A+ R A-

Онажоним табиат

Наботот тўплами

Гулистон давлат университети олимлари шўрга чидамли ўсимликлар генбанкини шакллантирдилар. Мазкур наботот тўплами 27 тур ва 764 та намунадан иборат бўлиб, галдаги вазифа уларнинг ирсий чидамлилигидан амалиётда самарали фойдаланишга қаратилган.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги учун тавсия этилган жўхорининг “Ўзбекистон-5”, “SP-39105”, “Grif-619”, шунингдек, африка қўноғи, маккажўхори ҳамда ғўзанинг бир неча навлари шўрланган майдонларда ҳам  кутилган ҳосилни бериши тажрибада синаб кўрилди.
— Аҳамиятли жиҳати, генбанкимизда тупроқ унумдорлигини ошириш хусусиятига эга ўсимликлар ҳам бор, — дейди қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент Тожиддин Кулиев. — Дейлик, озуқа экини ҳисобланадиган боқланинг шўрга чидамли нави оралиқ экин сифатида тавсия этилади ва у тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаб, унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, африка қўноғи ва жўхорини асосий экин сифатида ҳам, такрорий экин қилиб ҳам ўстириш мумкин. Чунончи, улардан такрорий экин сифатида чорва учун гектаридан 300-400 центнер миқдорида озуқа олиш мумкин. Бунинг исботини университетимизнинг тажриба участкасида ва Боёвут туманидаги “Э. Маъмуров” фермер  хўжалиги даласида амалда кўрдик. Яъни Африка қўноғидан бир йилда уч марта озуқа ўриб олинди.
Эътиборлиси, шўрга чидамли ўсимликлар генбанкига табиий ҳолда ўсадиган наботот турлари ҳам киритилган. “Галофит ўсимликлар” дейиладиган бундай турлар кучли шўрланган ерларда ҳам  баравж ўсади. Масалан, университетнинг табиатшунос олимлари  олабўта  (атриплекс)ни Мирзачўл воҳаси иқлимига мослаштириш бўйича амалга оширган тадқиқотлари натижасида ундан кучли шўрланган майдонларда озуқа етиштириш мақсадида фойдаланиш имконияти юзага келди. Шунингдек, акация дарахти ҳам ана шундай ерларда иҳотазорлар, маданий ўрмонлар барпо қилишда яхши самара бериши синовдан ўтказилиб, амалиётга тавсия қилинди.
Қайд этиш лозимки, Мирзачўл воҳаси шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликларнинг катта генетик захирасига эга. Гулистон давлат университети олимлари томонидан олиб борилаётган илмий-амалий ишларнинг асосий йўналиши ана шу ўсимликлар иштирокида миллий генофондни шакллантириш, сақлаш ва улардан самарали фойдаланишни йўлга қўйишга йўналтирилганлиги билан эътиборлидир.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года