A+ R A-

Маънавият

Шоирнинг сози тинмайди

Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига

Адабиёт, бадиий адабиёт халқнинг руҳий оламини, ички дунёсини сўз воситасида  очиб берадиган, кишиларни руҳлантира олишга, қанотлантиришга қодир буюк бир санъат.

У инсоннинг касбидан қатъи назар, каттадан-кичик барчага бирдек баробар азиз ҳисобланадиган неъматдир. Зеро, у — кўнгил фани. Кўнгиллар рўшнолиги ўшандандир.
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ, муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маънавий қадриятлар ва миллий ўзликни англашнинг тикланиши давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг шу йўлда адабиётимиз, умуман, маънавиятимиз ривожига катта аҳамият бериб келаётганини мамнуният билан таъкидлаш жоиз. 1991 йил Ўзбекистонда “Алишер Навоий йили” деб аталди. Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий боғида буюк шоир ва мутафаккирнинг муҳташам ҳайкали очилиши фараҳбахш байрамга айланиб кетди. Адабиётимизнинг забардаст вакиллари таваллуд кунлари юксак мақомларда нишонлангани кўнгилларга ғурур бағишлади. Истиқлол учун курашган бир гуруҳ марҳум адибларимиз мустақил давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Булар айрим мисоллар, холос.
2009 йилда Президентимизнинг бадиий ижод ривожланишида кескин бурилиш ясаган “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” номли рисоласи эълон қилинди. Рисолада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг олиб бориши лозим бўлган фаолияти аниқ белгилаб берилди ва бу рисола бугунги кунда ижод аҳли, Ёзувчилар уюшмаси учун  дастуриламал бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 26 февралда эълон қилинган “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фондини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарори ижод аҳли учун оламшумул аҳамиятга эга бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. Унда Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” фонди олдига ҳақиқий ёзувчиларни моддий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, юксак савияли бадиий асарлар ёзиш учун мақбул шароит ва имкониятлар яратиб бериш, фахрий ижодкорларга ёрдам кўрсатиш, ёш ижодкорларнинг илк китобларини давлат ҳисобидан нашр этиш каби ҳамда бошқа кўп қутлуғ вазифалар қўйилди.
2013 йил 27 декабрь куни “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарори матбуотда эълон қилинди. Маданий ҳаётимизда катта аҳамиятга молик, ўқувчилар кенг оммасини, бутун жамоатчиликни, ижод аҳлини бағоят мамнуну масрур этган ушбу қарор Президентимиз томонидан адабиётимиз, маънавиятимизга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яна бир ажойиб намунаси, десак, тўла ҳақлимиз. Бинобарин, оташин шоир Муҳаммад Юсуф, дарҳақиқат, ҳар қанча иззат-икром кўрсатилса арзийдиган сўз санъаткоридир.
Қарорга асосан белгиланган тадбирлар жуда ранг-баранг. Унга кўра, шоирнинг “Сайланма” асарлари, “Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида”, ўзбек шоирларининг шоир хотирасига бағишланган шеърларидан иборат “Сен халқимнинг юрагида яшайсан” каби китоблар нашр қилинади, шоирнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм тайёрланади, Тошкентда шоир яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилади, уй атрофи ободонлаштирилади.
