A+ R A-

Кўнгил ҳиёбони

Шашмақом

Миллий мусиқамизнинг гултожи ҳисобланган “Шашмақом” барча замонларда санъаткорларимиз учун илҳом манбаи бўлган. У асрлар давомида мусиқашуносларимиз томонидан изчил ўрганиб келинаётир, бу ҳақда кўплаб илмий тадқиқотлар амалга оширилган.

Аммо ишлар ҳали “мақомот” тушунчаси шинавандалари ўртасида етарли даражада шаклланган, дея олмаймиз. Негаки, аксарият санъат ихлосмандларининг “Шашмақом”, Хоразм, Фарғона мақомлари ҳақида билимлари камлигига, ўзбек мумтоз ғазалларига басталанган, халқона йўсинда айтилган ашулаларни мақом билан чалкаштирганларига гувоҳ бўламиз. Балки бундай гапни оддий тингловчидан эшитсак, у қадар эриш туюлмас, бироқ бугун қўшиқчиликнинг замонавий йўналишларида ижод қилиб, эл назарига тушаётган айрим ёшларимиз ўзи мансуб халқнинг фахри бўлган миллий мусиқа меросини етарлича билмаслиги кишини ўйлантиради. Улар “мақом” деб айтаётган намуналар, нари борса, бирор ҳофиз ёки бастакорнинг миллий йўналишдаги асари ёки ижроси, холос.  Шу ўринда ҳақли савол туғилади: “Мақомларни билиш, уларни тинглаш зарурати нима учун керак?”. Аввало, бу саволга жавобни Юртбошимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асаридан изласак  тўғри бўлади. “...агар инсоннинг қулоғи енгил-елпи, тумтароқ оҳангларга ўрганиб қолса, бора-бора унинг бадиий диди, мусиқа маданияти пасайиб кетиши, унинг маънавий оламини сохта тушунчалар эгаллаб олиши ҳам ҳеч гап эмас. Охир-оқибатда бундай одам “Шашмақом” сингари миллий меросимизнинг ноёб дурдоналарини ҳам, Моцарт, Бетховен, Бах ва Чайковский каби дунё тан олган буюк композиторларнинг асарларини ҳам қабул қилиши қийин бўлади”.
Албатта, ҳозирги глобаллашув жараёнида, хоҳлаймизми, йўқми, маданиятлар яқинлашуви, бири-бирига ўзаро таъсири рўй бераётир. Шунга қарамай, биз ўзлигимизни ўзга маданиятлар таъсирига бериб қўйишга ҳаққимиз йўқ. Чунки ёт ғоялар сингдирилган бегона турмуш тарзи замирида биз учун хавфли унсурлар ҳам бўлиши мумкин.
Зотан, миллий мусиқамиз ва унинг жавҳари — мақомлар миллий мафкурамиз шаклланишида етакчи омиллардан биридир. Таниқли  олимларимиздан бири: “Чўли Ироқни” тинглаганда кўзини юмиб, сел бўлиб тебранмайдиган ўзбекни ўзбек дейиш мумкинми?” деганида, минг бора ҳақ эди. Эҳтимол, замонавий мусиқа ўйноқи оҳанглари билан тингловчини ўзига ром этар. Бироқ ўз халқининг миллий қадриятлари сирасига кирувчи мумтоз куйларни унутиш, ундан завқ олмаслик мумкинми?! Не бахтки, мустақиллик шарофати билан ўзбек оҳанглари жаҳон саҳналарида янграяпти, турли миллатга мансуб инсонларни, дини ва тилидан қатъи назар, ўзига ром этаётир.
Устозларимиз ўз ижодларида “Шашмақом”га, умуман, мақомотга кенг маънода мурожаат қилганлар. Шу боис ҳам улар яратган мумтоз куйлардан мақомот нафаси уфуриб туради. Устоз санъаткорлар мақом билимдонлари ва унинг моҳир ижрочиси бўлганлар. Чунончи, машҳур бастакор ва ҳофиз Ҳожи Абдулазиз Комиловнинг ижод намуналарини беистисно мақомлар таркибига қўшиш мумкин. Зеро, устоз ўз асарларида мақом намуналаридан шунчалик моҳирона фойдаланганки, уларни мақомдан айро ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Юнус Ражабий, Тўхтасин Жалилов, Жўрахон Султонов, Комилжон Жабборов, ўанижон Тошматов, Мухторжон Муртазоев, Орифхон Ҳотамов, Фаттоҳхон Мамадалиев сингари атоқли санъаткорлар бу анъанани давом эттириб, умрбоқий асарлар яратдилар.
Ўша даврда устозларга эргашиб мақом йўналишида асарлар яратган ёш бастакорлар ҳам майдонга чиққан эди. Бироқ у вақтдаги сиёсий муҳит фақат Европа академик йўналишини миллий мусиқамизга уйғунлаштирган ижодкорларнигина қўллаб-қувватлади. Мустақиллик туфайли мақом йўлига қўйилган сунъий тўсиқлар олиб ташланди. Шунга қарамай, миллий оҳанглар йўналишида ижод қилаётган айрим бастакорларнинг кўп йиллар мобайнида Европа академик йўналишида фаолият юритишгани боис соф миллий оҳангларга қайтишлари қийин бўлаяпти. “Шашмақом”нинг замонавий ижро талқинига келсак, бу борада, албатта, устозлар тажрибасига қайта-қайта мурожаат қилиш, ўрганиш, соф миллий оҳанглардан чекланмаган ҳолда мукаммал ижро намуналарини ёшлар талқинида амалга ошириш бугуннинг долзарб вазифаларидандир. Бинобарин, ҳозирги шиддаткор замон, мамлакатимизда амалга оширилаётган буюк ислоҳотлар биз, санъаткорлардан ҳам даврга ҳамнафасликни, ғайратни талаб қилади.

