A+ R A-

Жараён

Фуқаролар йиғинларига сайловлар

демократия тамойиллари асосида ўтказилди

Ўтган йилнинг ноябрь — декабрь ойларида мамлакатимиз бўйлаб фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловлари бўлиб ўтди. Мазкур жараён натижалари юртимизда фуқаролар фаоллигининг ошиб бораётгани ҳамда демократик янгиланишлар самарадорлигининг яққол тасдиғидир.
Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистон босқичма-босқич иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ислоҳотларни амалга оширишга киришди. Олиб борилган кенг миқёсли чора-тадбирлар бугун тараққиётнинг “ўзбек модели” нечоғли тўғри ва ҳаётий эканлигини амалда намоён этиб, дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди. Зотан, бу модель давлат ва жамият ҳаётини тарихан шаклланган миллий ўзига хослик ва илғор ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида ислоҳ қилишга йўналтирилган бўлиб, тарихий қадриятлар, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳанинг мавжуд ҳолати ҳамда анъаналар, турмуш тарзи асосида демократик ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилган.
Маҳалла асрлар давомида шаклланиб, бизгача етиб келган фуқаролик жамиятининг ноёб институтларидан ҳисобланади. Мустақил Ўзбекистонда маҳалла “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” бош тамойилини рўёбга чиқариш, инсон манфаатларига йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришда кам таъминланган аҳоли қатламини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашда муҳим омилга айланди. Истиқлолнинг илк йилларидан маҳаллани ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари шакллантирила бошланди. Хусусан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва уларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатлари, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек, миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, ҳал қилиш борасидаги мустақил фаолияти мамлакатимиз Конституцияси билан кафолатланган. Бу ҳуқуқ шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва маҳаллаларда фаолият юритаётган фуқаролар йиғинлари орқали рўёбга чиқарилмоқда.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда 10 мингга яқин фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Улар илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатида бўлган 30 дан ортиқ вазифаларни бажариб келаётир. Хусусан, маҳалла ёшлар орасида тарбиявий ишларни муваффақиятли олиб бормоқда, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга катта ҳисса қўшмоқда, аҳоли турмуш фаровонлиги, атроф-муҳитни асраб-авайлаш, ижтимоий инфратузилмани шакллантириш, қонунийликни таъминлаш, оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқ ҳудуднинг долзарб масалаларини ҳал қилаяпти. Шу билан бирга, маҳалла муҳим давлат дастурларини амалга оширишда ҳам фаол иштирок этаётир. Бугун ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларни фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари иштирокисиз ҳал қилишни тасаввур этиш қийин.
Ўтган йилнинг апрель ойида давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил ноябрь ойида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида тақдим қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида, давр талабларидан келиб чиқиб, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Улар маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, унинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш тизимидаги вазифаларини янада кенгайтиришга қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қонунчилик ташаббусининг ўз вақтида амалга оширилиши натижасида ўтган йили охирида такомиллаштирилган янги нормалар асосида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловлари бўлиб ўтди. Мамлакатимиз аҳолиси ушбу жараённинг мазмун-моҳиятини чуқур тушунишларини ҳамда фаоллигини кўрсатиб, ўз оиласи, маҳалласи учун ўз масъулиятини, жамиятдаги ўзгаришларга дахлдорлигини намойиш этди. Маҳалла аҳолисининг ўзи томонидан ташкил қилинган ҳамда ўтказилган сайловлар бунинг яққол тасдиғи бўлди.
Оммавий ахборот воситаларида — матбуот ва интернетда 1650 дан ортиқ материаллар чоп қилинди, 730 дан зиёд телекўрсатувлар, радиоларда 530 дан кўпроқ чиқишлар тайёрланди. Уларда Сенат аъзолари, етакчи олимлар, экспертлар ва мутахассислар қатнашди. Жойларда 1050 дан ортиқ семинарлар ўтказилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ, сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишга ҳар томонлама кўмак беришди, зарур ҳолларда бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлади.
Сенат Кенгаши комиссияси томонидан сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш жараёни фуқаролик жамияти институтлари билан изчил ҳамкорликда тизимли мониторинг қилиб борилди. Муқобиллик ва холислик аҳоли ўртасида обрў-эътиборга, ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган муносиб номзодларни фуқаролар йиғинлари раислари сифатида сайлашнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Буни вакиллар йиғилишларида 32292 нафар номзод кўриб чиқилгани, улардан 9756 нафар (бир ўринга ўртача 3,3 нафар номзод) энг муносиблари сайлангани ҳам тасдиқлайди. 18 фоиз ҳолатда эса фуқаролар ёпиқ овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишди.
Янги сайланган раисларнинг 56,1 фоизи олий маълумотга эга. 1310 нафар (13,4 фоизи) аёл раисликка сайланди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2006 йилда бу кўрсаткич 9,9 фоизни, 2008 йилда 11,5 фоизни, 2011 йилда эса 12,7 фоизни ташкил этган эди. Эътиборли жиҳати, айрим ҳудудларда сайланган раислар орасида хотин-қизлар улуши мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичлардан ҳам юқорини ташкил қилди. Бу жамиятда аёллар фаоллиги изчил юксалиб бораётганидан далолатдир. Шу билан бир қаторда, раислар таркиби 46,6 фоизга янгиланди.
Шунингдек, 99618 нафар фуқаролар йиғинлари раислари маслаҳатчилари сайланди. Уларнинг 44,6 фоизи олий маълумотга эга бўлса, 30,8 фоизини аёллар ташкил қилади.
Жамоатчилик вакилларининг сайлов жараёнларида кенг иштирок этиши ушбу ижтимоий-сиёсий тадбирнинг ошкоралиги, муқобиллиги ҳамда тенг сайлов ҳуқуқини таъминлади.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, 2013 йилнинг ноябрь — декабрь ойларида бўлиб ўтган сайловлар янги шарт-шароитларда ўтказилди ва бу яратилган қонунчилик асослари мустаҳкамлигини кўрсатди. Буларнинг барчаси фуқароларга ташаббускорлик кўрсатишга, ягона мақсад атрофида жипслашишга ҳамда янада ривожланиш йўлида тўғри қадамни танлашга имконият яратди.
2014 йилнинг бошидан ўз ишини бажаришга киришган фуқаролар йиғинлари янги таркиби ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, маҳалла аҳолиси турмуш даражасини оширишга салмоқли ҳиссасини қўшиб, Соғлом бола йили билан боғлиқ устувор вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишига ишончимиз комил.

Светлана ОРТИҚОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года