A+ R A-

Кино

Халқаро кинофорум: УНУТИЛМАС ЛАҲЗАЛАР ЗАВҚИ

«Олтин Гепард — 2012»

Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида “Олтин Гепард” иккинчи халқаро Тошкент кинофорумининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Хабарингиз бор, “Art Week Style.uz” санъат ҳафталиги доирасидаги мазкур нуфузли тадбир “Фонд Форум” ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилиб, юксак савияда ўтказилди.

Кинофорумда Осиё, Европа, Африка, Жанубий ва Шимолий Америка давлатларидан таниқли режиссёр ва актёрлар, продюсерлар ҳамда санъатшунос мутахассислар иштирок этишди. Унда тўлиқ ва қисқа метражли, бадиий ҳамда анимацион фильмлар танлови уюштирилиб, ушбу киноасарлар жаҳоннинг таниқли санъаткорларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра баҳоланди. Шунингдек, тадбир доирасида танловдан ташқари картиналар намойиши, дебютант режиссёрлар фильмларининг тақдимоти, илмий анжуманлар, маҳорат дарслари, гала-намойишлар, ижодий учрашув ва брифинглар ҳам бўлиб ўтди.
— Кинофорумда “Сандиқ” деб номланган қисқа метражли фильмим билан қатнашдим, — дейди ёш режиссёр Сабина Сагадеева. — Миллий ва умуминсоний қадриятлар мавзуидаги ушбу картина намойишидан сўнг кўпгина илиқ фикр-мулоҳазалар билдирилганидан бениҳоя хурсандман. Анжуман давомида Озарбайжон, Россия, Украина,  Польша, Эрон давлатлари вакилларининг чуқур фалсафий ғояларга қурилган муаллифлик асарларини катта қизиқиш билан томоша қилдим. Ушбу фильмлар ижодкорлари билан яқиндан танишиб, ўзаро фикр алмашиш, биргаликда маҳорат дарсларида қатнашиш жараёнида ижодий дунёқарашимни янада бойитишга муваффақ бўлдим.
— Халқаро кинофорум эркин ва очиқ мулоқотларга бой бўлди, энг муҳими, ушбу тадбир доирасидаги ижодий танловда иштирок этган ҳар бир киноасар ўзига хослиги, инсон руҳиятига ижобий таъсир ўтказа олиши билан кўпчиликнинг эътиборини тортди, — дейди “Олтин Гепард” иккинчи халқаро Тошкент кинофорумининг тўлиқ метражли фильмлар бўйича ҳакамлар ҳайъати раиси Ник Пауэлл.
— Шу билан бирга, ўзбекистонлик ёш режиссёрлар ижодини ҳам алоҳида эътироф этишни истардим. Улар яратган картиналарда инсон тақдири, унинг ички олами, руҳий кечинмалари рамзий ифода воситалари орқали экранда таъсирчан акс эттирилган. Ўйлайманки, бу каби миллий фильмларингиз бошқа халқаро кинофестивалларда ҳам ҳақиқий баҳосини топади.
...“Олтин Гепард” иккинчи халқаро Тошкент кинофорумининг ғолиб ва совриндорлари номи эълон қилинди. Шундай қилиб, ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг хулосасига кўра, хорватиялик режиссёр Велико Поповичнинг “Муҳаббат тарихи” фильми “Энг яхши анимацион фильм учун” номинацияси бўйича, эронлик режиссёр Сайфулла Самадиённинг “Беш қисқа ҳодиса” фильми “Энг яхши қисқа метражли фильм учун” номинациясида ғолиб бўлди. Актёр Ованес Торосян (Болгария) режиссёр Константин Божановнинг “АВЕ” фильмидаги роли учун  “Энг яхши эркак роли”, актриса Урсула Грабовска (Польша) режиссёр Феликс Фалькнинг “Иоанна” бадиий фильмидаги роли учун “Энг яхши аёл роли” номинацияси совринини қўлга киритди. Режиссёр Роландо Колла “Ёзги ўйинлар” (Швейцария — Италия) фильми учун “Энг яхши режиссура” номинациясида, польшалик режиссёр Феликс Фалькнинг “Иоанна” картинаси “Энг яхши тўлиқ метражли фильм учун” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.
Fолибларга махсус диплом ҳамда статуэткалар топширилди.

Муборак ОХУНОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.


Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года