A+ R A-

Жараён

Давр талаби ва касб маҳорати

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Оммавий ахборот воситаларида шарҳловчилар минбари: муаммо ва ечимлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш йўналишида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда “Сиёсат” ахборот-таҳлил маркази томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда депутатлар, вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматлари ходимлари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талабалар, журналистлар қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ахборот соҳасига оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, миллий медиа тизимини замон талабига мос тарзда ривожлантириш мутахассисларнинг малака ҳамда маҳоратини оширишда алоҳида ўрин тутмоқда. Хусусан, юртимизнинг тинчликпарвар ташқи сиёсати, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталик, турли соҳаларда эришилаётган улкан ютуқларнинг мазмун-моҳиятини халқимиз ва дунё жамоатчилигига етказиш муҳим аҳамиятга эга. Ўз навбатида, бугунги глобаллашув даври журналистлардан ўз билим ва малакасини муттасил ошириб боришни, доимо ҳушёр ҳамда огоҳ бўлишни талаб этмоқда.
Тадбирда ана шулар ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари”, “Оммавий ахборот воситаларида шарҳловчилар минбари: муаммо ва ечимлар” ва “Сиёсий шарҳловчиларнинг янги авлодини тарбиялашнинг долзарб вазифалари” мавзуларида маърузалар тингланди. Қайд этилдики, кейинги йилларда мамлакатимиз ОАВдаги шарҳловчилар фаолиятида жонланиш кўзга ташланиб, улар томонидан бериб борилаётган халқаро ҳаётга оид шарҳ ва таҳлилий материалларнинг сифати ошмоқда.
Шу билан бирга, айрим босма ва электрон ахборот воситаларида шарҳловчилар фаолиятини кучайтириб, мамлакатимиз ташқи сиёсати ҳамда халқаро ҳаётга оид шарҳларни сон ва сифат жиҳатидан такомиллаштиришни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.
Давра суҳбатида ушбу масалаларга ижобий ечимлар топиш муҳокама қилиниб, соҳага ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мазкур йўналишда кадрлар тайёрлашни янада юқори босқичга кўтариш лозимлиги қайд этилди.
Маълумки, ахборот алмашинувида интернет тармоғи мавқеи тобора юксалиб бормоқда. Юртимизда ҳам ушбу тизим жадал ривожланиб, бугунги кунда миллий “Uz” домени сони 16 мингдан ортди. Уларнинг 260 дан зиёди оммавий ахборот воситаси сифатида фаолият юритмоқда.
Тадбир доирасида ушбу соҳадаги яна бир янги веб-сайт — “sharh.uz”нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда юртимиз ва жаҳонда юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараён шарҳлаб борилади.
Тадбир якунида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года