A+ R A-

Ислоҳот

Янгиланиш, тараққиёт, истиқбол

Ўзбекистон иқтисодиётида кузатилаётган ривожланиш суръатлари ҳақли равишда кўпчиликнинг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлмоқда.

Зеро, тарихан жуда қисқа давр ичида барча соҳаларда мислсиз ўзгаришлар рўй бериб, мустақил давлатимизнинг ютуқлари йил сайин тобора мустаҳкамланиб, кўзга янада ёрқинроқ ташланмоқда.
Бунинг замирида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинган барқарор тараққиёт йўли — “Ўзбек модели” мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Истиқлолга эришганимиздан сўнг ҳар қандай мустақил давлат енгиб ўтиши зарур бўлган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий хавф-хатарлар кўндаланг турар эди. Бундай мураккаб вазиятдан фақатгина энг мақбул, халқимиз манфаатларига, унинг ҳаётий эҳтиёжларига жавоб берадиган, мамлакатимизнинг ҳар томонлама изчил ва босқичма-босқич юксалишига мустаҳкам асос бўладиган ривожланишнинг бош стратегиясини яратиш талаб қилинарди. Айтиш жоизки, Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистоннинг ўзига хос ва мос йўли — “Ўзбек модели” ишончли самаралари ҳамда муваффақиятлари билан мамлакатимизнинг саноатлашган, муттасил модернизациялашаётган, рақобатбардош, нуфузли давлатга айланишини таъминлади.
Зотан, ўтган асрнинг 90-йилларида ёш давлатларда эски маъмурий-буйруқбозлик тизимидан янги — бозор иқтисодиёти тизимига ўтиш жараёни бошланган эди. Бунда “шок терапияси”га ўхшаш турли йўллар ва усуллар қўлланилдики, оқибатда айрим мамлакатлар аҳолиси ўта оғир аҳволга тушиб қолди. Ана шундай мураккаб ва қалтис бир пайтда мамлакатимизда шошмашошарликка йўл қўйилмади, донишмандлик билан иш тутилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан муқобили бўлмаган оқилона тадрижий тараққиёт йўли танлаб олинди. Беш тамойил — иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, давлат — бош ислоҳотчи, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишга асосланган “Ўзбек модели”нинг афзаллигини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди.
Узоққа бормайлик, 2013 йил якунланиши арафасида кўпгина мамлакатлардаги сарҳисоблар жиддий ташвиш туғдирди. Қатор йирик, қудратли давлатлар иқтисодий ўсиш у ёқда турсин, ялпи миллий маҳсулот ҳажми 2012 йилдагидан камайиб кетганлигини, бюджет камомадлари мисли кўрилмаган даражага етганлигини тан олишга мажбур бўлди. Бу эндиликда глобал инқирознинг оқибатлари, деб изоҳланмоқда.
Ўзбекистон учун эса 2013 йил ҳам, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ватанимиз тараққиётига, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига, эл-юртимиз ҳаёт даражасининг юксалишига салмоқли ҳисса қўшган, хосиятли ва баракали йил бўлди. Айниқса, 2008 — 2013 йилларда республикамизда ялпи ички маҳсулотнинг ўртача ўсиши 8 фоиздан юқори, яъни жаҳоннинг камдан-кам давлатларида кузатилган даражада бўлгани, юртимиз аҳолиси мустақиллик йилларида қарийб учдан бир баробар кўпайиб, бугунги кунда 30 миллион 500 мингга яқин кишини ташкил этаётгани ҳолда, аҳоли жон бошига нисбатан иқтисодий ўсиш 3 маротабадан кўпроқ ошгани, ҳақиқатан ҳам, алоҳида эътибор ва эътирофга лойиқдир.
Саноати ривожланган замонавий давлат
Давлатимиз раҳбари мамлакатни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида мана бу рақамлар залворлиги билан бирга, муҳим сифат хусусиятларига эгалигига диққатни қаратди: якунланган йилда мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 2000 йилдагига нисбатан 2,3 баробар кўпайди. Моҳир, фидойи деҳқонларимиз мисли кўрилмаган натижаларга эришиб, 3 миллион 360 минг тоннадан ортиқ пахта хом ашёси, 7 миллион 800 минг тонна ғалла, 8 миллион 400 минг тонна сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирдилар. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги улуши 2000 йилдаги 30,1 фоиздан 2013 йилда 16,8 фоизга тушди.  
Кўриниб турибдики, миллий иқтисодиётимиз таркибида туб ўзгаришлар содир бўлмоқда. Бошқача айтганда, қайд этиб ўтганимиздек, бу Ўзбекистон истиқлол йилларида аввалги аграр республикадан босқичма-босқич равишда саноати ривожланган замонавий давлатга айланиб бораётганининг яққол тасдиғидир.
Мамлакатимизда пухта ўйланган, изчил ва тизимли амалга оширилаётган ислоҳотлар: саноатни устувор даражада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, хусусий мулкка кенг йўл очиб бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган фермерликни ривожлантириш ўз натижаларини бермоқда. Миллий иқтисодиёт учун  мутлақо янги ҳисобланган  автомобилсозлик, моторсозлик ва уларга бутловчи қисмлар тайёрлайдиган соҳаларга, нефть ва газни қайта ишлайдиган, фармацевтика маҳсулотлари, замонавий телевизор ва компьютерлар ишлаб чиқарадиган янги-янги саноат тармоқларига асос солинди. Шунингдек, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё, қурилиш материаллари саноати ва бошқа тармоқлар тўлиқ модернизация қилиниб, уларда дунё бозорида рақобатдош бўлган товарлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Инвестициянинг жозибадор кучи
