A+ R A-

Онажоним табиат

Маликчўлни макон тутган қуш

Кармана тумани марказидан 30 километр жанубда жойлашган, шарқий қисми эса Қизилтепа туманига туташиб кетган Тўдакўл кўп минг йиллик тарихга эга сув ҳавзаси ҳисобланади.

Шунинг учун унинг ҳудудидаги Маликчўл табиати ўзига хос. Айни шу жиҳат соҳа мутахассисларининг эътиборини тортиб келади.
Кўлнинг жануби-шарқий қирғоқлари баланд қоялар билан ўралган бўлиб, соҳили тошлоқдан иборат. Бу унинг флорасига таъсир кўрсатмай қолмаган. Яъни ўсимлик дунёси нисбатан сийрак. Аммо ҳайвонот олами ранг-баранг. Бу ерда халқаро аҳамиятга эга, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган йўрғатувалоқ сақланиб қолгани бунинг яққол далилидир.  
Орнитологларнинг айтишича, бу тур дунё бўйича кескин камайиб кетган бўлиб, қатор мамлакатларда уни кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўзини оқламади. Негаки, йўрғатувалоқлар ўзига хос табиат қўйнидагина кўпаяди. Маликчўл — шулардан бири. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ташаббуси билан Бирлашган Араб Амирлиги кўмагида йўрғатувалоқ қушини муҳофаза қилиш ва кўпайтиришга ихтисослаштирилган марказ — “Emirates Centеr for Conservation of Houbara” нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилгани соҳадаги муҳим воқелик бўлди.
 Қушларнинг бу тури қурғоқчил ҳудудга мослашган. У очиқ ва буталар билан қопланган, аҳоли кам ҳудудларни афзал кўради. Мазкур марказ менежери Аделин Кадет хонимнинг таъкидлашича, 2007 йилда ташкил этилган қўриқхонанинг умумий майдони 300 гектардан иборат. Ҳудуднинг табиати йўрғатувалоқни кўпайтириш учун жуда қулай. Шу боис бу ерда қушларни парвариш қилиш учун шинам вольерлар қурилган.  
— Лойиҳамиздан кўзланган асосий мақсад Осиё йўрғатувалоғини кўпайтириш ва Ўзбекистонда уларнинг популяциясини қўллаб-қувватлаш учун ёввойи табиатга қайтаришдир, — дейди Навоий вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Панжи Рўзиқулов. — Ҳозирги кунда “Emirates Centеr for Conservation of Houbara” нодавлат нотижорат ташкилотида 1,5 мингдан ортиқ йўрғатувалоқ парваришланаяпти. Ўтган икки йил давомида эса уларнинг 200 таси табиат қўйнига учирилди.
Таъкидлаш керакки, қўриқхона замонавий техника воситалари билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда қушларни муҳофаза қилиш, уларни парваришлаш ва кўпайтириш бўйича хорижий мутахассислар изланишлар олиб боришаяпти. Уларнинг машаққатли ишларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти ходимлари  ҳам яқиндан ёрдам беришмоқда.
Келгусида марказ фаолиятини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бунинг учун қўшимча равишда яна 60 нафар маҳаллий мутахассис ишга жалб этилади. Натижада ноёб қушларни кўпайтириш кўлами янада кенгайиб, 2018 йилгача 2500 та йўрғатувалоқ табиат қўйнига чиқарилади.
Бу мамлакатимизда биологик хилма-хилликни сақлаш, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот турларини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг юксак самараси сифатида хорижликларнинг ҳам ҳавасини келтираётгани айни ҳақиқат.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Яшил олам жозибаси
Уни асраш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Фан-техника тараққий этгани сайин табиий ресурсларга бўлган эҳтиёж ҳам тобора ортиб бормоқда. Бу атроф-муҳитни, борлиқни ўз ҳолича сақлаб қолиш, унинг неъматларини асраб-авайлаб, келгуси авлодларга безавол етказиш масъулиятини янада оширади.
