A+ R A-

Маънавият

Бебаҳо меросимизнинг халқаро эътирофи

Башарият тарихининг ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий соҳаларида салмоқли ўрин тутган сиймолардан бири, буюк ватандошимиз Алишер Навоийдир.

Унинг ижодий меросини дунёдаги кўплаб тадқиқотчилар қаторида эрон, афғон, ҳинд, покистонлик ва бангладешлик олимлар ҳам қунт билан ўрганмоқда. Буюк ватандошимиз ҳақида мазкур мамлакатларда кўплаб илмий асарлар, қисса ва романлар, бадиий фильмлар яратилгани, музейлар барпо этилгани, айниқса, диққатга сазовор.
Навоий меросининг ўзбек тилидаги мукаммал матни яратилган. Шоирнинг 10 жилддан иборат асарлар тўплами нашр қилинди. Рус тилидаги 10 жилдлик асарлари ҳам чоп этилган. Шунингдек, жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган ва янги-янги нашрлари амалга оширилиб келинмоқда. Маданий меросимизни тадқиқ этиш борасидаги изланишлар натижасида Навоий меросининг янги қўлёзма нусхалари топилиб, илмий истифодага киритилмокда.  
Шоир асарларининг яқинда хитой тилидаги нашрлари, рус тилида чоп этилган девони, ҳикматли сўзлари форс, инглиз, немис, француз, испан, япон ва бошқа тилларда ўқувчиларга ҳавола қилинганлиги Навоий меросига бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётганлигининг ёрқин мисолидир.
Кузатишлар шуни кўрсатадики, Алишер Навоийнинг асарлари таржималари орасида кенг тарқалгани “Мажолис ун-нафоис”дир. У форс тилига бир неча марта ўгирилган. Бунда Султон Муҳаммад Фахрий (1521 йил, Ҳирот), Муҳаммад Қазвиний (1532 йил, Истамбул) ва Шоали Абдулла (1598 йил, Нишопур) хизматларини таъкидлаш керак. Изланишлар шоирнинг бу асари Ҳиндистонда ҳам таржима қилинганлигини кўрсатмоқда. Бу хайрли ишга Абдулбоқий Шариф Вафо қўл урган. У мазкур асарнинг 1491 йилда кўчирилган нодир қўлёзмасидан фойдаланган ҳолда унинг форс тилига таржимасини муваффақиятли амалга оширган.
Алишер Навоийнинг мактаб дарслиги сифатида тартиб берилган оддий терма девони нусхаларининг Мумбайдаги Кома тадқиқот марказидан топилиши эса, шоир меросининг мактабда ҳам қўлланма сифатида истифода этилган бўлиши мумкин, деган тахминни уйғотади. “Мажолис ун-нафоис” асари форсча қўлёзмасининг Мадрас Давлат Шарқ қўлёзмалари кутубхонасидан ўрин олганлиги, “ўаройиб ус-сиғар” девонининг Ҳиндистонда тартиб этилган қўлёзмаси, “Садди Искандарий” асарининг Муҳийиддин томонидан “Фавойиди Алишерий” номи билан форс тилидаги шарҳидан иборат қўлёзмасининг Ҳайдарободдаги Усмония дорилфунуни кутубхонасида сақланаётганлиги эса, Навоий асарлари таржималарининг тарқалиш кўлами кенглигидан дарак беради.
Бобокалонимизнинг бой мероси нафақат Шарқ, балки Fарб олимларининг ҳам диққат-эътиборида бўлиб келган. XVI асрнинг охиридан XVII асрнинг бошларигача Навоий асарлари итальян тилида
4 марта, немис тилида 5 марта чоп этилган. Булар орасида “Фарҳод ва Ширин”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб” асарларининг немис тилига ўгирилганлигини таъкидлаб ўтиш жоиздир. Олимларнинг эътирофича, бу таржималар орасида А. Курелланинг “Фарҳод ва Ширин” достони таржимаси бадиий жиҳатдан юксаклиги билан эътиборга моликдир.
Немис олими Альфред Курелла Навоий ижодига юксак баҳо бериб шундай деган экан: “Буюк новатор Навоийнинг достонлари, рубоий ва эпиграммаларида тараннум топган озод руҳга Гёте бутун шодлигини бахшида этган бўлар эди”.
Сўнгги маълумотларга кўра, Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарининг инглиз тилидаги нашри ҳам амалга оширилаётганлиги Fарбда Навоий асарларини ўрганишнинг янги палласи бошланганлигидан далолат беради. Шуни ғурур ва ифтихор билан айтиш мумкинки, Алишер Навоийнинг жаҳоншумул аҳамиятга молик бой меросидан Европа халқлари ҳам баҳраманд бўлмоқда. Ҳазрат ижодини чет эл китобхонларига етказишда ва тарғиб қилишда инглиз, немис, француз, испан, поляк, венгер, чех, словак тилларида чиқарилаётган “Леттр” (“Адабиёт”) журнали ҳам катта фаолият кўрсатиб келмокда.  
Навоий ҳаёти ва ижодини тўлалигича ёритиш, “Хамса”нинг жаҳоншумул қомусий асар эканлиги, Навоийнинг буюк шоирлигини кўрсатиш, ижодкорнинг фиқҳ, адабиётшунослик ва тилшунослик фанларини ривожлантиришдаги ҳиссаси, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатидаги фаолиятини чуқур очиб бериш ниҳоятда шарафли вазифадир. Бинобарин, унинг бой мероси жаҳон халқларининг маънавий бойлигига айланиб, асарлари ҳаққоний ўрганилаётгани ҳар биримизга чексиз ғурур ва ифтихор бахш этади.

Саидбек ҲАСАНОВ,
ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори, филология фанлари доктори, профессор.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года