Маҳмуджон ТОЖИБОЕВ,
Ўзбекистон давлат консерваторияси Анъанавий ижрочилик кафедраси профессори,
Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи.

Рубоийлар
Кўнгли тилаган муродига етса киши,
Ё барча муродларни тарк этса киши,
Бу икки иш муяссар бўлмаса оламда,
Бошини олиб бир сориға кетса киши.
* * *
Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз
Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз.
Чун гардиши чарх будурур, тенгри учун
Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур.

«...Тили поку сўзи поку ўзи пок»
Кўнгил, қалб, дил, ибрат назари, тақдир каби тушунчалар ҳазрат Алишер Навоий талқинида ўзининг тўлиқ ва мукаммал ифодасини топган. Улуғ шоир кўнгил васфида бани башарнинг, жумлаи оламнинг кўнглини  назарда тутади.
Халқимизда “кўнгилдагидек бўлди” деган ибора бор. Чунончи, бирор-бир ишимиз кўнгилдаги хоҳиш-истагимизга мос тарзда амалга ошса, шукрона айтамиз, миннатдор бўламиз. Бу ҳолатга эришмоқ йўлига ишора этиб, Навоий “Лайли ва Мажнун” достонининг
37-бобида шундай панду насиҳатларни баён қилади:
Ҳар фисқ хаёли қилса хотир,
Тенгрини бошингда англа ҳозир.
То борча ишинг дегандек ўлғай,
Кўнглинг нечук истагандек ўлғай.