Буни дилдан ҳис қилган жамоамиз ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза этиш,
яшил майдонлар ҳудудларини кенгайтириш, биологик хилма-хилликни сақлаш йўлида тинмай изланиб, ижобий натижаларга эришмоқда.
Бугунги кунда хўжалигимизнинг умумий ер майдони 2 миллион 606 минг гектардан зиёд бўлиб, шунинг 178 минг 213 гектари табиий, 91 минг 184 гектари маданий ўрмонзорлар билан қопланган. Шунингдек, яйловлар 248 минг 816 гектарни ташкил этади.
Ўрмонларимиз ҳудудида, асосан, саксовул, қандим, черкез, жинғил, ёвшан, тўронғил, жийда дарахтлари, янтоқ, оқбош каби ўсимликлар ўсади. Булар чўл табиатига хос бўлса-да, парваришланмаса, янги ниҳоллар билан тўлдириб турилмаса, нафақат тароватини йўқотиши, балки барханлар бағрида завол топиши ҳеч гап эмас. Шу боис 13 гектарлик кўчатхона ташкил этилган бўлиб, бу ерда минтақамиз шароитига мослашган дарахт ниҳоллари кўпайтирилмоқда. Қолаверса, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилиб, туманимиздаги ташкилот ва муассасаларга шартнома асосида етказиб берилаяпти.
Дарҳақиқат, ҳар йили 1125 гектар майдонга сувсизликка чидамли дарахт ва ўсимлик турлари кўчати ҳамда уруғи экилади. Шунингдек, 1000 гектар майдондаги чўл ўрмонларига ишлов берилиб, қаторлардаги хатолар тўлдирилади.
Оролбўйи минтақасининг ҳайвонот дунёси ҳам ранг-баранг бўлиб, хўжалигимиз ҳудудида қирғовул, ўрдак, қашқалдоқ, қоравой, қизилтомоқ, ингичка тумшуқли балиқчи қуш, бир қозон, шунингдек, халқаро аҳамиятга молик ноёб қуш — фламинго учрайди. Ҳайвонлардан сайғоқ, бўрсиқ, тулки, тўнғиз, қашқир, шоқол, ёввойи мушук, тошбақа, чўл сичқони, илоннинг кўплаб турлари мавжуд.
Афсуски, кейинги йилларда кўчиб юрувчилар сирасига кирувчи сайғоқлар сони тобора камайиб кетаяпти. Юртимизда бу жониворларни овлаш тақиқланган. Бундай тартиббузарликка қўл урганларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдорида жарима солиш, шунингдек, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланилади.
Ҳайвонот оламининг тобора камайиб бораётган шу каби турларини муҳофаза қилишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу борадаги ишларга хўжалик қошида тузилган саккиз кишидан иборат қўриқчилар гуруҳи доимо бош-қош. Овчиларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам уларнинг назорати остида. Ноқонуний овга йўл қўймаслик, қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасида кўрилаётган изчил чора-тадбирлар туфайли ноёб ҳайвонот турларининг кўпайиши таъминланаяпти.
Қўриқчиларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан 2013 йилнинг 11 ойида ноқонуний тарзда ов қилган етти нафар кишидан 3,5 миллион сўм миқдорида жарима ундирилди. Яна тўрт нафар кишидан ўрмон ўсимлик дунёсига етказилган зарар қопланди. Бунда фуқаролар йиғинлари фаоллари бизга яқиндан ёрдам беришаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Табиатни муҳофаза қилиш ҳамда ички ишлар идоралари ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган рейдлар ҳам ўз самарасини бермоқда.
Бироқ ҳали олдинда бажарадиган ишларимиз кўп. Энг асосий вазифамиз она-табиатни кўз қорачиғидек асраш, яшил олам жозибасини сақлаб қолишга юртимиздаги ҳар бир фуқаро масъул эканлигини барча-барчага тушунтиришдан иборатдир.