Мамлакатда қулай инвестициявий муҳит яратилгани шарофати туфайли мустақиллик йилларида 162 миллиард АҚШ долларидан ортиқ капитал маблағ ўзлаштирилди, унинг  56 миллиард доллардан кўпроғи хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келди. Инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, иқтисодиёт тармоқлари жозибадорлигини ошириш борасидаги ислоҳотлар 2013 йилда ҳам изчил давом эттирилгани натижасида йил якунига қадар миллий иқтисодиётимизга 13 миллиард доллар миқдорида сармоя киритилди. Ўзлаштирилган капитал қўйилмалар умумий ҳажмининг деярли ярмини, хусусий инвестициялар — корхоналар ва аҳолининг шахсий маблағлари ташкил этгани диққатга сазовордир.
Шу ўринда айтиш жоизки, чет эл инвестицияларини жалб этишда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг роли тобора ортмоқда. Ҳозирги кунда ушбу жамғарма 29 миллиард доллардан зиёд 86 та стратегик аҳамиятга молик инвестиция лойиҳасини ҳамкорликда молиялаштиришда иштирок этаётгани бунга мисол бўла олади.
Саноатда рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаётган қайта ишлаш тармоқларининг ўрни ҳам яққол сезилмоқда. Телекоммуникация ускуналари, компьютер техникаси ва мобиль телефонлари, кенг турдаги маиший электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган янги замонавий корхоналар ташкил этилаяпти. Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган  маҳсулотларнинг 78 фоиздан зиёди, умумий экспорт ҳажмининг тўртдан уч қисми айнан ана шу тармоқлар ҳиссасига тўғри келаётганлиги шундан далолат беради. Жаҳон бозори конъюнктурасининг беқарорлигига қарамай, экспорт ҳажмининг 10,9 фоиз ўсиши таъминлангани ва ташқи савдо айланмасининг 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги ижобий сальдосига эришилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Кичик бизнес — фаровонлик асоси
Миллий иқтисодиётимизнинг таркибида бўлаётган ижобий ўзгаришларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мавқеи  тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳам қувонарли ҳолдир. Ўтган йилнинг ўзида  26 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлагани туфайли ушбу секторда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони 190 мингтага етди. Натижада ҳозирги кунда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг  55,8 фоизи айни шу соҳада ишлаб чиқарилиб, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи қамраб олинди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар миллий иқтисодиётнинг юқори суръатларда барқарор ўсишини  таъминламоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини тубдан ўзгартириш имкониятини яратаяпти. Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг кўлами, барпо этилаётган юзлаб, минглаб километрлик темир йўллар ва автомобиль йўллари, мактаблар, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, маданий ва маиший муассасалар бунинг амалий исботидир. Бинобарин, ўтган йили 28 та янги касб-ҳунар коллежи қурилди, 381 умумтаълим мактаби, олий ўқув юртлари тизимидаги 45 та объект, 131 касб-ҳунар коллежи ва лицейлар реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди. 55 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 112 та болалар спорти объекти ва 4 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари, бевосита Президентимиз ташаббуси билан  кейинги беш йилда 159 та қишлоқ туманида намунавий лойиҳалар асосида 900 дан ортиқ янги уй-жой массивлари, шу жумладан, умумий майдони 4,5 миллион квадрат метрлик 33,5 мингдан зиёд якка тартибдаги уй-жой бунёд этилди. 2014 йилда эса яна 388 та массивда умумий майдони 1,5 миллион  квадрат метр бўлган 11 мингта намунавий тураржойни қуриш кўзда тутилмоқда.
Иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар  миқдори муттасил ва изчил ошириб борилмоқда. Оилалар даромадларининг таркиби ўзгариб, биргина тадбиркорликдан олинаётган даромадлар аҳоли ялпи даромадларининг ярмидан зиёдини ташкил этмоқда. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги   кўрсаткичлардан 2-2,5 баравар ортиқдир.
Аҳолининг истеъмол харажатлари 2000 йилдагига нисбатан 9,5 баробар ошганининг ўзи кўп нарсани англатади. Айниқса, аҳолининг ўзимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар билан таъминланиш даражаси кескин ўсаётганини айтмайсизми?!  Бугунги кунда ҳар 100 та оилага ўртача 41,4  та енгил автомобиль тўғри келмоқда. Ҳар тўққизта оиладан биттаси эса иккитадан енгил автомобилга эгадир.