Яъни, ҳар қандай ёмонликлар хотирангга келса, Тангрини эсла, ёдингда тут, шунда барча ишларинг рисоладагидек — кўнгилдагидек бўлади. Навоийнинг бу ўгитига ўз даврида замондошлари қанчалик эҳтиёж сезган бўлсалар, биз ҳам, қолаверса, келажак авлодлар ҳам  бирдек эҳтиёж сезамиз. Чунки ўзининг, ўзгаларнинг кўнглини топиш, кўнгилдагидек ишлаш ва яшаш ҳар бир инсондан иймон-эътиқодли бўлишни, эзгу ишларга камарбасталикни талаб қилади.
Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонининг “Кўнгул таърифидаким” номли бобида кўнгил ҳақидаги фалсафий, ҳаётий, диний, дунёвий, ақлий, нақлий фикрларни маснавий шаклида баён этади. Аслида ушбу достоннинг барча боблари муайян маънода инсон кўнглига қаратилганки, уларни ўқиб кўнглимизга файзу илҳом, нур ва ғайрат, куч-қувват инади. Қувонарли жиҳати шундаки, улуғ шоир ҳар бир бобда инсон қалбига йўл излайди, “ўз ва ўзганинг кўнглини асра, авайла”, дея кўнгилга фараҳбахш лаҳзалар бағишлайдиган лирик лавҳаларни туҳфа қилади. Кўнгил кўзини ножоиз хаёллардан, хатарлардан сақлашга ўргатади.
Кўнгил образига нисбатан шоир “сирлар бўстони”, “жаннат иси”, “илоҳий жилва чироғининг нури”, “энг катта олам”, “энг баланд осмон” каби ташбеҳлар қўллайди. Бу ташбеҳлар орасида, айниқса, “кўнгил — энг баланд осмон” ташбеҳи  қадимдан мавжуд ва мақбул “Кўнгил қаноти — осмондан катта” халқ мақолига жуда уйғун ва ҳамоҳангдир.
Кўнгилни Навоий Каъбанинг қадри-қиммати даражасидан юқори қўяди, зеро, Каъба саждагоҳ бўлса, кўнгил Оллоҳнинг жилваси зуҳурланадиган маскан эканлигини қуйидагича изоҳлайди:
Айни назоҳатда бу аъзами жаҳон,
Борча жаҳон аҳли кўзидин ниҳон.
Каъбаки, оламнинг ўлуб қибласи,
Қадри йўқ, андоқки, кўнгил каъбаси.
Ким бу халойиққа эрур саждагоҳ,
Ул бири Холиққа эрур жилвагоҳ.

Баъзи ўринларда Навоий бир кўнгилни ранжитмоқ Каъбани вайрон қилмоқ билан баробардир, деган фикрни олға суради. Ўзи яратган образлари тасвирида кўнгил билан боғлиқ фазилатларни алоҳида изоҳларкан, Фарҳод образи тасвирида буни теран ифодалайди:
Демонким, кўнгли поку ҳам кўзи пок,
Тили поку сўзи поку ўзи пок.
Мунингтек тийнати покига лойиқ,
Дуосин айтибон поки халойиқ.

“Насойим ул-муҳаббат” асаридаги Шайх Мўмин Шерозий ҳикоятида кўнгил билан боғлиқ бетакрор ҳайратга гувоҳ бўламиз. Шайх “бошяланг, оёқяланг ва зоду ҳамроҳсиз қилган эллик ҳаж” савобини бир она кўнгли шодлигига бағишлайди. Бунда буюк ибрат намунаси мужассамдир. Биз ҳам бу ҳолат ҳайрат ва моҳиятидан маънавий таъсир олиб, ота-онамизнинг, яқинларимизнинг, дўсту биродарларимизнинг кўнглини шод этишга ҳар сония ўзимизда журъат, вақт тополсак, не ажаб! Навоийнинг Искандари вақтида она кўнглини шод этмагани боис ўзини “озурдае” деб атайди, ўлими олдидан онасига ёзган васиятномасида “Ризонг ўлмаса кўнглума ғамзудой” дея армон қилади.
Улуғ шоирнинг кўнгил борасидаги таъриф-тавсифлари кўнглимиз кўзини очса, демак, турмушимизга янада қут-барака, ободлик, фаровонлик, нур инади. Бир-биримизни қулоқ билан эмас, кўнгил билан эшитсак, қайсидир даражада нуқсонларимиздан халос бўламиз, соф кўнгилли инсонлар қаторидан жой оламиз, ҳаётимиз кўнгилдагидек кечади. Дарҳақиқат, ҳазрат Алишер Навоий асарлари мутолааси кўнгилни ўстиради, поклайди ва чароғон қилади.

Буробия РАЖАБОВА,
ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди.


Жаҳон халқлари мақоллари

* Йўқни қувиб, бордан ажралма.
 