Кенжебай ҚАРЛИБАЕВ,
«Қўнғирот» давлат ўрмон-овчилик хўжалиги директори.

Писком пиёзи
Ўлкамизда пиёзнинг кўплаб турлари учрайди. Маданийлаштирилган навлари муҳим озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланса, табиий ҳолда ўсадиганлари доривор хусусияти билан алоҳида қимматга эга.
Писком пиёзи — шулардан бири. У юртимизнинг Угом, Писком, Чотқол ва Қурама  тоғ тизмаларида кенг тарқалган бўлиб, денгиз сатҳидан 1200 — 2000 метр баландликда, қояларнинг ёриқларида, баъзан унгирларда ўсади.
Писком пиёзи кўп йиллик ўсимлик бўлиб, бўйи 60 — 120 сантиметрга етади. Июль ойида гуллаб, сентябрда пишиб етилади. Пиёзбошининг диаметри 6 — 7 сантиметрни ташкил этади.
Бу тур бошқа ўсимликлар каби уруғи ва вегетатив йўл билан кўпаяди. Бироқ кейинги пайтда унинг табиий майдони қисқариб кетаётгани ачинарлидир. Ҳисоб-китобларга қараганда, пиёз ниҳолларининг умумий сони 60 — 100 минг туп атрофида.
Аслида, Писком пиёзини маданийлаштириш унчалик қийин эмас. Маҳаллий аҳоли уни ўз томорқаларида экиб, парваришлаётгани бунинг исботидир. Хорижий ботаника боғларида, селекция билан шуғулланувчи институтларда пиёзнинг бу турини кўпайтириш бўйича муайян тажриба тўпланган. Мамлакатимизда эса у алоҳида муҳофаза остига олинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган. Уни ўзбошимчалик билан йиғиш қатъиян ман этилади.

