A+ R A-

Жаҳон 24 соат ичида

Эътиборли натижалар

Ўтган йилнинг барча чоракларида Буюк Британия иқтисодиётида ўсиш суръатлари кузатилди. Жумладан, йилнинг охирги уч ойида мамлакатда ялпи ички маҳсулот ҳажми 0,7 фоиз ошди.

Бундай ижобий ҳолат сўнгги олти йилдан буён биринчи марта қайд этилди. Ушбу муваффақият ҳудудда глобал молиявий-иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар самараси экани таъкидланмоқда.
Сал аввалроқ бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари ҳам худди шундай фикр билдиришган эди. Масалан, Халқаро меҳнат ташкилоти ўтган йилнинг сентябрь — ноябрь ойларида Буюк Британияда ишсизлик даражаси 2009 йилнинг мартидан бери энг паст кўрсаткич — 7,1 фоизга тушганини маълум қилганди.

Иш ўринлари қисқартирилади
Европанинг “Airbus Group” самолётсозлик концерни 5800 нафар ходими билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилмоқчи.
Бу ҳақда “Евроньюс” телеканали хабар тарқатди. Режага кўра, мазкур қисқартириш келгуси уч йил давомида босқичма-босқич амалга оширилади. Хусусан, дастлаб унинг Франциядаги бўлимида 1400, Германиядаги тармоғида эса 2400 та иш ўрни камайтирилади.
Ушбу қисқартиришнинг сабабларига ҳозирча ойдинлик киритилмади.

Смартфонларнинг бозори чаққон
“IDC” тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, якунланган йилда дунё бўйича бир миллиард донадан кўп смартфон сотилган.
Бу аввалги йилдагига нисбатан 38,4 фоиз кўпдир. Эришилган натижалар бўйича Жанубий Кореянинг “Samsung” компанияси рақобатчиларидан анча ўзиб кетган. Гап шундаки, истеъмолчилар томонидан харид қилинган мобиль қурилмаларнинг 31,5 фоизи айнан шу корхона маҳсулотлари ҳисобланади. Ундан кейинги ўринларни “Apple” (АҚШ), “Huawei” (Хитой) ва “LG” (Жанубий Корея) компаниялари эгаллади.
Смартфонлар савдоси юришишига уларнинг экранлари янада катталаштирилгани ҳамда нархларининг арзонлаштирилгани асосий сабаб бўлган. Айтайлик, Ҳиндистон ва Хитой бозорида қиймати 150 АҚШ долларига тенг шундай мобиль аппаратлардан жуда катта миқдорда сотиб олинган.

Сурункали ёмғир оқибати
Индонезиянинг Шарқий Ява музофотида муттасил ёққан ёмғир кўчкиларни келтириб чиқарди.
Табиий офат туфайли ҳудуд инфратузилмасига жиддий зарар етган. Жумладан, кўплаб тураржой бинолари вайрон бўлган. Беш киши ҳаётдан кўз юмган. Уйлар остида яна ўнлаб одамларнинг қолиб кетгани айтилмоқда.
Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилаяпти.

Бир тонналик танга
Германиянинг Мюнхен шаҳрида дунёдаги энг катта олтин танга намойиш қилинмоқда.
У соф олтиндан ясалган бўлиб, оғирлиги нақд бир тонна. Қиймати эса бир миллион Австралия долларига тенг. Ушбу ўзига хос ноёб экспонат Мюнхенда шу йилнинг 30 январь кунига қадар намойиш этилади. Кейин уни Германиянинг яна бир нечта йирик шаҳарларида кўргазмага қўйиш кўзда тутилган.

Қариялар уйидаги кўнгилсизлик
Канаданинг Л’Иль-Верт шаҳри (Квебек музофоти)даги қариялар уйида содир бўлган ёнғин оқибатида 14 киши ҳаётдан кўз юмди.
Шунингдек, ўн саккиз киши бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига таяниб, “CTV News” телеканали хабар тарқатди. Айни пайтда ҳудудда кучли совуқ ҳукм суриб, шамол эсаётгани боис қидириш ишлари анча қийин кечаяпти.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года