Шоир ижодининг аҳамиятини, унинг она-Ватанга бўлган чексиз муҳаббатини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшларга ўрнак ва ибрат сифатида етказиш мақсадида Ёзувчилар уюшмаси мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда мамлакатнинг барча вилоятларида январь — апрель ойларида “Адабиёт кунлари”ни ўтказади.
Апрель ойида Андижон вилояти театрида ҳамда Тошкентдаги Ўзбек Миллий академик драма театри биносида бўлиб ўтадиган, шоир таваллудининг 60 йиллигига бағишланган адабий анжуманларда мамлакатнинг таниқли ижодкорлари ва санъаткорлари, давлат ҳамда жамоат арбоблари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этади.
Ўзбекистон — дунёда ўхшаши топилмас бебаҳо ўлка. Унинг замини пок, ҳавоси тоза, осмони мусаффо, одамлари оқкўнгил, танти. Бу заминда туғилган одамнинг шеър ёзмай иложи йўқ.
Муҳаммад Юсуф ана шу табаррук тупроқда туғилди, шу тупроқни севди, шу тупроққа жонини фидо қилди. Юртимизнинг танти ва жўмард ўғлонларидан бири Муҳаммад Юсуф ўз шеърларини куйлаб ёзар эди, унинг шеърлари мусиқадай қуйилиб келар, ҳали сиёҳи қуримай қўшиқ бўлиб кетарди. Қўшиқлари шунчалар самимий ва табиий эдики, ўз-ўзингдан хиргойи қилиб юборганингни билмай қолардинг киши. У чинакам халқ шоири, мустақиллик учун курашган ижодкорлардан биридир. Ўзбек, миллат, Ватан, озодлик, ўзбеклик ғурури, улуғ боболарга ворислик туйғуси унинг шеърларида гупуриб туради. Шеърлар номига эътибор беринг: “Ўзбекистон”, “Ўзбек”, “Ўзбекнинг аёллари”,“Ўзбекмомо”, “Ўзбек қизлари”, “Ватан”, “Ватан мадҳи”, “Ватан ягонасан”, “Ватанни севинг”, “Менинг Ватаним”...
Зиё оққан  мен юрган  йўл-йўлакка
Шому Ироқ зор термулган ўзбекман.
Дунёларни ўрантирган ипакка,
Тилла қўнғироқли карвон ўзбекман!
— деб ёзади шоир ғурур билан “Ўзбекман” номли шеърида.
Шоир кам гапирарди, кўпроқ эшитарди, ўз-ўзини бўрттириб кўрсатиш касалидан мутлақ йироқ, самимий инсон эди, шу сабабдан ҳам ҳамиша шеърият мухлислари унинг атрофида парвона бўлардилар.
Эсимда бор, ўтган асрнинг етмишинчи йиллар охирлари эди чамаси, Ёзувчилар уюшмасида катта мушоира бўлди. Ёш бир йигитча минбарга чиқиб, таниқли шоирлар қаторида шеър ўқиди, ўқиди-ю улоқни олиб кетгани билинди! Бу ёш шоир Муҳаммад Юсуф эди, унинг шеъри дўппига бағишланганди. “Бош қолмади дўппига лойиқ” сатрини келтирганда, зал олқишларга тўлди. Назокат билан айтилган, чуқур рамзий маънога эга бу шеър ўзбекликни, ўзбекни улуғловчи, ғуруримизни юксакка кўтарувчи тимсол сифатида жаранглаганди. Шоир дўппига лойиқ одамлар бўлишини, шуларнинг сафида шахдам юришни орзу қилди.
Муҳаммад Юсуф шеъриятининг энг олий фазилати, фикримча, бу унинг соф ва пок самимиятида мужассамдир. Самимият, халқона руҳ унинг шеърларини жилолантириб, безаб, уларга бетакрор кўрку тароват бағишлайди. Энг яхши фазилатларидан яна бири — лоқайдликдан йироқлик, ҳаётга бефарқ эмаслик. Куйканак кўнгил, аммо йиғлоқилик, қўл қовуштириб тақдирга тан бериб ўлтириш унга ёт. У кўрган, завқланган ёки нафратланган нарсасини дарҳол ифодалашга интилди, қўлига қалам олди.