Хонгул— тўқай маликаси
Тўқайларда бўлганмисиз? Бундай табиий ландшафтларга боришга ҳали улгурмаган бўлсангиз, демак, табиат гўзаллигидан тўлалигича баҳра олмабсиз. Негаки, Ўзбекистонимизнинг йирик дарёлари қирғоқларида тасмадек чўзилиб кетган тўқайзорлар гўзал табиати, турфа ўсимликлари, ноёб ҳайвонот олами билан кишини бир умр ўзига мафтун этади. Агар Самарқанднинг Чўпонота тепаликларидан бошланиб, Зарафшон дарёсининг ўнг қирғоғи бўйлаб 47 километргача давом этган, эни 300 — 1500 метрлик тўқайзорни қамраб олган “Зарафшон” қўриқхонасига йўлингиз тушса, ўзингиз бунга ишонч ҳосил қиласиз.
Дарҳақиқат, умумий майдони 2352 гектардан иборат, шундан 680 гектари ўрмон билан қопланган ушбу қўриқхона — бебаҳо хазина. У баҳору ёзда ҳам, кузу қишда ҳам табиатнинг ўзига хос тўқайзорлари жозибасини намоён этади. Бу ерда 300 га яқин ўсимлик турлари ўсади. Қарғажийда, чаканда, эчкитол, мажнунтол, сувтол, юлғун, қизил дўлана, жинғил, ширинмия, қўға, қамиш шулар жумласидан. Бундан ташқари, 59 турдаги доривор ва 23 турдаги техник ўсимликлар ҳам мавжуд.
“Зарафшон” қўриқхонасининг яна бир фахри 14 гектарга яқин майдонда тўранғилнинг тўп ҳолда сақланиб қолганлигидир. Унинг тангасимон барглари баҳор қуёшида кумушдек жилоланса, куз фаслида тилларанг тусга киради.
Қадимий тўқай ўрмони табиий озуқа захирасига бой бўлгани боис кўплаб ёввойи ҳайвонларни ўзига жалб қилади. Тулки, чиябўри, саҳро ва қамиш мушуклари бу ердаги қалин чакалакзорлардан паноҳ топади. Шунингдек, толай қуёни, жайра, бўрсиқ, типратикан, юлғун қумсичқони, кўрсичқон, шунингдек, сувилон, гулдор чипор илон, ўқилон, чўл тошбақаси, сариқилон ва калтакесак каби судралиб юрувчилар қўриқхона табиатига хосдир.
Қўриқхонада 160 турдан зиёд қушларни учратиш мумкин. Улар орасида энг мафтункори, шубҳасиз, бу ерга бундан бир неча минг йил илгари келиб қолган Зарафшон қирғовулидир. Улар ўтиб бўлмас чакалакзорларда макон тутиб кўпаяди ҳамда ўрмонлар ва қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларини зараркунанда ҳашаротлардан тозалайди.
Қўриқхона ҳудудида қирғовулдан ташқари, оқ қанотли қизилиштон, мусича, ҳакка, бухоро читтаги, майна ва дала чумчуқлари ҳам қишлайди. Тилла курканак, сув қалдирғочи, тўқай булбуллари фақат баҳор ва ёз фаслларида пайдо бўлади. Март охири, апрель ойи бошларида эса балиқчиқуш учиб келади. Бу қуш яқин йилларгача бутун Зарафшоннинг ўрта оқими бўйлаб тарқалган эди. Ҳозир унинг катта бир галаси фақат қўриқхонада сақланиб қолган. Қамишли чакалакзорлар ва қўғазорларда қамишқуш уя қуради. Дарё сувига яқин ерларда чўл тентак қуши, сувтарғоқ, чилдоқ балиқчиқушлар ин ясаса, дарё ўрта оқимининг жарли қирғоқларида кўкқарға, кўккаптар, қора ва кичик узун қанотлар ҳамда қирғоқ қалдирғочлари қўним топади.
— Халқимизда хонгул номи билан машҳур бўлган Бухоро буғуси бугунги кунда “Зарафшон” қўриқхонасининг кўрки ҳисобланади, — дейди катта нозир Амриддин Хўжаев. — Маълумки, йирик тўқай ўрмонлари табиатига хос бўлган бу жониворни чамаси бундан 100 йиллар илгари Ўзбекистоннинг кўпгина туманларида учратиш мумкин эди. Ўтган асрнинг 60-йилларига келиб, Бухоро буғуси фақат қўриқхоналар ва ҳайвонот боғларида сақланиб қолди. Ушбу кенжа тур йўқолиш арафасида — Халқаро, жумладан, Ўзбекистоннинг “Қизил китоби”га киритилган.
Таъкидлаш керакки, Халқаро дастурда белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш учун “Зарафшон” давлат қўриқхонаси ҳам танланган. Унинг доирасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, буғуларни сақлаш ва кўпайтириш учун 7 гектарлик вольер ҳудуди қурилди. Булар ўз самарасини бериб, ноёб жониворларнинг кўпайиши учун қулай муҳитни юзага келтирди. Айни чоғда буғулар сони қўриқхонадаги вольерда 19 бошдан 24 бошга, очиқ табиатда 24 бошдан 26 бошга етгани бунинг далилидир.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Шолғом — дардга малҳам
Бу экиннинг ёввойи ва табиий ўсадиган турлари мавжуд. У, асосан, озиқ-овқат маҳсулоти сифатида истеъмол қилинса-да, бир қатор хасталиклар учун ҳам шифобахшдир.
Гап шундаки, шолғомнинг илдизмеваси таркибида 9 фоиз қанд, минерал тузлар, дармондорилар, оқсил, карбон сувлари, эфир мойи, кальций, фосфор, темир каби маъданлар учрайди.
Тиб илмининг султони Абу Али ибн Синонинг ёзишича, шолғом уруғи елни ҳайдаса, ичини ўйиб, унга мум билан гул мойи солинган ҳолда, қўрга кўмиб эритилгани эса тери хасталиклари, совуқдан пайдо бўлган ва ярага айланган ёриқларга наф беради. Қайнатиб пиширилган шолғом ҳам айнан шундай таъсир кўрсатади. Гўшт билан пиширилгани эса кўкрак ва томоқни юмшатади.
Шолғом пиширилиб ёхуд хомлигича истеъмол қилинса, кўзга фойдали ҳисобланади. Бундан ташқари, у нафас йўлини ростлайди, юрак беҳаловат бўлганда, ажойиб малҳам вазифасини ўтайди.
Шолғомнинг асал билан аралаштирилган шарбати йўталга барҳам берса, тана ҳарорати кўтарилиб, томоқ оғриганда шифо бағишлайди.
Шолғом, шунингдек, парҳез таом сифатида — гастритда, ўт (сафро) йўлида, қабзиятда сурги тариқасида тавсия этилади. Шу билан бирга, унинг яллиғланишга қарши қўлланиладиган оғриқ қолдирувчи хусусияти ҳам бор. Бунинг учун майдаланган 30 граммига 200 мл. қайноқ сув қўшилиб, 15 дақиқа мобайнида қайнатилади. Сўнгра тайёр қайнатма чорак пиёладан ичилади.
Эслатиб ўтамиз, меъдаси ва 12 бармоқли ичаги яллиғланган кишиларга шолғомни хомлигича истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,
доришунос.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года