* Минг ширин маслаҳатдан битта ўрнак иш яхши.

* Бошқаларга таъна қилгандек ўзингга таъна қил,
  ўзингни кечирганинг каби бошқаларни кечир.
 

* Яхши китобдан ортиқ ҳақиқий дўст йўқ.

Ибратли умр саодати
...Куни кеча пойтахтимиздаги нуфузли идоралардан бирида бўлганимизда каттаю кичикдан эшитган илк каломимиз “Ассалому алайкум” бўлди. Биз ҳатто атайлабдан ошиғичроқ тарзда, ҳовлида, йўлакларда, хоналарда кўринган ходимларга биринчи бўлиб қарз саломимизни айтиб улгурган чоғимизда ҳам эшитганимиз яна “Ассалому алайкум” бўлаверди.
Одатда, ёшлар катталарга, ходимлар раҳбарларга, илтимос ила келганлар эса шу ўтинчнинг тақдирини ҳал қиладиган валломатларга биринчи бўлиб салом бергувчи эди. Бу муассасада баайни ҳамма тенг, ҳамма биринчи...
Ажабки, салом-аликнинг амалдаги тартиб-қоидаларига, эҳтимолки, унчалик мувофиқ келавермайдиган бу ҳолат  кишига хуш ёқди, кайфиятимизни кўтарди, олам бирдан чароғонлашиб, кенгайиб қолгандек туюлди.  Илло, Инсон кўнглини олмоқ учун тоғларни қўпориш, дарёларни тескари оқизиш шарт эмас, бир оғиз ширин сўзнинг ўзи кифоя. Устига-устак, томчида қуёш акс этганидай, мазкур идорада ёзилмаган қонун асосида ўрнатилган мўъжазгина тартиб одамларни бир-бирига яқинлаштирувчи, улар ўртасида самимият, ишонч ва меҳр уйғотувчи восита сифатида хизмат қилса не тонг.
Энди миқёсни кенгайтиришга чоғланиб кўрайлик. Эрталабдан ишга ёки ўқишга отланаётган юртдошингизга айтилган бир оғизгина “Ассалому алайкум” каломи, бир жумла ширин лутф эҳтимол ўша одамнинг кун бўйи кайфияти кўтарилиб юришига сабаб бўлар. Бирники ўнга, ўнники туманга, дегандай, бундай кайфият, лаблардаги самимий табассум минг-минглаб одамларда пайдо бўлса не ажаб? Ахир яхши кайфиятда тайёрланган таом ширин бўлгани сингари, кўтаринки кайфиятда адо этилган юмуш ҳам сифатли, ҳам баракали бўлади. Ҳазрат Навоийнинг боқий ва пурҳикмат ўгитига қулоқ тутайлик:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай...