Шоир ижодида бўй чўзиб турган муҳташам образ — бу, албатта, Ватан образи, Ўзбекистон тимсоли. Муҳаммад Юсуф “юрагининг Олампаноҳи бўлган” Ватан ҳақида ҳамиша жўшиб ёзади. У том маънода Ватан куйчиси. Шоир назарида, Ватанга муҳаббат — Ватан учун фидо бўлмоққа тайёр туриш, ўзига ҳеч нарса тиламаслик, буюк садоқат, ихлосдан иборат.
Дўстлар, оғиз тўлдириб Ватан
Дея олмоқ ўзи бахт экан!  —
дея ҳайқиради “Ҳур ўлкам” шеърида. Бу ёруғ оламнинг жаннатлари борлигини, кўплигини айтиб, аммо Ватандан бўлаги бари миннат эканини таъкидлайди. Бунда теран фалсафа мужассам. Ватан, бу — “той қоқилиб, от бўлгувчи яйловдир”, дейди. “Юртнинг этагини ўпишга (ҳатто! — М.А.) осмон энгашган...”ини кўриб ғурурланади шоир. Бу Ватанда “кулгичида офтоб чиқиб, офтоб ботган” гўзаллар яшайди, дея шавқу сурурга тўлади шоир қалби. “Зоҳиринг сувдай тиниқ, ботининг зарбулмасал..” дея васф этади “Ҳайрат” шеърида. “Алла айтсанг айвонингда ухлар қуёш...”, дея мақтанади.
“Изҳори дил” шеърида шундай сатрлар бор:
Кўҳна тол бешикдан
Бошланар олам,
Сенга иддаолар
Қилмай севаман.
Бир куни синглим, деб,
Бир куни онам, —
Ватан,
Кимлигингни
Билмай севаман.
Шоирнинг Ватанга муҳаббати ғаройиблиги, худди ана шунда, яъни:“...иддаолар қилмай севаман!” дейишида! Бу, айниқса, ёшлар учун катта ибрат намунасидир.
Муҳаммад Юсуф шеърларининг яна бир фазилати унинг соддалигидадир. У ўз шеърлари учун ҳар хил шакллар ҳам қидириб юрмайди, халқ қўшиқлари йўлида, гоҳида мурабба шаклида қалам тебратишни хуш кўради. Шунда шеърлар қоғозга равон ва содда тушади, маъносини тушуниш ҳам осон кечади. Чунончи, “Ўзбек” шеърида  шундай сатрлар бор:
Ёмон шеър ёзсанг ҳам,
бетингдан ўпиб,
Кам бўлма, болам,
деб яшайди ўзбек...
Бунда ўзбекнинг кенгфеъл, кечиримли, танти ва жўмардлиги жуда чиройли акс эттирилган.
Умуман, шоир шеъриятида халқимизга хос ҳаётсеварлик, деҳқонча руҳ, тантилик, чапанилик, шарқона донишмандлик, соддалик, майин лиризм, шўхлик каби  хислатлар бири-бирига омихта бўлиб, ранго-ранг манзаралар ҳосил қилади.
Мустақиллигимизни баланд пардаларда куйлаган Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шарафли умр кечирди. Бугун шоирнинг “Лолақизғалдоқ”, “Иқрор”, “Муҳаммадқодир”, “Мен дардимни кимга айтаман”, “Меҳр қолур, муҳаббат қолур”, “Биз бахтли бўламиз”, “Ўзбекман”, “Дўппи” сингари ва яна кўп илиги тўқ, мукаммал, оҳанрабоси кучли гўзал шеърлари шеъриятимиз бўстонини безаб турибди. Мамлакатимизда шоир таваллудининг 60 йиллиги кенг нишонланаётгани унинг шарафли умр кечирганини яққол намоён этмоқда.  
Шоир Шавкат Раҳмон хотирасига бағишланган “Лолақизғалдоқ” шеърида шоир:
Мендан нима қолар,
Икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб,
Бир уюм тупроқ... —
деган сатрларни келтиради.
Йўқ, шоирдан бир уюм тупроқ эмас, катта маънавий  хазина, гўзал шеърият, Ватанга садоқат, она халқига ихлос, ҳаётга мангу муҳаббат қолди...
Кечагина ёнимизда яшаб юриб, бугун тирик тарихга айланган оташин шоир ҳамиша биз билан,  халқ билан, юрти, Ватани билан бирга, ҳамиша давлатимиз раҳбари назарида, эътиборида, эл ардоғида, ўқувчилар қалбида.
Ўтли шоирнинг сози созланган, у ҳеч қачон тинмайди, ўлмас бўлиб ҳамиша жаранг бериб тураверади.

Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,
Халқ ёзувчиси.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года