A+ R A-

Таълим

Илғор педагогик услублар

чет тилларни ўрганишда қўл келмоқда

Гулистон шаҳридаги 9-умумтаълим мактабининг чет тили ўқув хонасида турли илғор электрон технологиялар ва жиҳозлар билан бирга, катта кўзгу ҳам бор. Таълим муассасаси педагогларининг таъкидлашича, бу биринчи синфга қадам қўйган ўқувчиларнинг хорижий тилларни пухта ўзлаштиришида муҳим восита ҳисобланади. Яъни ўғил-қизлар кўзгу орқали нутқ аъзоларидан қандай фойдаланиш лозимлигини, сўзларни тўғри талаффуз қилиш ҳамда қадди-қоматини расо тутишни ўрганадилар.
— Мактабимизда 89 нафар биринчи синф ўқувчиси бор, — дейди инглиз тили ўқитувчиси Дилдора Худойқулова. — Уларнинг деярли ҳаммаси дарсларда фаол иштирок этишаяпти. Бунда, албатта,  машғулотларнинг шу ёшдаги болалар руҳияти ва қизиқишларига мос дастурлар асосида ташкил қилинаётгани асосий омил бўлаётир. Яъни улар интерфаол усулдаги, масалан, қўшиқлар, расмлар, турли ўйинлар, қувноқ мультфильмлар воситасида ўтилаётган дарсларни катта қизиқиш билан тез ўзлаштириб олишаётир.
Дарвоқе, фарзандларининг бундай дарслардаги иштирокига ота-оналар ҳам алоҳида эътибор қаратишаётир.
— Қизим Дурдона инглиз тилида бинойидек гапирадиган бўлиб қолган, — дейди Турсуной Маманова. — Ўқишидан тез-тез хабар олиб тураман. Ҳар доим мактабга борганимда у ва синфдошларининг чет тили ҳамда бошқа фанлардан замонавий шароитларда таълим олаётганини кўриб, ҳайратланаман. Яна қизимнинг “Болажон” телеканалида бериладиган инглиз тили дарс-кўрсатувларини ҳам мунтазам томоша қилишини айтмайсизми?! Буларнинг бари Президентимиз, давлатимизнинг ёш авлод камолоти йўлидаги доимий эътибори ва ғамхўрлиги самарасидир.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилган туб ўзгаришлар дунёда “Ўзбек модели” дея юксак эътироф этилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ажралмас қисми, таъбир жоиз бўлса, тараққиётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Айни пайтда бу борада олиб борилаётган изчил янгиланишлар ёш авлоднинг етук мутахассис кадрлар бўлиб етишишларига хизмат қилади. Хусусан, 2013/2014 ўқув йилидан эътиборан Президентимизнинг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида умумтаълим мактабларининг 1-синфларида чет тили дарслари жорий этилиши соҳадаги муҳим янгилик бўлди. Қувонарлиси, мазкур муҳим ҳужжат ўқув йилининг ўтган қисқа давридаёқ ўз самарасини кўрсатиб, чет тили жажжи ўқувчиларнинг севимли дарсига айланиб улгурди.
Чунончи, ҳозир Сирдарё вилоятидаги мавжуд 301 умумтаълим мактабининг барчасида қарор ижроси тўлиқ таъминланиб, 1-синф ўқувчиларини чет тили бўйича ўқитишга 598 нафар педагог жалб этилган. Муаллимларнинг аксарияти ўқув йили бошланиши арафасида ўз малакаларини ошириб олдилар. Шунингдек, ўтган йилнинг баҳор ойларида вилоятдаги 8 та мактабда чет тили бўйича тажриба-синов машғулотлари олиб борилди.  
Ҳозир вилоятда биринчи синфларда чет тили дарсини ташкил қилиш бўйича илғор таълим муассасалари талайгина. Масалан, Сирдарё туманидаги 1-умумтаълим мактабида 4 нафар хорижий тил ўқитувчиси фаолият кўрсатаяпти. Шунингдек, Боёвут туманидаги 8, Ховос туманидаги 1-умумтаълим мактаблари ҳам бу борада пешқадам. Эътиборлиси, ушбу таълим муассасалари тажрибаларини оммалаштириш мақсадида уларда ўтилаётган дарсларнинг онлайн тизими орқали, тўғридан-тўғри вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тингловчилари эътиборига узатиб турилиши жуда қўл келаётир. Пировардида чет тилларни ўрганиш тизими тобора такомиллаштирилиб, ёш авлоднинг билим ва салоҳиятини  янада юксалтиришга эришилаётир. Зеро, Президентимизнинг қароридан кўзланган мақсад ҳам — шу!

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года