Албатта, кўнгилни шод айламак мақомига кун бўйи тишнинг оқини кўрсатиб юриш билангина эришилмайди. Ҳаётга некбинлик билан қараш деганда фақат ташқи кўриниш, намойишкорона қувноқлик назарда тутилмас. Бунинг жиддий сабаб-омиллари бўлиши тайин. Дейлик, бугунги куннинг ажойиблигига, эртанги куннинг эса янада беҳроқ бўлишига, фарзандлар  биздан кўра янада яхшироқ умр кечиришларига нисбатан бўлган собит ишонч. Ёки жамоат транспортида ҳам, кўча-кўйда ҳам, ишхонангизда ҳам сизни ҳеч ким хафа этмаслигига, аксинча, фақат ва фақат хуш кайфиятли, некбин одамларга дуч келишингизга бўлган эътиқод...
Шубҳасиз, булар ўта жўн ва оддий воқеликдай туюлади дастлаб кишига. Чиндан ҳам шундай. Аммо, келинг, уларга амал қилишни ўзимиздан бошлашга уриниб кўрайлик. Бундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг ижобий ҳосиласи эса жуда тез орада, аввало, ўзингизда, сўнг бошқаларда намоён бўлиши аниқ.
Қизиқ бир далолат. Тиббий йўналишдаги “Archives of Internal Medicine” журналида чоп этилган “Оптимизм ҳаётни узайтиради” сарлавҳали мақола диққатимизни тортди. Унда Нидерландиядаги руҳий соғломлик институтида олим Эрик Гилтей раҳбарлигида олиб борилган тадқиқотлар натижалари баён қилинган.
Ўн беш йил давом этган илмий изланишлар якунида мутахассислар шундай хулосага келишибди: оптимист, яъни некбин, бу дунёда яхшилар кўплигига, ҳаётда эзгулик устуворлигига ишонган одамлар кундалик турмушдан фақат қора ранг қидирадиган пессимист, эртанги кунига, келажагига ишонмай қарайдиган кишиларга нисбатан узоқ умр кечиришаркан. Яна бир ғалати ҳолат текширишлар чоғи ўз исботини топибди: ҳаётга қувонч кўзи билан, яйраб қарайдиган, мамнун  яшайдиганлар ғамгин, серғусса, кўпчиликдан, мисол учун, бола-чақаларидан, турмуш ўртоқларидан, рўзғордан, қўни-қўшниларидан нолиб яшайдиган асабий тенгдошларига нисбатан ҳавас қиларли даражада соғлиққа эга бўлишган.
Илмий жиҳатдан исботланган бу далиллар бир қарашда жуда оддий ҳақиқатлардай туюлади. Ахир “Кенгга кенг дунё”, деб бежиз айтишмаган-ку. Аммо ҳаётнинг ажабтовур томони шундаки, айнан ўта жўн ва оддий кўринган ҳақиқатларга амал қилиш қийинроқ кечади.  
Ваҳолонки, инсонга бир бора бериладиган умр бебаҳо эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Кези келганда Қоруннинг ботмон-ботмон ғазнасига  бир сониялик тирикликни қўшиб ололмаслигимиз ҳам ўз-ўзидан аён, албатта. Шундай экан, ҳаётимизни некбинлик етовида ўтказмоғимиз жоиз эмасми?  
Яна Ҳазрат Навоийга қайтамиз:
Кони-ю ҳайвони агар ҳуд набот,
Ҳар бири бир гавҳари олийсифот.
Борчасини гарчи латиф айладинг,
Борчадин инсонни шариф айладинг,

Коинот сарвари, табиат гултожи, олам безаги бўлмиш “шариф Инсон”га ато этилган бемисл неъматлардан бири унинг ўзгаларга шодлик, хуш кайфият, демакки, қўшимча умр улаша олишидир. Шу тарзда умр кечирмоқ саодати ҳар биримизга насиб этсин. Зеро, бундай Инсоннинг кўнгли шод, обод ва озод бўлади...

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ.

Донолар бисотидан

Яхшилик  уйининг калити — камтарликдир, ёмонлик уйининг калити — такаббурликдир.

Юсуф ар-Розий.

Ўзгалар айбина тетик назар сол,
Ўз айбинг кўргандек ундан ибрат ол.

Низомий Ганжавий.

Киши учун энг фойдали, дилни ёритувчи нарса қаноатдир. Энг зарарли ва нафратли нарса ҳирс ва ғазабдир.

Абу Али ибн Сино.

Мардлик кучда ва шамшир ўйнатиш санъатида эмас, мардлик ўзини тута билишда ва адолатли бўлишдадир.

Саъдий Шерозий.

Бу оламда яхшилар билан дўстлашишни ҳамма ҳам хуш кўради. Агар зўр бўлсанг, ёмонларни ҳам дўстга айлантира бил.

Баҳоуддин Нақшбанд.

Мол-дунёни қанча термагин, у тугайди, озаяди. Ёзилса-чи, сўз абадий қолади, оламни кезади.

Юсуф Хос Ҳожиб.

Фанларнинг фойдаси улар ёрдамида олтин ва кумуш-
ларни қўлга киритиш эмас, балки улар туфайли зарур нарсаларга эришишдир.

Абу Райҳон Беруний.

Тилинг бирла кўнглингни бир тут.

Алишер Навоий.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года