A+ R A-

Кўнгил ҳиёбони

БОЛАЛИК СОҒИНЧИ

Саратоннинг иссиғи жизиллайди. Тол тагидаги кучук ичини уриб нафас олди. Унга сўналар бири қўйиб, бири ёпишди. Охири чидолмади, шинғиллаб, бошини силкиди. Оёғи билан тумшуғини, чаккасини қашлади. Шунда оёғи ерга тап-тап этиб тегди. Дарахтнинг соясидаги супада мудраб ётган Маматқулбой секин кўзини очди, ҳеч ким кўринмади, биргина кучук ғингшиди. Унинг овози тинмади, охири эринибгина турди-да, итни ипдан бўшатиб юборди. Арқондан бўшалиб ҳам нари кетмади, бошини сарак-сарак қилиб, супа пойига ётиб олди. Маматқулбой яна чўзилди.

Хаёл ўтмай қоронғи томдан хотини чиқиб келди, бўсағада ўтирди, қўлидаги бир энлик газета билан шамол елпиди. Ҳаво дим, юраги сиқилиб кетди. Тура солиб, бир челак сувни ҳовли айлантириб сепди. Шунда ҳаво сал салқин тортди, шамол айлангандай бўлди. Атрофга сувга чанқоқ ернинг бўйи шундай анқиди, Маматқулбой ўрнидан қандай туриб кетганини билмай қолди. Ўтириб, дўпписини кийди, сўнг тупроқ ҳидидан тўйиб-тўйиб нафас олди.
Қумри чеча анчадан бери эрини қистовга олади. Шаҳардаги ёлғиз ўғли бу ёққа кўчиб келингизлар, ҳамма шароит бор, деб қўймаётганини айтади. Сўнг “Биз ҳам одамга ўхшаб яшайлик”, деб хархаша қилади. Маматқулбой унамайди, қишлоғидан кетгиси келмайди. Хотинига эса гап уқтиролмайди. У шуни ўйлаб, кўнгли сал хира бўлди. Супадан қўзғалиб юз-қўлини ювди ва чалғини кўтариб, далага чиқиб кетди.
Беданинг гуллаганига анча бўлди. Ўсиб кетганидан буралиб, йиқилиб қолган. Маматқулбой ҳафсала билан чалғи солди. Йўнғичқа тартиб билан ўрилди ва унинг маст қилувчи ҳиди олис-олисларга таралди. У бир майдон ўрди. Қўлини белига тираб, бинафша тусда товланаётган бедапояга боқди. Мисоли денгиз. Қалдирғочлар унинг устидан чарх уриб учди, қанотлари билан оқиш, қизғиш гулларни сийпаб ўтди. Беданалар у ёқдан-бу ёққа сакради, кетма-кет сайради. Ҳавода қотиб қолган муллатўрғай чулдиради, сўнг ўқдай учиб пастга энди. Бу манзара тонгдан шомгача, йўқ, жуда кўп йиллардан бери давом этади. Болаликнинг илк хотиралари билан чоғишиб кетган бу манзаралар. Шунинг учун бўлса керак, Маматқулбой болалигини эслади, унинг сирли оламига саёҳат қилди. У хотираларига сингиб кетди. Пойидаги она заминни қучгиси, боши устидаги мусаффо осмонга учгиси келиб кетди. Айни дамда юраги тўлиқиб, ўзини бир бошқача сезди.
Кетмон кўтарган одамлар: “Ҳорманг, Маматқулбой, хирмонга барака”, деб товуш берди. У бошини ирғади, жилмайди ва “умрингизга барака”, деб қўйди. Шу кўйи ярим тунгача беда ўрди. Осмонда тўлин ой сутдай ёғду сочди. Маматқулбойнинг эса ғайрати ошди. Қадамини кенг ташлаб, қўлини йириб-йириб чалғи солди ва беихтиёр ўйга толди: “Мана ҳузур-ҳаловат, мана бахт! Бундай тафт, бундай меҳру муҳаббат ҳеч жойда йўқ”, дея иқрор бўлди у.
Бир маҳал бедапоя оралаб биров келаверди. Маматқулбой сезди, бу —  аёли. Овқат олиб келаяпти. “ўайрат қилинг”, деди у паст овозда. Тўраси эшитмади, терга пишиб ишлайверди. “Егулик опкелувдим”, боз айтди чеча ва дастурхон тузай бошлади.
Маматқулбой ёнбошлаб олиб шўрва ичди, дам-бадам пешонасидаги терни артди. Кўкдаги тўлин ой, бодраб ётган ҳадсиз-ҳисобсиз юлдузларга термилди. Қумри чеча эса унинг ял-ял ёнаётган юзига, чақноқ кўзларига тикилди. Шу дамда кўнглида нимадир уйғонди. У ҳам узоқ йилларни ёдга олди. Сўнг ўзи ҳам осмонга боқди, самодаги тенгсиз гўзалликка маҳлиё бўлди. Кўнгли ҳаприқди, ичида бир нидо пайдо бўлди: “Мен ҳеч ерга кетмайман, ўла-ўлгунча шу далалар қўйнида қоламан”.
Улар алламаҳалгача юлдузларга термилиб ўтирди...

Д. СОДИҚОВ.

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года