A+ R A-

Жараён

Касаба уюшмалари фаолияти кенгаймоқда

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда республика касаба уюшмаларининг ўтган йилдаги фаолияти таҳлил қилинди ҳамда Президентимизнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди.
Мажлисда касаба уюшма ташкилотларининг 2013 йилда бошланғич касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш орқали ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида эришган натижалари эътироф этилди. Ушбу даврда ижтимоий шерикликнинг асосий механизми — жамоа келишувлари ҳамда шартномалари имкониятларидан самарали фойдаланиш тизими нафақат ишловчилар, балки улар оила аъзолари турмуш даражасини оширишда муҳим омил бўлди. Бунда, албатта, Бош келишув ҳамда тармоқ келишувларининг муваффақиятли татбиқ этилиши ўз самарасини берди.
Жамоа шартномалари сифати ва таъсирчанлиги оширилиши эса ходимлар учун белгиланган ижтимоий имтиёз ҳамда кафолатлар кўламининг бир неча баробар кенгайишига замин яратди. 2012 йилда жамоа келишувлари ва шартномалари орқали ходимлар ҳамда уларнинг оилаларига кўрсатилган ижтимоий кўмак миқдори 39 миллиард 275 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2013 йилда мазкур кўрсаткич  82,4 миллиард сўмга етди.
Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш йўналишида эса асосий эътибор иш жойларини аттестациядан ўтказиш, ишлаб чиқаришда шикастланиш ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилди. Натижада жамоа келишуви ва шартномаларига иш берувчиларнинг соҳадаги мажбуриятлари киритилиб, тизимли ишлар бажарилди. Хусусан, бу локал ҳужжатлар орқали 428 мингга яқин профилактика тадбирлари ўтказилиб, турли соҳа ходимлари меҳнати муҳофазасига 99,3 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилди. Шунга мос ҳолда йил давомида қарийб 10,5 мингта иш ўрни аттестациядан ўтказилиб, ноқулай меҳнат шароитларида ишлаётган 49 минг нафарга яқин ходимнинг имтиёзли пенсияга чиқиши тасдиқланди.
Ҳисобот даврида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш жойида қўнимлилигини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилгани эътиборлидир. Йил мобайнида 32,5 минг нафардан ортиқ коллеж ўқувчилари ва битирувчиларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
“Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида 6,5 мингга яқин фермер хўжаликлари ва хусусий тадбиркорликда банд бўлган ходимлар, кам таъминланган оилалар хотин-қизлари, ёш оилалар, она ва бола ҳамда тиббиёт ходимлари имтиёзли ва бепул соғломлаштирилгани, 81,5 минг нафардан ортиқ ёлғиз кекса ва ногиронларга касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан 2 миллиард 164,3 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилгани йиғилиш иштирокчилари томонидан алоҳида таъкидланди. Аёлларнинг уй юмушларини енгиллаштириш учун эса қишлоқ жойларида яшовчи 184 нафар аёлга 130 миллион сўмлик электр маиший техника жиҳозлари — кир ювиш машиналари, микротўлқинли печлар, музлаткичлар берилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари маърузасидан келиб чиққан ҳолда, касаба уюшмалари олдида турган устувор вазифалар аниқлаб олинди. Хусусан, нодавлат ва хусусий сектордаги корхона ҳамда ташкилотлар ходимларини касаба уюшмаларига жалб этиш тизимини ривожлантириш зарурлиги алоҳида айтиб ўтилди. Мазкур тармоқда меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида кичик бизнес субъектлари, оилавий тадбиркорлар, хорижий инвестиция асосида ташкил қилинган қўшма корхоналарга эътибор қаратиш ҳамда ушбу мақсадларга эришиш учун меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш айни муддаодир.
Йиғилишда айрим тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари фаолиятида кўзга ташланган камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилди ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года