A+ R A-

Онажоним табиат

Табиатнинг нодир жавоҳирлари

Мана, 17 йилдирки, жаҳонда 11 январь санаси “Миллий боғлар ва қўриқхоналар куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Зеро, экологик барқарорликни таъминлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш, атроф-муҳит мусаффолигига эришишда бундай объектларнинг алоҳида ўрни бор.

Шу боис мамлакатимизда табиий қўриқланадиган ҳудудларни янада кенгайтириш, уларда ноёб наботот ва ҳайвонот турларини кўпайтириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида истиқлол йилларида миллий ва халқаро “Қизил китоб”га киритилган айрим турларни кўпайтиришга муваффақ бўлингани диққатга сазовордир.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, бугунги кунда юртимизда саккизта давлат қўриқхонаси, иккита миллий боғ, ўнта давлат буюртмахонаси, бешта табиат ёдгорлиги, битта экомарказ ҳамда шунча биосфера резервати фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг умумий майдони эса 9,1 миллион гектардан ошди.
Мутахассисларнинг айтишича, табиатда турларнинг ривожи бамисоли занжирдек бири-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, улар ўзаро яхлит экотизимни ташкил этади. Ҳатто бир гиёҳнинг йўқолиши ҳам яшил оламнинг мувозанати бузилишига олиб келади. Аммо шунга қарамай, табиат неъматларига бўлган нооқилона муносабат айрим турларнинг тобора камайиши, қолаверса, бутунлай йўқолиб кетишига сабаб бўлмоқда. Айни пайтда дунё бўйича 16 минг 928 тур йўқолиб кетиш хавфи остида эканлиги, айниқса, ачинарлидир. Бу флора ва фаунанинг табиий кўпаядиган ҳудудлари тобора қисқариб бораётгани, ноқонуний овнинг камаймаётгани билан изоҳланмоқдаки, шу жиҳатлар соҳа мутахассислари зиммасидаги масъулиятни янада кучайтиришни талаб қилади.
Зарафшон тоғининг жануби-ғарбий ёнбағридаги “Китоб давлат геологик қўриқхонаси” давлат корхонаси заминимизнинг қадим тарихидан сўзловчи ноёб табиат обидалари билан машҳур. Унинг умумий майдони  3938 гектардан иборат бўлиб, денгиз сатҳидан 1300-2700 метр баландликда жойлашган. Бу ерда Оби Сафит, Хўжақўрғон, Зинзилбоғ, Новабоғ каби сойлардан гўзал ва бетакрор тоғ даралари ҳосил бўлган.
— Қўриқхонамизнинг табиати ниҳоятда ранг-баранг, — дейди қўриқхона директори Ўткир Раҳмонов. — Бу ерда ўсимликларнинг қарийб 800, ҳайвонларнинг эса 136 тури учрайди. Айниқса, Зарафшон арчаси, Туркистон заранги, момиқли заранг, Бухоро бодоми, дала чирмовуғи кенг тарқалган бўлиб, улардан тоғ ўрмонлари пайдо бўлган. Дараларнинг пастки қисмлари эса ёнғоқзор, толзор ва магалепка билан қопланган. Қуйироққа тушсангиз, бутасимон дарахтлар пойингизга тўшалади. Бундан ташқари, 280 турдаги шифобахш гиёҳ учрайди. Ўсимликлардан 22 тури камёб бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган.
Қўриқхонанинг ҳайвонот олами ҳам ўзига хос. Толай-қуён, жайра, бўрсиқ, сувсар, тулки ва бўри ҳудуд учун одатий турлар ҳисобланади. Айрим даҳаларда эса Ўрта Осиё кобраси учраб турса, этномофаунанинг қизиқарли объектларининг асосий қисми шу ерда жамланган. Бинобарин, капалакларнинг 80, ўргимчакларнинг 51, қисқичбақасимонларнинг 11, қушларнинг эса ўнлаб тури қўним топган.    
Аслида қўриқхоналар фаолиятидан кўзланган асосий мақсад ҳам ноёб табиат объектлари, ландшафтлар, камёб ўсимлик ва ҳайвонот турларининг ирсий фондини сақлаб қолишдир. Юртимизда қўриқхона ва миллий боғлар ҳудудини кенгайтириш, ўрмонзорлар барпо этиш, қисқача айтганда, яшил олам мувозанатини сақлаш борасидаги ислоҳотлар изчил амалга оширилаётгани таҳсинга лойиқ. Бунинг самараси ўлароқ, қўлга киритилаётган муваффақиятлар ҳақида сана муносабати билан ташкил қилинган анжуманда батафсил сўз юритилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, шунингдек, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбир доирасида “Ўзбекистон қўриқхоналарининг тирик жавоҳирлари” китоб-фотоальбомининг тақдимоти ҳам ўтказилдики, у соҳа ходимларининг табиат шайдоларига байрам туҳфаси сифатида қабул қилинди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года