A+ R A-

Жаҳон 24 соат ичида

Фавқулодда ҳолат

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли АҚШнинг жанубий ва жануби-шарқий ҳудудидаги бир қатор штатларда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Жумладан, Жоржия, Алабама, Миссисипи, Луизиана, Шимолий ҳамда Жанубий Каролинада кучли қор ва муз ёмғири ёғиб, қаттиқ совуқ ҳукм сурмоқда. Трассаларда ҳаракатланиш қийинлашгани боис узундан-узун тирбандликлар юзага келган. Фақатгина Жоржия штатининг ўзида мингга яқин автоҳалокат рўй берди. Бир киши ҳаётдан кўз юмган, юздан зиёд одам жароҳатланган. Янги Орлеан шаҳрида давлат муассасалари ва мактаблар вақтинча ёпилди. Майями шаҳри аэропортида эса ўнлаб авиақатновлар бекор қилинди.
Синоптиклар тарқатган маълумотларга кўра, умуман, шу кунларда АҚШнинг 34 та штатида қаҳратон совуқ кузатилмоқда.

Фойда кўрди, аммо...
Мебель ва уй жиҳозлари савдоси билан шуғулланувчи дунёга машҳур “IKEA” компанияси ҳар бир молиявий йилда даромад олишга эришмоқда.
Аммо кейинги вақтларда унинг бу борадаги кўрсаткичлари бир оз пасайган, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида. Масалан,
2010 — 2011 йилларда компания кўрган соф фойданинг ўсиш суръати 10,3 фоизни ташкил қилган эди. 2013 йилнинг август ойида якунига етган навбатдаги молиявий йилда эса ушбу натижа 3,1 фоиз бўлди. Бу 3,3 миллиард евро деганидир.
“IKEA” қўлга киритган умумий даромаднинг 70 фоизи Европа бозорлари ҳиссасига тўғри келди.

Вазият ўнгланмаяпти
2013 йилнинг декабрь ойида Францияда ишсизлик даражаси мамлакат тарихидаги рекорд кўрсаткичга етган.
Яъни йил якунига келиб, меҳнат биржаларида рўйхатдан ўтганлар сони 4,9 миллион кишини ташкил қилган. Бу 2012 йилнинг шу давридаги ҳолат билан таққосланганда, 5,7 фоиз кўпдир. Ачинарлиси, ишсизларнинг 3,3 миллион нафари давлат томонидан ажратиладиган ижтимоий ёрдамдан бошқа бирор жойдан маблағ ишлаб топиш имкониятига эга эмас.

Янги чеклов
Хитойда мактабгача таълим муассасалари, бошланғич ва ўрта мактаблар ҳамда касбга ўргатувчи ўқув масканлари ҳудудида тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилиш тақиқланди.
“Синьхуа” ахборот агентлиги хабарида келтирилишича, эндиликда ана шу таълим даргоҳларида чекиш чекланганини акс эттирувчи махсус белгилар ўрнатилади. Янги қоидага мувофиқ, шунингдек, таълим муассасалари тамаки ишлаб чиқарувчи корхоналардан ҳомийлик ёрдами олиши ва уларнинг рекламаларини ўқув муассасалари ҳудудида жойлаштириши мумкин эмас. Мазкур тартиб олий таълим масканларига ҳам тегишли бўлиб, фақат уларда чекиш учун очиқ ҳавода махсус жойлар ташкил этишга рухсат берилади.

Йилни муваффақиятли якунлади
“Ford Motor” (АҚШ) автомобилсозлик компанияси ўтган йилни катта даромад билан якунлади.
Хусусан, поёнига етган йилнинг биргина тўртинчи чорагида у кўрган соф фойда 2012 йилнинг шу давридагига нисбатан икки баробар ортиб, 3,04 миллиард долларни ташкил этган. Компаниянинг йиллик даромади эса 26 фоиз ўсиб, 7,16 миллиард долларга етган. Бу ҳам бир йил аввалги кўрсаткичдан анча юқоридир.
“Ford Motor” бундай ижобий натижаларга “F” сериядаги автомобилларни Шимолий Америка ва Осиёда катта миқдорда сотиш орқали эришган.

Шамол ва ёнғин
Норвегиянинг ғарбидаги Сернес яриморолида рўй берган кучли шамол электр тармоқларини ишдан чиқарди ва натижада ёнғин келиб чиқди.
Мамлакат телеграф бюроси тарқатган хабарга қараганда, мазкур ҳодиса оқибатида 140 дан ортиқ тураржой биноси ёниб, кулга айланган. Қурбонлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года