Ютуқлар янада мустаҳкамланади
Ўзбекистоннинг 2014 йилги иқтисодий дастурида ҳам миллий иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича қабул қилинган стратегия изчил давом эттирилади. Саноатда юқори технологияли, замонавий корхоналар ва қувватларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва модернизациялаш, инвестиция жараёнини такомиллаштириш, жаҳон бозорларига чиқишнинг асосий омили ҳисобланган тўлақонли рақобат муҳитини шакллантириш белгиланган. Шу билан бирга, “Бизнес билан шуғуллан” тамойили асосида ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантиришга катта эътибор берилади.
Жорий йилда хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда транспорт коммуникацияси соҳасида улкан стратегик аҳамиятга эга, мамлакатимизнинг марказий қисмини Фарғона водийси вилоятлари билан ишончли боғлаш, республика  ҳудудида ягона темир йўл транспорт тизимини шакллантириш имконини берадиган, Европа қитъасини Осиё билан боғлайдиган трансмиллий транспорт йўлагининг муҳим бўғини бўлиб хизмат қиладиган йирик лойиҳа  —  “Ангрен — Поп” йўналишида электрлаштирилган янги темир йўлни ва 19 километрлик темир йўл туннелини қуриш ишлари қизғин тус олади.
Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида ўхшаши бўлмаган, халқаро стандартлар бўйича энг юқори — тўртинчи даражали ҳисобланадиган, 250 та даволаш ўрни ва бир кеча-кундузда 200 нафар болани қабул қила оладиган поликлиникага эга кўп тармоқли махсус болалар шифохонасини Корея Республикаси ҳукуматининг 103 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияси ҳисобидан  барпо этишга киришилади.
Бинобарин, белгиланган ана шу юксак марралар чуқур асосланганлиги халқаро ҳамжамият томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Чунончи, энг нуфузли халқаро ташкилотлар — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти, БМТнинг Савдо ва ривожланиш бўйича комиссияси (ЮНКТАД)  ҳамда унинг бешта минтақавий комиссияси иштирокида тайёрланган “Жаҳондаги иқтисодий аҳвол ва 2014 йилги истиқболлар” маърузасида Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича 2014 ва 2015 йилларда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида етакчилик қилиши кўрсатилган.
Таъкидлаш керакки, “Соғлом миллат — соғлом жамият” тамойилини ҳар томонлама ҳаётимизнинг муҳим моҳиятига айлантириш ҳамда бу борада кўлами ниҳоятда катта эзгу чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган жорий — Соғлом бола йили, шак-шубҳасиз, келажаги буюк давлат барпо этишдек пировард мақсадимизга янада яқинлашишимизга хизмат қилади.
Умуман олганда, тарихий жараёнларда бугунги фаровон ҳаётимизни бунёд этган, халқимиз орзу-умидларини рўёбга чиқараётган, ҳам иқтисодий, ҳам фалсафий жиҳатдан жаҳонда муқобили йўқ “Ўзбек модели” бундан кейин ҳам олдимизга қўйилган устувор вазифаларнинг ижроси,  иқтисодиёт тармоқлари ривожланишининг жадал ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда мустаҳкам замин бўлиши муқаррардир.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года