A+ R A-

Кўнгил ҳиёбони

ЭЗГУЛИКНИНГ УМРИ

Кўнгил инсоннинг ўзлиги, ботиний олами.
Бобур ҳазратлари ибораси билан айтганда, кўнгилдан “ўзга маҳрами асрор” йўқ. Киши суюнганида ҳам, куюнганида ҳам ўз кўнглига суянади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларидан бири бевосита кўнгилга мурожаатдан бошланади:

Ким кўрибдур, эй кўнгил,
аҳли жаҳондин яхшилиғ...
Қисмати, бошидан кечирган айрилиғу соғинчларини лирик қаҳрамон  кўнгил ёриб айтар экан, олам аҳлидан яхшилик умид қилмаган маъқул, дея нолийди, замонга қўл силкиса, айбга буюрмасликни ўтинади. Сабаби давру даврондан, ишонганларим ва дил берганларимдан кўрган ёмонликлар боис, ўзгалардан яхшилик тама қилмаса ҳам бўлади, дея ўкинади. Бобур янглиғ жаҳон аҳлидан рўшнолик истаб юрма, дея таъкидлайди шоир ғазалнинг охирги байтида.
Лекин шошилманг. Бу ғазалнинг охирги байти бўлгани билан ҳали сўнгги сўз эмас. Хулоса олдинги шоҳбайтда айтилган:
Бори элга яхшилик қилғилки, мундин яхши йўқ,
Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Бир қарашда, бошқа барча байтлардаги оҳанг, мазмун бу сатрдаги қарашларга зиддек, шоир ўзига-ўзи қарши чиқаётгандай туюлади. Аммо гап бошқа ёқда. “Жони қийналган тангридан, жаҳли чиққан яқинидан нолийди”, деб бекор айтилмаган. Лекин бу нолиш муваққат:  одам ўзгадан кўрган ёмонликни унутишга мойил,  бировдан кўрган яхшилигини эслаб юради. Зеро, табиатан инсон ботини тоза.
ўазалда лирик қаҳрамон, моҳиятан, Бобурнинг юракдан чиқариб айтган иқрор-истиғфори эзгу: қўлдан келгунча эл-улусга, барча-барчага яхшилик қил, чунки шу инсоний фазилат орқали фалондан эзгу ишлар қолди, дея эсланасан, боқийлик бахтига мушарраф бўласан!
Улуғ бобокалонларимиз қолдирган бой мерос, улар амалга оширган хайрли ишлар халқимиз томонидан мудом қадрланиб келинаётир. Улар эзгуликнинг, яхшиликнинг тимсолидир. Демак, қилинган ҳар қандай яхшилик изсиз кетмайди. Зеро, эзгуликнинг умри боқийдир.

Отабек ИСМОИЛОВ,
Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года