаган шундай қонунбузарлардан 12 нафари аниқланди. Табиийки, бундайларнинг қилмиши чорасиз қолмади. Уларга нисбатан бир миллион 26 минг сўм миқдорида жарима белгиланиб, ундириб олинди. Бундан ташқари, бир нафар қонунбузар фуқарога нисбатан 9  миллион сўм жарима даъвоси қўзғатилиб, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилди.
Табиат ҳамиша инсон меҳри ва эътиборига муҳтож. “Мингбулоқ” табиий ёдгорлигининг узоқ йиллар мобайнида бокира сақланиб  қолиши эса бу ерда яшаётган эчкиэмар, қуён, қирғовул, кирпи, чиябўри, йўрға тувалоқ, кўплаб турдаги судралиб юрувчи ҳамда сут эмизувчи камёб ҳайвонларнинг ҳадиксиз яшаб, кўпайиши учун қулай макон бўлиб хизмат қилади, албатта.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Биласизми?
* Ўрта Осиё тўқайларининг 60 фоизи Амударёнинг қуйи соҳилларида жойлашган.

* Ўзбекистонимизнинг ўсимлик дунёси ниҳоятда бой ва ранг-баранг бўлиб, ҳозирги кунда табиатда ёввойи ўсимликларнинг 4500 га яқин, замбуруғларнинг эса 2000 дан ортиқ тури учрайди.

* Бир қанча биогеографик ўлкалар туташган минтақада жойлашган республикамиз ҳайвонот олами ҳам ўзига хос. Юртимизда умуртқали ҳайвонларнинг 688 тури, шу жумладан, сут эмизувчиларнинг 105 тури мавжуд.

* Табиатимизда энг кенг тарқалган тур — бу умуртқасизлар бўлиб, уларнинг 15 мингдан ортиқ тури учрайди.

* Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”нинг 1984 йилдаги нашрига ўсимликларнинг 163, умуртқали ҳайвонларнинг эса 63 тури киритилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич тегишли равишда 324 ва 107 тани ташкил қилаяпти.

* Табиатимизда Турон йўлбарси бутунлай йўқ бўлиб кетган. Ҳозир эса чиябўри, гепард, қоплон, қундуз ва морхўр шундай хавф остида турибди.

* Ўзбекистонда муҳофаза қилинаётган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 9,1 миллион гектардан ошди.

* Табиатимизда янги наботот намуналарининг пайдо бўлишида қушлар ва ҳашаротлар воситачилик қилаётган экан.

Наботот ажойиботлари

Мўъжизавий гиёҳ
Мексикада ўсадиган лофофора (Lophophora) номли қуманжирга маҳаллий аҳоли қадим замонлардан буён илоҳий тус бериб келади.
Сабаби, ўсимлик таркибида мескалин моддаси мавжудлиги туфайли, уни истеъмол қилган кишининг кўз олдида мўъжизавий кўринишлар содир бўлиб, қулоғи остида ҳузурбахш оҳанг тарала бошлайди.
Лофофора оловранг кўринишда бўлиб, юмшоқ мева беради. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, унинг меваларини еган киши башорат қилиш қобилиятига эга бўлар эмиш. Шу боис миссионерлар лофофора ҳосилини истеъмол этишни тақиқлаганлар.
Шуни айтиш керакки, Виллиамс лофофораси жаҳонда энг чидамли ўсимлик намунаси ҳисобланади. Уни ҳеч бир гиёҳ ўсмайдиган жойларда ҳам учратиш мумкин.

Ҳашаротхўр магнолия
Қримда ўзининг ям-яшил кўриниши билан ажралиб турувчи магнолия дарахти ўсади. Унинг бежирим гулларини кўрган киши бу ўсимликка  маҳлиё бўлиб қолади. Уни ўзи билан олиб кетишга ошиқади.
Аммо магнолия гулларининг бошқа хусусияти ҳам бор. Гап шундаки, магнолия барглари қатида халтачага ўхшаш ва катталиги икки миллиметрга бормайдиган пуфакчалар мавжуд бўлиб, у ҳаво билан тўлган бўлади. Ажабланарлиси, пуфакчанинг битта тешиги ҳам бўлиб, у ўсимликка бирор нарса тегиб кетмагунча очилмайди. Мабодо, ҳашарот тегадиган бўлса, тешикча сув оқими билан очилиб, уни ютиб юборади. Қопқонга тушган жонивор ўсимлик озуқасига айланади.

Маннон НАБИЕВ,
доришунос.

Тажриба

Маҳаллий иқлимга мослашди
Ҳиндистон заминидан келтирилган “Камилия” тропик гул кўчатлари уч йил деганда иқлим шароитимизга мослашди. Бу юмуш Андижон туманидаги Ҳакан қишлоғида яшовчи Нўъмонжон Абдураҳмоновнинг иссиқхонасида амалга оширилди.
— Ниҳолларни тажриба тариқасида эккандик, — дейди Н. Абдураҳмонов. — У жуда секин ўсса-да, бетакрор манзара ҳосил қилар экан. Гулларни бозорга олиб чиқишимиз билан харидорлар қизиқиб қолишди. Ҳозир қўшни вилоятлар, ҳатто, пойтахтдан ҳам буюртмалар тушаяпти. Шундан келиб чиқиб, мазкур манзарали ўсимликни “қаламча” шаклида етиштиришга киришдик.
Бугун Абдураҳмоновлар хонадонида 7 та иссиқхона мавжуд. Уларда  100 дан ортиқ турдаги кўчатлар, хусусан, тропик иқлимда ўсувчи гуллар ва бошқа ўсимликлар парваришланаяпти.

Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

«Қизил китоб» саҳифаларидан

Кирпиўт
Ўлкамизда кармакдошлар оиласига мансуб кирпиўтнинг кўплаб турлари мавжуд бўлиб, улар орасида Нурота кирпиўти алоҳида ажралиб туради. Мазкур наботот намунаси ўзининг ташқи кўриниши туфайли шундай ном олган. Яъни у бир қарашда ҳурпайиб олган кирпини эслатади.
Дарҳақиқат, Нурота кирпиўти диаметри 20 сантиметрлик яримшар шаклини ҳосил қилиб ўсади. Бутанинг поялари жуда тиғиз бўлиб, барглари кўкимтир яшил тусда, чўзиқ наштарсимон. У қалин туклар билан қоплангани боис учли қирраси кўзга унчалик ташланмайди. Гулпояси эса баргидан узунроқ, 10-15 сантиметрга етади. Июль-августда гуллаб, меваси куз ойларида етилади.
Фақат Нурота тизмасида учрайдиган ушбу ўсимлик тоғнинг тошли, қуруқ ёнбағирларида ўсади. Бироқ унинг тобора камайиб кетаётгани, боз устига, умумий ҳолати ҳали тўлиқ ўрганилмагани ачинарли ҳолдир. Маданийлаштирилиши ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.
Нурота кирпиўти Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган. Унинг табиий кўпаядиган ҳудудларини алоҳида муҳофаза остига олиш, “Нурота” қўриқхонасида янги тўпларини излаб топиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадга мувофиқдир.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года