A+ R A-

Дунё нигоҳи

«Ўзбекистон ривожланиш йўлида дадил қадамлар ташламоқда»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси хорижий мамлакатлар ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлилий, илмий-академик ва ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ҳам ўзининг акс садосини бермоқда.

Жумладан, “Ҳиндистон — МДҲ” савдо-саноат палатаси ҳамраиси, доктор Б. Мадхукар дунёнинг қатор мамлакатлари глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсири оқибатларидан ҳамон қутула олмаётган бир пайтда Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён ялпи ички маҳсулот ўсиши ҳажми барқарор равишда 8 фоиздан зиёд кўрсаткични ташкил этиб келаётгани хусусида тўхталди. Унинг таъкидлашича,  жуда катта эътиборга сазовор бўлган бундай ўсиш мамлакатда иқтисодий ислоҳотлар нақадар изчил ва жадаллик билан амалга оширилаётганидан далолат беради.
— Ўзбекистонда эришилаётган иқтисодий муваффақиятлар Президент Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсатнинг меваси эканини алоҳида таъкидлашни истардим, — деди Б. Мадхукар “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида. — Мамлакатингизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда икки жиҳат ҳамиша менинг эътиборимни ўзига тортиб келган: бири — давлат томонидан олиб борилган фаол ижтимоий сиёсат бўлса, иккинчиси, саноатни ривожлантириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлардир.
Бундан атиги 20 йил аввал аграр мамлакат ҳисобланган Ўзбекистонда бугунги кунга келиб нафақат машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, қурилиш материаллари саноати, енгил ва озиқ-овқат саноати ривожланмоқда, балки телекоммуникация ускуналари, компьютер техникаси, уяли телефонлар, турли маиший электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган янги, замонавий корхоналар ташкил этилмоқда.
Албатта, буларнинг барчаси ўз меваларини бермоқда. Шу боис бугун мамлакат ялпи ички маҳсулоти таркибида саноатнинг улуши 24 фоиздан зиёдни ташкил этаётир. Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ўзининг ёрқин келажаги сари дадил қадамларни ташламоқда.
— Ўзбекистон Президентининг маърузаси билан танишган киши юртингизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини таъминлашга йўналтирилганини яққол кўради, — деди Калькуттадаги Мавлоно Алам Озод номидаги Осиёни тадқиқ қилиш институтининг илмий ходими Анита Сенгупта. — Унда банк тизими, саноат, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, хизмат кўрсатиш, бандлик масаласи ва халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ўтган йилда эришилган натижалар чуқур таҳлил қилингани баробарида, янги йилдаги устувор вазифалар ҳам белгиланган. Шу жиҳатдан мазкур маърузани муҳим дастурий ҳужжат, деб аташ лозим, деб ўйлайман.
Мамлакат иқтисодиётида кичик бизнеснинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётгани юртингизда бундай фаолият билан шуғулланиш учун етарли имкониятлар яратилганини англатади. Президент Ислом Каримов маърузасида айтилганидек, бугунги кунга келиб ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг қарийб барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келаётгани диққатга молик далиллардир.

«Жаҳон» АА.
Деҳли
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года